Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Ҳақиқий дин олимини қандай таниб оламиз!?

03.10.2021   2783   4 min.
Ҳақиқий дин олимини қандай таниб оламиз!?

Динни ўрганмоқчи бўлган одам олимларни танлашда экстремизм ёки бошқа оқимлар тўрига тушиб қолмаслиги учун алоҳида жиддийлик билан ёндашиши керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, ушбу илм диндир. Бас, ҳар бирингиз динини кимдан олаётганига қарасин» (Ҳоким ва Ибн Адий ривоят қилганлар).

Хўш, шундай экан, сиз ҳақиқий олимни қандай таниб оласиз?

Белгилари

Ҳақиқий олим ҳар доим маънавий қадриятларни моддий нарсалардан, абадий ҳаётни эса оддий нарсалардан афзал кўради. У динни ўзига мослаб олмайди, динни фақат ўзини манфаати йўлида ишлатмайди ва гуноҳларини оқлаб, дин ортига яширинмайди.

Нафақат олимнинг билимига, балки унинг ахлоқи ва одобига ҳам эътибор қаратиш керак, яъни амали диний ваъзларига мос келиши керак. Хулқ-атвори яхшими, демак олимнинг илмига амал қилаётгани ҳам муҳим ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

«Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?»  (Бакара, 44).

Шундай қилиб, ҳақиқий олим – амали сўзларига мос келадиган, бошқаларга қандай ҳукм, фатво чиқарса, ўзига ҳам худди шундай адолатли ҳукмни раво кўра олиши керак.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар» (Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар).

Эҳтиёткорлик

Ҳақиқий олим овқат ейишда ва кийим кийишда камтар бўлади. Иложи борича, у ҳатто Аллоҳ рухсат берган нарсалардан ҳам ўзини тияди ва шу билан тақиқланганлардан ҳам узоқроқ юради. Унинг учун дунёвий неъматлар кун кечириш, одатий ҳаётини юргизиш воситасидир, ҳаётининг мазмуни эмас.

Амал ва обрўга интилиш

Олим инсон бой ва нуфузли одамлар билан яқин муносабатда бўлишга интилмайди. Олим моддий фойда олиш учун бой ва обрўли одамларга интилиши орқали уларнинг салбий ҳаракатлари ва хатоларини оқлаб берадиган ҳукмларни чиқариши эҳтимоли бор.

Бу дегани, олимлар амалдорларни ёмон кўриши ёки улардан узоқ бўлиши керак дегани эмас, лекин энг яхши олим ўзини амал ва шуҳрат васвасасидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилган одамдир.

Эътибор беринг, олимлар фатво беришда шошма-шошар қарор қабул қилмайди ва даъвогарларнинг гапларига эҳтиёткорлик билан ёндашади, чунки улар одамлар сўраган масалани тўла билиш имконияти чекланганлиги сабабли адолатсизлик қилишдан қўрқишади.

Абу Ҳафс Нишопурий айтган: “Ҳақиқий олим – диний масалаларда ҳукм чиқариб, қиёмат куни ўз фатволари учун жавоб беришдан қўрққан ва хавотир олган киши”.

Нафс тарбияси

Ҳақиқий олим юқоридаги гаплар билан чекланиб қолмайди, ҳар доим ўзини ўнглаш, нафсини тергаш билан банд бўлади. У ўзини нурли қилмаса, бошқаларга ёруғлик бера олмайди.

Иймонни зиёда қилиш

Олим иймонни зиёда қилиш учун учта нарсага амал қилиши керак:

 – таваккул, яъни Аллоҳга таваккул;

– ризо, ўз тақдирига ва Аллоҳ берган барча ишларга;

– таслим, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниш.

Камтарлик

Агар одамнинг билими ғазаб, такаббурлик, баландпарвозлик ва беҳудалик билан қоришган бўлса, демак илм Аллоҳнинг розилигига эмас, балки дунё манфаатларига эришишга қаратилган бўлади. Аллоҳга хизмат қилган ва Унинг розилигига эришиш учун илм олган киши хотиржамлик, камтарлик ва дўстлик сифатлари билан ажралиб туради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозули бўлинглар» (Табароний ривоят қилган). Қўпол ва тийиқсиз олимлардан бирига айланманг, чунки илм билан жоҳиллик битта жойда жам бўлмайди.

Ишончли илм

Ҳақиқий олим ўз динини чуқур тушунган ҳолда ўрганади, илмнинг турли соҳаларини қамраб олишга интилади ва фақат ишончли манбаларга асосланади, суянади. Агар олим фақат диний билимлар билан чегараланиб қолмаса, янада яхши бўлади, чунки баъзи масалалар бўйича фатво, қарор қабул қилишда нафақат диний билим, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларидан ҳам маълумот керак бўлади.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

24.08.2026   37593   1 min.
“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

Иорданиянинг  нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.

Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари