Мазҳаб масаласи кейинги йилларда кишилар оғзидан тушмасдан, кўпчилик толиби илмлар,аҳли илм, аҳли ибодат ўртасида айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Бизлар мазҳаб масаласи ҳақида аждодларимиздан давомли равишда асрлар давомида ўрганиб, одатланиб келган йўлимиз нақадар Қуръону ҳадисга мувофиқ эканини билганимиз учун гапирамиз. Кишиларнинг мазҳабга беэътиборлиги уларнинг мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмаганликларидандир, яъни жаҳолатдандир. Дини Ислом Аллоҳнинг комил ва сўнгги динидир. У бизга, бутун Инсониятга то Қиёмат ўзгармай амал қилиш учун юборилган диндир. У маълум бир минтақадаги бир миллат ёхуд бир қавмга бир муддат амал қилиш учун юборилган дин эмас. Динимизнинг буюклиги, унинг бошқа динлардан фарқи ҳам мана шундадир.
Демак, ана шундай улуғ ва бутун Оламни қамраб оладиган Аллоҳнинг сўнгги ва баркамол дини — дини Исломни қабул қилган кишиларнинг қавмлари ҳам, тиллари ҳам, замонлари ҳам, маконлари ҳам хилма-хиллигидан келиб чиқиб, бу ерларга динни етказиб келган кишиларнинг таълимотларига асосан диний амалларини адо этарканлар, ана шу амалларда бир минтақадаги мусулмонларнинг амаллари айрим масалаларда бошқа минтақадаги мусулмонларнинг амалларидан фарқли бўлиб қолиши мумкин. Ва бу нарса динимизнинг кенглиги, Аллоҳ таолонинг сиз ва бизга берган катта неъматларидан биридир. Чунки дини Ислом Оламга ёйилиши билан, бутун оламдаги кишиларнинг амал қилиши учун ҳар томонлама мос, енгил, осон равишда бўлишини Аллоҳнинг ўзи таъминлаган ва бунга"сабаб қилиб жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сизу бизга динни етказиб келган уламоларимизнинг дунёнинг ҳар тарафида пайдо бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган эканки, бу ҳар биримиз учун яхшиликдур.
— Мазҳаблар хилма-хиллиги ҳақида, улар ўртасидаги баъзи ихтилофлар ҳақида хар хил фикрлар билдирадиган кишилар бор. Баъзилар: "Қуръон битта бўлса, динимиз бир, шариатимиз бир бўлса, нега 4 та мазҳаб бўлиши керак?" деб ай-тадилар. Умуман, мазҳаб бўлиши шартми, кишининг муайян мазҳабда бўлиши шартми, деб сўрайдилар.
Бу саволларга биз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадислари билан жавоб берамиз. Жаноби Расулуллоҳ айтадилар: "Ҳар бир ибодатингизда аввало Аллоҳнинг китоби — Каломуллоҳга мурожаат қиласизлар, Унда нима дейилган бўлса — шунга амал қиласизлар, агар Қуръонда бирон масаланинг жавобини тополмасангиз, у ҳолда Мендан қолган, Мендан ўтган суннатга мурожаат қиласизлар, менинг ҳадисларимга амал қиласизлар, агар ҳадисларимдан ҳам тополмасангиз, у ҳолатда саҳобаларимнинг айтган гапларига эргашасиз. Чунки саҳобаларим осмондаги йўлчи юлдузларга ўхшайдилар. Манзилатлари шу қадар буюкдир, уларнинг қайси бирига эргашсангиз, ҳидоят йўлига етаклаб кета ола-дилар. Саҳобаларим ўртасида хилма-хил
масалалар айтилиши ҳам Сизлар учун Аллоҳнинг марҳаматидир".
Мана шу ҳадисдан жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларидан кейинги саҳобалар орасида айрим масалаларда ихтилофлар бўлиши эҳтимолини баён қилдилар. Кайси саҳобага эргашсангиз адашмайсиз, бирини ҳақ, ик-кинчисини ноҳақ, дейишга ҳаққингиз йўқ, деб марҳамат қилдилар. Бу динимизнинг кенглигидан далолатдир.
Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни бир дақиқа бўлса ҳам иймон билан кўриб қолган киши саҳоба деб аталади. Пайғамбаримизнинг саҳобалари 124 минг нафар бўлган экан.
Саҳобаларнинг манзилатлари шу қадар буюкки, Аллоҳнинг дўсти бўлган мингта авлиё, бирсаҳобага мартабада тенг бўлолмас экан. Чунки, улар Расулуллоҳга замондош бўлиб, Саодат Асрида яшаган, дини Исломни бутун оламга тарқатишда Расулуллоҳга кўмакдош бўлган кишилардир.
Толибжон Шарипов
Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.
Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.
Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.
Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.
Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.
Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.
Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.
Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати