Динни ўрганмоқчи бўлган одам олимларни танлашда экстремизм ёки бошқа оқимлар тўрига тушиб қолмаслиги учун алоҳида жиддийлик билан ёндашиши керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, ушбу илм диндир. Бас, ҳар бирингиз динини кимдан олаётганига қарасин» (Ҳоким ва Ибн Адий ривоят қилганлар).
Хўш, шундай экан, сиз ҳақиқий олимни қандай таниб оласиз?
Белгилари
Ҳақиқий олим ҳар доим маънавий қадриятларни моддий нарсалардан, абадий ҳаётни эса оддий нарсалардан афзал кўради. У динни ўзига мослаб олмайди, динни фақат ўзини манфаати йўлида ишлатмайди ва гуноҳларини оқлаб, дин ортига яширинмайди.
Нафақат олимнинг билимига, балки унинг ахлоқи ва одобига ҳам эътибор қаратиш керак, яъни амали диний ваъзларига мос келиши керак. Хулқ-атвори яхшими, демак олимнинг илмига амал қилаётгани ҳам муҳим ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
«Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бакара, 44).
Шундай қилиб, ҳақиқий олим – амали сўзларига мос келадиган, бошқаларга қандай ҳукм, фатво чиқарса, ўзига ҳам худди шундай адолатли ҳукмни раво кўра олиши керак.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар» (Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар).
Эҳтиёткорлик
Ҳақиқий олим овқат ейишда ва кийим кийишда камтар бўлади. Иложи борича, у ҳатто Аллоҳ рухсат берган нарсалардан ҳам ўзини тияди ва шу билан тақиқланганлардан ҳам узоқроқ юради. Унинг учун дунёвий неъматлар кун кечириш, одатий ҳаётини юргизиш воситасидир, ҳаётининг мазмуни эмас.
Амал ва обрўга интилиш
Олим инсон бой ва нуфузли одамлар билан яқин муносабатда бўлишга интилмайди. Олим моддий фойда олиш учун бой ва обрўли одамларга интилиши орқали уларнинг салбий ҳаракатлари ва хатоларини оқлаб берадиган ҳукмларни чиқариши эҳтимоли бор.
Бу дегани, олимлар амалдорларни ёмон кўриши ёки улардан узоқ бўлиши керак дегани эмас, лекин энг яхши олим ўзини амал ва шуҳрат васвасасидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилган одамдир.
Эътибор беринг, олимлар фатво беришда шошма-шошар қарор қабул қилмайди ва даъвогарларнинг гапларига эҳтиёткорлик билан ёндашади, чунки улар одамлар сўраган масалани тўла билиш имконияти чекланганлиги сабабли адолатсизлик қилишдан қўрқишади.
Абу Ҳафс Нишопурий айтган: “Ҳақиқий олим – диний масалаларда ҳукм чиқариб, қиёмат куни ўз фатволари учун жавоб беришдан қўрққан ва хавотир олган киши”.
Нафс тарбияси
Ҳақиқий олим юқоридаги гаплар билан чекланиб қолмайди, ҳар доим ўзини ўнглаш, нафсини тергаш билан банд бўлади. У ўзини нурли қилмаса, бошқаларга ёруғлик бера олмайди.
Иймонни зиёда қилиш
Олим иймонни зиёда қилиш учун учта нарсага амал қилиши керак:
– таваккул, яъни Аллоҳга таваккул;
– ризо, ўз тақдирига ва Аллоҳ берган барча ишларга;
– таслим, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниш.
Камтарлик
Агар одамнинг билими ғазаб, такаббурлик, баландпарвозлик ва беҳудалик билан қоришган бўлса, демак илм Аллоҳнинг розилигига эмас, балки дунё манфаатларига эришишга қаратилган бўлади. Аллоҳга хизмат қилган ва Унинг розилигига эришиш учун илм олган киши хотиржамлик, камтарлик ва дўстлик сифатлари билан ажралиб туради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозули бўлинглар» (Табароний ривоят қилган). Қўпол ва тийиқсиз олимлардан бирига айланманг, чунки илм билан жоҳиллик битта жойда жам бўлмайди.
Ишончли илм
Ҳақиқий олим ўз динини чуқур тушунган ҳолда ўрганади, илмнинг турли соҳаларини қамраб олишга интилади ва фақат ишончли манбаларга асосланади, суянади. Агар олим фақат диний билимлар билан чегараланиб қолмаса, янада яхши бўлади, чунки баъзи масалалар бўйича фатво, қарор қабул қилишда нафақат диний билим, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларидан ҳам маълумот керак бўлади.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Бақара – Мадинада нозил қилинган энг аввалги сурадир. Суранинг бошидаги тўрт оят мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар ҳақида ва улардан кейинги ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Бақара сураси Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Энг узун оят ҳам айнан мазкур сурада бўлиб, у қарз ҳақидаги 282-оятдир. Бу оят тўлиқ бир бетни ташкил этади. Бақара сурасини доим ўқиб юрган кишиларга Аллоҳнинг изни билан сеҳру жоду таъсир қилмайди.
Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди" (Имом Доримий, Имом Байҳақий ривояти).
Шайтон Бақара сураси ўқилган ерга кира олмаслигини ўзи тан олиб айтган. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Бир куни кимдир келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, "Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мен муҳтож одамман, бола-чақам бор. Ниҳоятда муҳтожман", деди. Мен уни қўйиб юбордим.
Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. "Ё Аллоҳнинг Расули, жуда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ҳали яна келади" деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. У келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни яна тутиб олдим. "Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман", деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.
Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, ниҳоятда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. "Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман", деди. "Нима у?" дедим. У: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди. Уни қўйиб юбордим.
Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман деган эди, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Улар нима экан?" дедилар. "У менга: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди", дедим.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?" дедилар. "Йўқ", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У шайтон эди", дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бақара сураси ўқилган ерга фаришталар тушадилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу тунда "Бақара" сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғиллари Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига бордилар. Ўғилларини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қарасалар, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердилар. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар.
Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».
Бақара сураси Қиёмат куни шафоатчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир", деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда келган “Кифоя қилади”дан қуйидаги маънолар келиб чиқади:
1. Барча ёмонликлардан сақланишга кифоя қилади.
2. Шайтоннинг ёмонлигидан сақланишга кифоя қилади.
3. Савоб олишга кифоя қилади.
4. Кечасини Қуръон қироати ила бедор ўтказишдан кифоя қилади.
5. Инсу жиннинг ёмонлигидан кифоя қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир", деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: "Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади" (Имом Доримий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД