Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Иймон нима?

12.09.2021   6716   9 min.
Иймон нима?

– Иймоннинг асли нима?

– Аллоҳ таолонинг атоси – инъоми.

– Иймоннинг ўзи нима?

– Иймон – тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқламоқдир.

– Иймон неча хил бўлади?

– Иймон беш хил бўлади: иймони матбуъ – фаришталарнинг иймони; иймони маъсум – пайғамбарларнинг иймони; иймони мақбул – мўъминларнинг иймони; иймони мавқуф – мубтадеъларнинг иймони; иймони мардуд – мунофиқларнинг иймони.

– Иймон келтириш неча хил бўлади?

– Иймон келтириш икки хил бўлади: иймони муфассал ва иймони мужмал.

– Иймони муфассалнинг сифати нима?

– Еттита нарсага ишонмоқ. “Аманту биллаҳи ва малаикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи ва-л-йавми-л-ахири ва-л-қадари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таоло ва-л-баъси баъд ал-мавти!” демоқ. Яъни, “Аллоҳга, унинг фаришталарига, унинг китобларига, унинг пайғамбарларига, қиёмат кунига, тақдирнинг яхши-ёмонлиги Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг тирилтирмоққа иймон келтирдим!”.

– Иймони мужмалнинг сифати нима?

– Тўртта нарсага ишонмоқ. “Аманту биллаҳ кама ҳува би-асмаиҳи ва сифатиҳи ва қабилту жамиъа аҳкамиҳи ва арканиҳи!” демоқ. Яъни, “Аллоҳга, чунончи унинг исмлари ва сифатлари билан бирга иймон келтирдим. Унинг жами ҳукмлари ва рукнларини қабул қилдим!”.

– Иймоннинг фарзлари нечта?

– Иймон фарзлари тўртта: Аллоҳни танимоқ; Аллоҳга ишонмоқ; иймонни асраб-авайламоқ; иймонни ўзи билан олиб кетмоқ.

– Иймоннинг вожиблари нечта?

– Иймон вожиблари ўн иккита: уламолар билан суҳбатлашмоқ; мунофиқлардан узоқ бўлмоқ; ташна одамга сув бермоқ; беморнинг ҳолидан хабар олмоқ; камбағалларга ғамхўрлик қилмоқ; фарзандларга исломни ўргатмоқ; оиласидагиларга намоз ўргатмоқ; етимлар бошини силамоқ; ўликни ювмоқ; йўлдаги тош ва озор етказадиган нарсаларни олиб ташламоқ; ота-онани зиёрат қилиб турмоқ; ҳажни тавоф қилмоқ.

– Иймоннинг ҳукми нима?

– Икки нарса: дунёвий ва ухровий. Иймоннинг дунёвий ҳукми жони ва мол-дунёси омон сақланишидир. Кимки иймон келтирса, жони ва молига талофат етишидан омон қолади. Ноҳақ бир мўъминни ўлдирилса, шариат унинг қасосини олиб беради. Иймоннинг ухровий ҳукми дўзах оташидан омонлик, жаннатга кириш ва Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлишдир.

– Иймоннинг шартлари нечта?

– Иймон шартлари еттидадир: ғайбга иймон келтирмоқ; ғайб илмини Аллоҳ таолонинг ўзигагина хос деб билмоқ; жаннат ва дўзахни кўрмасдан туриб ҳам иймон келтирмоқ; Аллоҳнинг ҳалол деб белгилаган нарсаларини ҳалол деб билмоқ; Аллоҳнинг ҳаром деб белгилаган нарсаларини ҳаром деб билмоқ; Аллоҳнинг азобидан қўрқмоқ; Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлмоқ.

– Иймоннинг рукнлари – устунлари нечта?

– Иймоннинг арконлари еттидадир. Улар иймоннинг шартлари ҳам дейилади.

– Иймоннинг камолоти нечта?

– Иймоннинг камолоти учтадир: иймон топганига, иймонли бўлганига хурсанд бўлмоқ; иймоннинг кетиб қолишидан ғамгин бўлмоқ; иймоннинг бузилишидан қўрқмоқ.

– Иймоннинг боши нима?

– “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасини айтмоқ.

– Иймоннинг тани нима?

– Беш вақт намоз ўқимоқ.

– Иймоннинг қалби нима?

– Қуръон ўқимоқ. Учта дил жам бўлса, дуо мустажоб бўлади: Қуръоннинг дили – “Ёсин” сураси, инсоннинг дили – иймон-ишончи ва кечанинг дили – ярим тун.

– Иймоннинг нури нима?

– Рост гапирмоқ.

– Иймоннинг зулмати нима?

– Ёлғон гапирмоқ.

– Иймоннинг танглиги нима?

– Бенамоз бўлмоқ.

– Иймоннинг ҳаловати нима?

– Пок бўлмоқ.

– Иймоннинг ҳаками нима?

– Хавф ва ражо – Аллоҳдан қўрқиб ҳам умид қилиб яшамоқ.

– Иймоннинг шариати нима?

– Ҳалол ва ҳаромни танимоқ.

– Иймоннинг улуғлиги нима?

– Худой таолони кўп зикр қилмоқ.

– Иймоннинг пўсти нима?

– Шарм-ҳаё қилмоқ.

– Иймоннинг меваси нима?

– Рўза тутмоқ.

– Иймоннинг тухми нима?

– Илм ўқимоқ.

– Иймоннинг камоли нима?

– Сабр-тоқат қилмоқ.

– Иймоннинг барги нима?

– Тақво – Аллоҳдан қўрқиб яшамоқ.

– Иймоннинг мағзи нима?

– Дуо қилмоқ.

– Иймоннинг томири нима?

– Ихлос қилмоқ.

– Иймоннинг ватани нима?

– Мўъмин банданинг дили.

– Аллоҳ таоло иймонни нимадан яратган?

– Аллоҳ таоло иймонни ўз ҳузуридаги нурдан яратган.

– Сен иймондамисан ёки иймон сендами?

– Мен иймон билан биргаман, иймон мен биландир. Мен мўъминман, иймон менинг сифатимдир.

– Иймон холиқнинг номи билан бўладими ёки банданинг номи биланми?

– Иймон ҳам яратувчининг ва ҳам яралмишнинг номи ила бўлади. “Ла илаҳа иллаллоҳ!” калимасида холиқ номи бор. “Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасида эса яралмиш банданинг номи мавжуд.

– Иймоннинг ҳақиқати нима?

– Тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқламоқ.

– Иймоннинг амали нима?

– Намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа банданинг шариатда қиладиган ишларидир.

– Иймон нима-ю ислом нима?

– Луғат жиҳатидан иккови ҳам бир. Истилоҳда эса фарқли. Демак, иймон Тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқламоқ бўлса, ислом Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсинмоқ ва қайтарган нарсаларидан узоқ бўлмоқдир.

– Дин нима?

– Аллоҳ таоло наздида ислом ҳақ диндир. Аллоҳнинг ва унинг расулининг буйруқларига амал илмоқдир.

– Мўъминларга иймон келтириб юрмоқ фарзми ёки суннатми?

– Иймон мўъминларга суннат, кофирларга эса фарз.

– Иймоннинг ўзи фарзми ёки суннатми?

– Банда илк бор Аллоҳ таолонинг якка-ю ягоналигига иймон келтириши фарздир. Уни такрор қилиб юриш эса суннат.

– Худони танийсанми?

– Ҳа, танийман. У якка-ю ягона, ўхшаши йўқ, куч-қудратли ва оламларни яратган зотдир.

– Сен мусулмонмисан?

– Алҳамдўлиллаҳ, мусулмонман!

– “Алҳамдўлиллаҳ”нинг маъноси нима?

– “Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!” деган маънода.

– Қачондан бери мусулмонсан?

– “ал-Мийсоқ” кунидан бери мусулмонман.

– “ал-Мийсоқ”нинг маъноси нима?

– Аллоҳ таоло руҳларни яратганидан сўнг, уларга: “Мен Сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?!” деб хитоб қилган. Жами руҳлар: “Оре, Сен бизнинг раббимизсан!”, дейишган. Ана шу аҳднома олинган вақт “ал-мийсоқ” деб аталади.

– Мусулмонлик биноси нечта?

– Мусулмонлик беш нарсанинг устига бино қилинган: калимаи шаҳодат – “Ашҳаду ан-ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммад абдуҳу ва росулуҳу!” калимасини айтмоқ; беш вақт намоз ўқимоқ; рамазон ойида рўза тутмоқ; мол-дунёдан закот бермоқ; Байтуллоҳга ҳаж қилмоқ.

– Исломнинг вожиблари қайси?

– Ислом вожиботлари еттитадир: намоз ўқимоқ; фитр садақасини бермоқ; қурбонлик қилмоқ; ҳажга бормоқ; умра қилмоқ; ота-онанинг хизматини қилмоқ; қариндошларга силаи раҳим қилмоқ.

– Шариат ҳукмлари нечта?

– Шариат аҳкомлари саккизтадир: фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳалол, ҳаром мубоҳ, макруҳ.

– Тавҳид нима?

– Бир демоқлик, бир билмоқлик ва бир деб эътиқод қилмоқликдир.

– Иймондан олдинги нарса нима?

– Аллоҳ таолонинг инояти ва ҳидояти.

– Иймондан ҳам яхшироқ нарса нима?

– Иймонни асраб-авайламоқ.

– Иймондан кейинги нарса нима?

– Аллоҳ таолонинг дийдорини кўрмоқ.

– Усули дин – диннинг асослари нечта?

– Усули дин саккизтадир: тавҳид – Аллоҳ таолони якка-ю ягона деб билмоқ; адл – ҳар ишда адолатли ва инсофли бўлмоқ; имомат – охират ишини дунё ишидан олдин бажармоқ; нубувват – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб тан олмоқ; амри маъруф – Аллоҳ таолонинг буюрган нарсаларини адо қилмоқ; наҳйи мункар – Аллоҳ таолонинг қайтарган нарсаларидан узоқ бўлмоқ; табарро – Аллоҳ таолонинг душманларини душман деб билмоқ; тавалло – Аллоҳ таолонинг дўстларини дўст тутмоқ.

– Аллоҳ таолонинг сифатлари нечта?

– Аллоҳнинг сифатлари ўнта: саккизтаси субутий, иккитаси салбий. Субутий сифатлар: илм – Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билувчи; ҳаёт – Аллоҳ таоло абадий ва азалий тирик зот; қудрат – Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир; самъ – Аллоҳ таоло эшитувчи; басар – Аллоҳ таоло кўрувчи; калом – Аллоҳ таоло гапирувчи; ирода – Аллоҳ таоло ҳар нарсани ўзи ихтиёр қилувчи; таквин – Аллоҳ таоло пайдо қилувчи. Салбий сифатлар: Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан покдир; Аллоҳ таолонинг шериги йўқдир.

– Иймоннинг қалъаси нечта?

– Иймоннинг қалъаси учтадир: фарзларни билиб амал қилмоқ; вожибларни билиб амал қилмоқ ва суннатларни билиб амал қилмоқ.

– Иймоннинг нуқсони нечта?

– Иймонга нуқсон етказадиган нарсалар учтадир: куфр, ширк ва шак-шубҳа. Исломда жаҳолат узр эмас!

– Мўъмин вафот этганида иймон қаерга кетади?

– Иймоннинг феъли жони билан қолади, иймоннинг ҳукми тани билан қолади.

 

(“Бидон” ва “Муҳиммот ал-муслимин” // Чаҳор китоб. – Тошкент, 1892. – Б. 16-29; 127-143.).

Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Таъзия

1.11.2024   4252   3 min.
Таъзия

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

Замонамизнинг етук алломаси, фақиҳи, устоз, шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Шу муносабат билан марҳумнинг барча оила аъзоларига, сафдошлари ва шогирдларига чуқур, самимий таъзия изҳор этамиз.

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин, бу дунёда қилган хайрли амалларидан, хизматларидан ҳосил бўлган ажру савоблардан Қиёматга қадар баҳраманд қилиб, руҳларини шод қилсин, охиратларини обод қилсин, ваъдасига биноан, иззат тожини кийдирсин, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!

Ҳақ таоло бу олим бандасининг ҳаққига қилинадиган барча хайрли дуоларни ижобат қилсин!

Ушбу оғир жудолик дамларда марҳумнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, барча яқинларига гўзал сабр тилаб қоламиз.

Аҳли оилалари, фарзандлари ва ёр-биродарларига барча мўмин-мусулмонлар номидан, кўплаб шогирдлар номидан ҳамдардлик изҳор қиламиз, марҳумнинг ҳақларига дуода бўламиз.

Муборак жума кунида сиз азизлардан ҳам марҳумнинг ҳақларига дуолар қилишингизни сўраймиз.

«Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг».

 

Маълумот ўрнида: Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.

Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратура босқичини (усулул фиқҳ) тамомлаган.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга.

«Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи “Кашфул асрор” асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини ҳимоя қилган.

“Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари” докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган.

Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги ўрта мактабларда мударрислик қилган.

1989 йилдан Фатҳ Ислом институтида, 2006 йилдан ушбу таълим даргоҳининг юқори университет қисмида дарс берган.

2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заим масжидида мударрис сифатида фаолият юритди.

Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича ҳам мударрислик қилган. Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси саналади.

Ўтган забардаст уламолар, хусусан Имом Суютийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзилган “Дебож” номли шарҳини, Имом Косонийнинг “Бадоиъус-саноиъ” китобини, “Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ” китобини, Мерос илмига оид “Сирожия” китоби шарҳини, Мунзирийнинг “Арбаъийн фи истисноъил маъруф” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини, Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобини, “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш “Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий” китобини шарҳлаган ва таҳқиқ қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати