Кеча Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш – давр талаби”, “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” ва “Имом Бухорий мероси – ёт ғояларга қарши” мавзуларида илмий суҳбат ташкил қилинди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг бош мутахассиси Х.Незаматов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Ж.Жумаев, Б.Махмудов, С.Абдувоитов Билим юрти ўқитувчилари ҳамда талабалари қатнашди.
Тадбирни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов очиб берди ва бошқариб борди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугун юртимизда муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган адолатли сиёсат натижасида барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар ва ривожланишлар юз бераётгани, хусусан, муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Халқаро ислом академияси ва бошқа бир қатор илмий тадқиқот марказлари ташкил қилингани эътироф этилди.
Шунигдек, аждодларимиз қолдирган қўл ёзма асарлар, илмий адабиётлар ва бошқа кўплаб бебаҳо меросларимиз ўрганилиб, таржима қилиниб қайта нашр қилинаётгани таъкидланди.
Бу хусусда Президентимиз Ш. Мирзиёев ҳам «...тарихимиз, маданиятимиз, динимизга алоқадор бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялашдан иборат» дея таъкидлаган эди.
Ўз навбатида, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари билим юрти талабаларини китоблар ва қўл ёзма асарлар билан танишишга марказга таклиф қилди.





Билим юрти маънавий ва
Маърифий ишлар бўлим бошлиғи А.Ережепов
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати