Таълим-тарбия жамиятимиз ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Мана шу оғир юк таълим иши билан бевосита шуғулланадиган муаллимлар зиммасига тушади.
Динимизда устознинг қадри ва фазли улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг шаклланишида катта ўрин тутади. Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига ёш авлоднинг илмига илм, одобига одоб қўшилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари ўқитувчиларнинг фазилати учун етарли ҳисобланади: “Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва ерлардаги зотлар, ҳатто инидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга раҳмат йўллайди ва истиғфор айтади” (Имом Термизий ривоятлари).
Таълим-тарбия иши пайғамбарларнинг вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло мени одамларни қийинчиликка соладиган, уларнинг адашишини хоҳловчи қилиб эмас, балки муаллим ва осон қилувчи қилиб юборди” (Имом Муслим ривоятлари).
Ёш авлод муаллимлар олдида омонатдир. Албатта, уларнинг таълим-тарбияси борасида устозлар масъулдирлар. Улар келажакда комил инсон бўлиб етишишлари учун бор имкониятларини ишга солишлари зарур. Чунки ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз” (Муттафақун алайҳ).
Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади.
Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир.
Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўзини кўрсатиб, халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Демак, жамиятда муҳим ўрин тутган, машаққатли касб эгаларининг масъулиятлари қанчалик катта бўлса, уларнинг ҳурматларини сақлаш ҳам халққа шунчалик бурч бўлади.
Динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар ва одамларга фойдали илмларни таълим берувчи муаллимларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида шаънлари улуғ, қадрлари юксакдир.
Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Замонавий билимлардан дарс берувчи устозлар ҳам яхши ниятлари сабаб ажру савобга эришадилар.
Уламо ва устоз мураббийларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро, улар ўтган улуғ зотлар ва олимларнинг меросхўрларидир. Ўтган олимлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар.
Илмнинг фазилати ҳақида Имом Бухорийдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобаи киромлар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?”. “Илмга”, - дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом”.
Илм аҳлини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” деган бўлса, “Зумар” сурасида шундай дейди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (Мужодала сураси 11-оят).
Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.
Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, бундай деган: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.
Яъни, илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.
Аллома ибн Нажжорнинг “Тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда бундай воқеъни келтирилади: “Биз Бағдоддаги жоме масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили экани айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас”, деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жоме” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил”, дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим Ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир”, деган.
Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, устозлар ва илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насиҳатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.
Дарҳақиқат, агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида ўзгартиришимиз лозим. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса ҳам олишга ҳақлидир” (Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадисда ҳар қандай фойдали илм, гарчи бир калима бўлса ҳам мўмин-мусулмон киши учун худди йўқотиб қўйиб, излаб юрган қадрли буюмига ўхшатилмоқда. Уни қаерда топсак ҳам бошқалардан кўра ўзимиз ҳақли эканимизни билишимиз керак.
Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъй-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига ётиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:“Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.
Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин, дер эканлар.
Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир ота-она фарзандига биринчи устоз ҳисобланади. Бу устозлик фарзанд хоҳ боғчада, хоҳ мактабда ё хоҳ олийгоҳларда таълим олаётган бўлса ҳам давом этиши керак. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, қачон мактабдаги фарзандимизнинг ўқишлари, кундаликларидаги баҳолари, дарсликларининг аҳволи билан қизиқиб кўрдик. Қачон олийгоҳда ўқиётган фарзандимизнинг дарсга қатнаши, мутахассислигини ўзлаштириши, диплом ишлари билан шуғулландик. Агар фарзандларимизга ҳушёр ва эътиборли бўлсак, ҳозирги кунда қулоққа чалиниб турган пичоқбозлик, муштумзўрлик, маст қилувчи ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, турли адашган оқимларга эргашиш анча барҳам топган бўлар эди.
Шундай экан, ҳар биримиз устоз ва мураббийларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилиб, фарзандлар тарбиясида уларга ёрдамчи бўладиган бўлсак, ёшларимиз биз ўйлагандан-да илм-маърифатли, таълим-тарбияли, эл-юртига хизмат қиладиган етук шахслар бўлиб вояга етадилар, иншааллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси