Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Чиройли ҳаёт кечирай десангиз

28.11.2023   2354   3 min.
Чиройли ҳаёт кечирай десангиз

Чиройли ҳаёт кечирай десангиз, ёрқин келажакка эришай десангиз, баъзи ҳаётий ҳақиқатларни билишингиз лозим! Уларни доим хотирангизда сақлашингиз ҳаётингизни Аллоҳнинг изни билан идора қилишингизда ёрдам берувчи захира кучини ҳосил қилади.

Биринчи ҳақиқат: Сиз энг гўзал ҳаёт кечиришга, бошқалардан фарқли бўлган инсоний муносабатларни ўзингиз учун қарор топтиришга ҳақли шахссиз! Аллоҳ сизни яхши яшашингиз, бахтли ҳаёт кечиришингиз учун яратган, сизни сийлаган, қадрингизни кўтарган. Бу Қуръони каримнинг “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят) оятида намоён.

Иккинчи ҳақиқат: Хато иш сизни ёмон одам қилиб қўймайди. Муваффақиятсиз ҳаракат сизни нодонга, билмасвойга чиқармайди. Билингки, ичингиздаги ҳис-туйғуларни, фикрларни юзага чиқариш сизнинг энг катта ҳуқуқларингиздан биридир!

Учинчи ҳақиқат: Ҳозирги замонда барча марралардан ўзиб кетиш фақатгина рақобатлашишнинг ўзи билан амалга ошмайди. Рақобатга кўпчилик эриша олади. Бироқ юксак чўққиларга чиқишдаги энг кучли омил бу – ҳаётнинг барча жабҳаларида устунликка эришишдир.

Тўртинчи ҳақиқат: Қўлингизда кўп нарсаларни амалга ошириш имконияти бор. Ҳақиқий ногирон танаси ногирон киши эмас, балки ички истеъдодлар ва яширин имкониятларни идрок қилолмаслик ҳақиқий ногиронликдир!

Бешинчи ҳақиқат: Сизнинг асосий жангингиз асло-асло душманларингиз билан бўлмайди, сизга тузоқ қўядиганлар билан ҳам бўлмайди. Ҳақиқий жанг – сиз ва ҳою-ҳавасларингиз, баъзи ишларда билимсизлигингиз ўртасида бўлади. Чунки айнан шу нарсалар бир жойда қотиб қолишга, юксалмасликка асосий сабабдир. Шубҳасиз муфаққиятга эришишдаги энг муҳим меъёр – аввало ўзингизга ҳукмрон бўлишингиз ва нафзингизни эгаридан тутишингиздир. Билингки, нафсингиз истаган нарсани унга бераверсангиз, ундан қутилиш худди эмизикли болани кўкракдан чиқаришдек қийин бўлиб қолади.

Олтинчи ҳақиқат: Ҳаётингиздаги ҳеч бир нарса беш йил ўтиб ўзидан-ўзи ўзгариб қолмайди. Унинг учун аввало қабул қилиш манбаларингиз ўзгариши лозим. Бу яна асосан ўқиб-ўрганаётганларингиз, кимлар билан ҳамсуҳбат бўлаётганингизга қараб ҳам бўлади.

Еттинчи ҳақиқат: Ишнинг боши ўзингизга тақалади, хаёлингизда ўзингизни қандай тасаввур қилишингизга келиб тақалади. У ё сизни тоғнинг чўққисига олиб чиқади, ё бир кичик тепаликка кўтаради. Ўзингизни қийматли, кўп иш қилишга қодир деб кўрсангиз ҳақиқатан ҳам шундай бўлади. Аксини кўрсангиз акси бўлади!

Саккизинчи ҳақиқат: Ўзгаришнинг ҳам, ўзгармасликнинг ҳам бадали бор, ё ўзгариш учун пул тўлайсиз, ё ўзгармаслик учун пул тўлайсиз. Гап шундаки, ўзгаришнинг натижаси тез ҳосил бўлади, ўзгармасликнинг натижаси эса анча секин юзага чиқади! Оқил одам – эртага роҳатланиши учун бугун ўзини чарчатган кишидир.

Тўққизинчи ҳақиқат: Ҳаёт елдек ўтиб кетаверади, ишлар ҳам кун сайин чигаллашиб бораверади. Бахтли одамлар ҳар бир лаҳзадан завқ оладиган кишилардир. Улар шодлик лаҳзаларини асло ўтказиб юбормайдилар. Дам олишга, завқланишга вақт тополмаган одам алал-оқибат вақтини касаллик билан ўтказиши муқаррар!

Ўнинчи ҳақиқат: Оқил одам дарёдан ўтиш учун қайиқ ясайди, дарёнинг тўлқини менга зарар бермасин деб, ўзини ҳимоялаш учун тўғон қуриб ўтирмайди. Бу нодон кишининг ишидир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   4980   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари