Барчамизга маълумки, Ислом дини тинчлик ва омонлик дини бўлиб, у доимо инсонларни аҳиллик бирдамлик ва тотув яшашга, нафақат инсоният балки, нохақ бирор жонзотга, атроф муҳитга зарар етказмасликка чақиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар:“Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”. Бизнинг диёримизга ҳам ислом дини кириб келгандан буён аждодларимиз, ота-боболаримиз мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони карим, ҳадиси набавияга асосланган мўътадил ҳанафий мазҳаби таълимотига мувофиқ эътиқод билан, мазкур мазҳаб асосида ибодатларини адо қилиб келганлар.
Маълумки, тарихда нафақат ислом дини тараққиёти йўлида, балки, дунёвий илм-фан ривожи йўлида мутафаккир юртдошларимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино каби юзлаб алломалар муносиб хизмат қилганлар.
Мамлакатимиз мустақилликдек улуғ неъматга эришгандан сўнг жафокаш халқимиз ўз миллий ва диний қадриятларига эга бўлди. Хусусан, бошқа дин вакиллари қаторида мусулмонлар учун ҳам минглаб масжидлар очилди. Диний таълим масканлари фаолият юрита бошлади. Ота боболаримиз орзу қилиб ета олмаган ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл очилди. Дин эркинлиги, виждон эркинлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу боисдан мамлакатимизда амалда бўлган виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунда ҳам ҳалқимиз руҳига мос келадиган иймон эътиқод меҳр-оқибат, ор-номус иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Ўзбекистон худудида яшовчи барча халқларни урф-одатлари миллий анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган. Ёшларимиз тарбиясида, халқимизнинг маънавиятини юксалтиришда имом-хатибларимиз фаол қатнашиб келишмоқда.
Ўзга юртларда мусулмонлар орасида турли хил ихтилофлар келишмовчиликлар низолар пайдо бўла бошлади. Ўзларини “ваҳҳобийлар” деб номлаган кимсалар ёшларимизни Ватанга, халққа қарши қилиб тайёрладилар. Бу оқим таъсирига тушган айрим кимсалар диний илмларга улкан ҳисса қўшган аждодларимиз тутган йўлларини қоралаб, ҳаттоки, ўтган уламоларимиз, авлиёларимиз қўйинки, мазҳабга амал қилувчи мусулмонларни иймонсиз кофир ва мушрикликда ҳаёт кечирган дея уларга қарши чиқдилар.
Покиза аждодларимизга отилган бўхтон тошлари диёримиздаги ваҳҳобийларнинг ўзларини хор қилди. Ҳозирда улар юртдан қувғин ҳолатда беватан тоғу тошларда ҳаёт кечирмоқда. Буларнинг беодоблиги, катталарга ҳурматсизлиги охиратда ҳам хор қилади.
Мустақиллик туфайли эришилган дин ва қадриятлар эркинлигига ношукурлик қилган жоҳил кимсалар турли экстремистик оқимлар таьсирига тушиб динимизга, осойишта ҳаётимизга зарарли ихтилофларни келтириб чиқаришди. Тинчлигимизни бузиб қатор хунрезликларни амалга оширдилар. Биз ўзлигимизни, аждодларимиз ким эканлигини билиб, ўрганиб ўз даврларида бутун Ислом оламига дарс берган алломаларимиз, устозларимиз изидан бориб аҳли суннат вал-жамоа эътиқодида маҳкам турсак, доимо огоҳ бўлсак, ёшларимизни ваҳҳобий, ҳизбут-таҳрир, акромийлар ва шунга ўхшаш бузғунчи гуруҳлар таъсиридан сақлай оламиз. Пайғамбар алайҳиссалом: “Дин насиҳатдир” деб марҳамат қилганлар. Насиҳат деб бировни эзгуликка бошлаш, меҳр оқибатга тарғиб қилиш, бирдамликка чақиришга айтилади. Ақидапарастларнинг тафриқага, шафқатсизликка чақиришларини насиҳат деб бўлмайди. Шундай экан ўз диёримиздан чиққан уламолар, фузалолар бизларга мерос қилиб қолдирган китоблар, бизни тўғри йўлда юришимизда кифоя қилади. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек: “Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёни ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради. Одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради”.
Аллоҳ ҳеч биримизни ўзи кўрсатган тўғри йўлдан адаштирмасин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин!
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.
Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!
"Имом Бухорий" ордени:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;
Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!
Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати