Миссионер сўзи лотин тилидаги “missio “ сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионерлар эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган “ world Book” (жаҳон китоби) энциклопедиясида “Миссионерлар бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон”, -деган фикр қайд этилган. Демак, миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади. Миссионерлик билан бир қаторда прозелетизм ҳам тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Ўлкамиз мустақил бўлган кундан бошлаб чет эллардан турли хил диний оқим вакилларининг юртимизга ёпирилиб келиши кузатила бошланди. Айниқса, динни ўзига ниқоб қилиб олган “Ваҳҳбийлик”, “Акромий”, “Ҳизбут таҳрир” каби оқимларнинг ва миссионерларнинг ҳамласида катта хавф яшириниб ётибди. Улар мамлакатимиз фуқароларини ўз тузоқларига илинтириб , онгини заҳарлашга ҳаракат этмоқдалар.
Миссионерларнинг бу ишлардан кўзлаган мақсадлари нима? Уларнинг режаси азалдан мусулмон бўлиб келган, яъни мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихи бир хил бўлган, аслида мамлакатимизнинг куч-қудратини ташкил қиладиган бирдамликни, халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли – туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймасликдир. Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун ёт унсургина бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам жиддий тўсиқдир.
Маълумки, христианликнинг айрим йўналишларида "Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт", – деб ҳисобланади. Ийсо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани ҳақида Марқдан ривоят қилинган "Инжил"да келтирилган қуйидаги сўзлар бундай қарашлар учун асос қилиб олинади:
"... 15. Ийсо шогирдларига деди: “Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар”.
Ҳатто Қуддус черковининг асосан хўжалик ишлари билан шуғулланадиган, энг қуйи – диакон (юнонча – Шакопоз-хизматчи) лавозимини эгаллаган ходимлари ҳам ўзларининг маъмурий ишларидан ажралиб, моҳир "хушхабарчи"ларга айландилар. Улардан энг машҳури “Даъватчиларнинг отаси” номини олган диакон Филиппдир. Айнан у Самария ўлкасида фаолият юритган, унинг пойтахти Себаста шаҳрида жуда кўплаб кишиларни христианликка киритиб, оммавий чўқинтирган.
Шундай бўлса-да, диакон Филипп ва унга ўхшаган кўпгина хушхабарчилар, Исо Масиҳ таълимоти яҳудийларгагина тааллуқли, деган ёндашувдан келиб чиқиб, асосан яҳудийлар орасида тарғибот ишларини олиб борганлар.
Бироқ кейинроқ илк христиан "даъватчилари" аста-секин Ўрта денгиз бўйлаб Аппенин ярим оролига ҳам кириб боришади. Рим империясида уларга салбий муносабат билдирилса-да, улар империянинг марказий ҳудудлари ва пойтахтига кўчиб келишда давом этаверишган.
IV асрга келиб "даъватчилар" хатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Христиан "даъватчилари" аста-секин Оврўпанинг шимолий ҳудудларига ҳам кириб бордилар ва христианлик Рим империясининг улкан ҳудуди бўйлаб эски динлар устидан ғалаба қозонди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юқоридаги каби қарашлар турли тушунчалар мазмунини атайлаб чалкаштириб, тарихий воқеликни бузиб талқин қилиш натижасидир. Чунки христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган "даъватчилар" (гарчанд уларга нисбатан ҳам "миссионер" сўзини қўллаш кенг тарқалган бўлса-да) билан бугунги "миссионерлар" орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Зеро, ўз даврида христианликнинг фаол тарафдорлари томонидан "даъватчилик" ишларининг олиб борилиши, ўз таълимотларини тарқатишга ҳаракат қилишлари табиий бир ҳол эди. Бугун дунёнинг диний манзараси ўзининг аниқ шаклу шамойилига, турли халқлар асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга бўлган бир даврда илк "даъватчилик"дан фарқли равишда миссионерлик миллат, жамиятни диний асосда бўлиб юборишга қаратилган бузғунчиликнинг бир кўринишига айланиб қолганини алоҳида таъкидлаш зарур. Миссионерларнинг аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини исломга эътиқод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам бундай бузғунчиликка ёрқин мисол бўла олади.
Демак, миссионерларнинг зарбаларидан чекинмаслик , уларга бефарқ қарамаслик, ватан равнақи ва ислом дини учун буюк хизматлар кўрсатган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлишимиз зарур бўлади.
Фахриддин Боҳодиров – “Янгиравот” жоме масжиди имом хатиби
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси