Қуръони Каримда: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми», деб таъкидланади (Зумар, 9).
Ислом дини таълимотида ва ҳадиси шарифда: «Илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир», – дейилади. Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳар бир мўмин-мусулмонга илм олиб унга амал қилган ҳолда, ҳаётга татбиқ этиш зиммасидаги буюк фарз эканлиги эслатиб ўтилмокда.
Бу замин зиёси не-не замонлар тарих зарварақларига муҳрланди. Қанча-қанча даҳоларга бешик, илм маърифатига эшик бўлган заминдир. Бу замин илм қуёши билан неча-неча ўлкаларни ёритган ва ер юзини қалам билан забт этган муҳаддис султонларининг элидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ким бу дунёни роҳатини кўзласа, тижорат қилсин, охират саодатини ўйласа, тоат-ибодат қилсин, агар икки дунёсини обод бўлишини хоҳласа, илм олсин», – деганлар.
Алломаларимиз олган илмларига амал килган ҳолда жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшганлар. Олимлар ва комил инсонлар даражасига етишиш фақат илм соҳибларига хосдир.
Ислом мутаффакирлари фикрларига кўра: «Илм – нарсани қандай бўлса ана шундай билиб олишдир, ҳар қандай билиш ва ўрганилган нарсага илм дейилади. Олган илмга амал қилиб, уни етказиш маърифатдир». Ҳар бир инсоннинг илм-маърифат касб этишида сарф, наҳв, фиқҳ, тафсир ва ҳадис, калом илми каби диний, ҳамда тарих, адабиёт, тиббиёт, фалакиёт ва бошқа дунёвий илмларни ўрганиш зарур бўлади.
XX аср охирларида миллий истиқлол шарофати билан Ватанимизда ўтмишдаги алломаларга, уларнинг ҳаётлари ва ёзиб кетган асарларига нисбатан фикрлашда кескин бир бурилиш ясалди, яъни заминимизда яшаб ўтган буюк олимлар, ўзларининг дунёвий, диний ва маърифий асарлари билан жаҳон маънавиятининг хазинасига улкан ҳисса қўшган зотларнинг номлари тикланди.
Кейинги йилларда Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Алишер Навоий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Ҳожа Баҳовуддин Нақшбандий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Фаробий, Абу Али Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний, Насафий, Термизий, Ҳожа Аҳмад Яссавий каби кўплаб ҳаёти ва ижоди ўрганилмоқда.
Ушбу алломаларимиз йўлларини давом эттириш учун ёш авлодга илм олиш ва уларнинг асарларида ёритиб берилган масалаларни ҳаётда татбиқ этишларига замин ҳозирлашимиз зарурдир. Маълумки, Қуръони карим ҳам «Ўқи» деган амри билан нозил бўлган. Қуръони каримнинг 811 жойида илм сўзи такрорланади.
Келгусида ўз тақдирини шу юрт истиқболи билан боғлаган ҳар бир ёш авлод аждодларимизнинг бой меросларидан ўзи ҳам баҳраманд бўлиб, халқимиз илму-маърифатини янада юксакликка олиб чиқишда ўз ҳиссаларини қўшадилар деган умиддамиз.
Имом ат-Термизий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда, У зот: «Аллоҳ ва унинг малоикалари ва ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам илм аҳилларига истиғфор айтадилар», – деганлар. Шунингдек, бошқа бир ривоятда: «Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ Таоло унга жаннат йўлларини тўғрилаб қўюр», – деб марҳамат қилинган. Илм инсонни ботинини кашф этувчи омилдир. Илм душманларга қурол, дўстлар ўртасида эса зийнатдир. Илм туфайли инсон олий мартабага етади. Илм инсонларнинг тафаккурини ҳамда маънавиятини юксалтириб дунёни тараққий этишига бош мезон бўлиши билан бирга, инсоннинг ботинини кашф этувчи омилдир.
Адҳам ДЎСМАТОВ, Тошкент шаҳридаги “Минор”
жоме масжиди имом-ноиби
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ