МЎЪТАЗИЛАЛАРНИНГ ИЗДОШЛАРИ
Ўтган асримизнинг ярмида Тақиюддин Набaҳоний (1909-1977) номли шахс тарафдан таъсис этилган “Ҳизбут-тахрир” оқими вакиллари юртимиздаги диний эркинликлардан унумли фойдаланиб қолиш илинжида охирги вақтларда ғимирлаб қолишганга ўхшайди. Куни кеча “Даракчи” интернет нашрида худди шу тоифага аъзо бир оиланинг қонун олдида жавоб бераётганлари тўғрисида мақола ўқиб қолдим.
Мақолани ўқигач халқимизга бу оқим тўғрисида кўпроқ ва кенгроқ маълумотлар зарур деган хулосага келдим. Веб сайтимизда оқимга доир маълумотлар, баъзи қарашларига илмий раддиялар бўлсада, яна бу мавзуни кўпроқ ёритиш лозимлигини тушуниб етдим. Шу нуқтаи назардан, Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда “Ҳизбут-тахрир” оқимининг диёнати бузуқ, ақидаси нотўғри эканлиги ҳақида давомий мақолалар бериб боришга жазм қилдим. Токи одамлар бу оқимнинг асл башарасни таниб билиб олсинлар. Тарғиботчиларига дуч келганда муносиб жавоб бера олсинлар.
“Ҳизбут-тахрир” оқими баъзи ақидавий ғояларида Ислом тарихида дастлабки адашган оқим – мўътазилийларга издош саналади. Уларнинг оқсоқоли Тақиюддин Набҳоний “Исломий шахсият” номли асарида ёзади:
«وهذه الأفعال ـ أي أفعال الإنسان ـ لا دخل لها بالقضاء ولا دخل للقضاء بها، لأن الإنسان هو الذي قام بها بإرادته واختياره، وعلى ذلك فإن الأفعال الاختيارية لا تدخل تحت القضاء»
«Бу феълларнинг (яъни инсоннинг қилаётган ҳатти-ҳаракатлари, амаллари, ишлари ва ҳоказо) Аллоҳнинг қазо ва қадарига алоқаси йўқ. Чунки инсон барча амалларини ўз ихтиёри ва хоҳиши билан яратади. Шунга кўра, ихтиёрий феълларимиз Аллоҳнинг қазоси ичига кирмайди».
Худди ўша китобнинг яна бир саҳифасида:
«فتعليق المثوبة أو العقوبة بالهدى والضلال يدل على أن الهداية والضلال هما من فعل الإنسان وليسا من الله»
«Савоб ва иқобни ҳидоят ва залолатга боғлашлик шуни англатадики, ҳидоят ва залолат аслида инсоннинг ўзига боғлиқ ўз феълидир. Аллоҳдан эмас».
Тақиюддин Набҳоний бу фикрини “Ислом низоми” номли асарида ҳам сиздириб ўтган. У бу билан нима демоқчи? Инсоният феълини ўзи яратади, Аллоҳ яратмайди демоқчи! Бу ғоя аслида Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг оқ бўлган талабаси Восил ибн Ато асос солган мўътазилийларга тегишли бўлиб, у Китоб, Суннат ва соғлом мантиққа ҳам очиқча тескаридир! Аллоҳ таоло айтади:
وخلَقَ كلَّ شىءٍ فقدَّرَه تقديرًا
«У….ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир». (Фурқон сураси, 2-оят).
Яна Қуръонда шундай дейилади:
واللهُ خلقكم وما تعملون
«Аллоҳ таоло сизларни ҳам, қиладиган амалларингизни ҳам яратган». (Ас-соффат сураси, 96-оят).
Яъни: Аллоҳ таоло жамики коинотдаги нарсаларни, уларнинг ўзини ҳам қиладиган ишларини ҳам, феъл-амалларини ҳам аниқ ўлчов — тақдирга мос тарзда яратган. Оятларда келган “شيء” (нарса) сўзи коинотда мавжуд бўлган жамики жонзотлар, жисмлар ва уларнинг ҳаракат ва суканатларини, ихтиёрий бўлсин ё изтиробий бўлсин, фарқи йўқ ҳамма амалларини қамраб олади. Шундай экан, Фурқон сурасидаги “شيء” (нарса) сўзи амал ва ҳаракатларимизга ҳам тегишли бўлади.
Мантиқан олиб қаралса жонзотлар тарафдан содир этиладига ихтиёр ҳатти-ҳаракатлар беихтиёр қилинган ишларга нисбатан кўпроқни ташкил қилади. Агар ҳизбчилар эътиқодига кўра, жонзотлар, инсонми ҳайвонми нима бўлганда ҳам ихтиёрий амалларини ўзлари яратиб, ихтиёридан ташқари ишларни Аллоҳ яратган деб фараз қилсак, ер юзида инсонлар яратган нарсалар Аллоҳникидан кўпайиб кетадику?!
Демак, маълум бўладики, Набаҳонийнинг инсон феъл ва амаллари борасида илгари сурган фикри китоб ва суннатга, аҳли суннат ва жамоат ғояларига очиқча тескари ва раддир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳидоят ва залолат масаласида шундай дейди:
فمن يهدي من أضلَّ اللهُ
«Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳам ҳидоятга сола оларди?!». (Рум сураси, 29-оят).
Ва яна:
إنَّك لا تهدي من أحببْتَ ولكنَّ اللهَ يهدي من يشآءُ
«Албатта, сиз ўзингиз севган кишини ҳидоят қила олмассиз. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур». (Қосос сураси, 56-оят).
Бу ояти карималарда очиқ баён қилинмоқдаки, ҳидоят ва залолат банданинг ўз ихтиёри билан амалга ошадиган нарсалар эмас. Аксинча Аллоҳ хоҳлаган кимсаси қалбида залолат, ҳохлаган кимсаси қалбида ҳидоят феълини яратади.
Ҳизб оқсоқолининг бу масаладаги фикри қуйидаги оятга ҳам мухолиф:
ونُقلّبُ أفئِدتَهم وأبصارَهُم
«Ва қалблари ва кўзларини буриб қўярмиз…». (Анъом сураси, 110-оят).
Бу ояти карима шуни англатадики, инсоннинг қалбий феъллари ва ташқи аъзолари билан содир этган ишлари ҳаммаси аслида Аллоҳ таоло тарафдан яратилади.
Шундай экан, ҳизбчилардан кимдир сизни тарғиб этса, ўз тарафларига оғдириб олишга уринса, сафларига моддий ё маънавий кўмакни рўкач қилиб қўшиб олишга уринса, унга алданиб юрманг. Бинобарин ҳизбнинг йўли боши берк кўча тарафгадир. Ҳизбчилар тавба қилмаса қиёмат куни қаттиқ қийналиб қолишлари аниқ. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан тойдирмасин!
Ботиржон қори
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби