– Иймоннинг асли нима?
– Аллоҳ таолонинг атоси – инъоми.
– Иймоннинг ўзи нима?
– Иймон – тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқламоқдир.
– Иймон неча хил бўлади?
– Иймон беш хил бўлади: иймони матбуъ – фаришталарнинг иймони; иймони маъсум – пайғамбарларнинг иймони; иймони мақбул – мўъминларнинг иймони; иймони мавқуф – мубтадеъларнинг иймони; иймони мардуд – мунофиқларнинг иймони.
– Иймон келтириш неча хил бўлади?
– Иймон келтириш икки хил бўлади: иймони муфассал ва иймони мужмал.
– Иймони муфассалнинг сифати нима?
– Еттита нарсага ишонмоқ. “Аманту биллаҳи ва малаикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи ва-л-йавми-л-ахири ва-л-қадари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таоло ва-л-баъси баъд ал-мавти!” демоқ. Яъни, “Аллоҳга, унинг фаришталарига, унинг китобларига, унинг пайғамбарларига, қиёмат кунига, тақдирнинг яхши-ёмонлиги Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг тирилтирмоққа иймон келтирдим!”.
– Иймони мужмалнинг сифати нима?
– Тўртта нарсага ишонмоқ. “Аманту биллаҳ кама ҳува би-асмаиҳи ва сифатиҳи ва қабилту жамиъа аҳкамиҳи ва арканиҳи!” демоқ. Яъни, “Аллоҳга, чунончи унинг исмлари ва сифатлари билан бирга иймон келтирдим. Унинг жами ҳукмлари ва рукнларини қабул қилдим!”.
– Иймоннинг фарзлари нечта?
– Иймон фарзлари тўртта: Аллоҳни танимоқ; Аллоҳга ишонмоқ; иймонни асраб-авайламоқ; иймонни ўзи билан олиб кетмоқ.
– Иймоннинг вожиблари нечта?
– Иймон вожиблари ўн иккита: уламолар билан суҳбатлашмоқ; мунофиқлардан узоқ бўлмоқ; ташна одамга сув бермоқ; беморнинг ҳолидан хабар олмоқ; камбағалларга ғамхўрлик қилмоқ; фарзандларга исломни ўргатмоқ; оиласидагиларга намоз ўргатмоқ; етимлар бошини силамоқ; ўликни ювмоқ; йўлдаги тош ва озор етказадиган нарсаларни олиб ташламоқ; ота-онани зиёрат қилиб турмоқ; ҳажни тавоф қилмоқ.
– Иймоннинг ҳукми нима?
– Икки нарса: дунёвий ва ухровий. Иймоннинг дунёвий ҳукми жони ва мол-дунёси омон сақланишидир. Кимки иймон келтирса, жони ва молига талофат етишидан омон қолади. Ноҳақ бир мўъминни ўлдирилса, шариат унинг қасосини олиб беради. Иймоннинг ухровий ҳукми дўзах оташидан омонлик, жаннатга кириш ва Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлишдир.
– Иймоннинг шартлари нечта?
– Иймон шартлари еттидадир: ғайбга иймон келтирмоқ; ғайб илмини Аллоҳ таолонинг ўзигагина хос деб билмоқ; жаннат ва дўзахни кўрмасдан туриб ҳам иймон келтирмоқ; Аллоҳнинг ҳалол деб белгилаган нарсаларини ҳалол деб билмоқ; Аллоҳнинг ҳаром деб белгилаган нарсаларини ҳаром деб билмоқ; Аллоҳнинг азобидан қўрқмоқ; Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлмоқ.
– Иймоннинг рукнлари – устунлари нечта?
– Иймоннинг арконлари еттидадир. Улар иймоннинг шартлари ҳам дейилади.
– Иймоннинг камолоти нечта?
– Иймоннинг камолоти учтадир: иймон топганига, иймонли бўлганига хурсанд бўлмоқ; иймоннинг кетиб қолишидан ғамгин бўлмоқ; иймоннинг бузилишидан қўрқмоқ.
– Иймоннинг боши нима?
– “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасини айтмоқ.
– Иймоннинг тани нима?
– Беш вақт намоз ўқимоқ.
– Иймоннинг қалби нима?
– Қуръон ўқимоқ. Учта дил жам бўлса, дуо мустажоб бўлади: Қуръоннинг дили – “Ёсин” сураси, инсоннинг дили – иймон-ишончи ва кечанинг дили – ярим тун.
– Иймоннинг нури нима?
– Рост гапирмоқ.
– Иймоннинг зулмати нима?
– Ёлғон гапирмоқ.
– Иймоннинг танглиги нима?
– Бенамоз бўлмоқ.
– Иймоннинг ҳаловати нима?
– Пок бўлмоқ.
– Иймоннинг ҳаками нима?
– Хавф ва ражо – Аллоҳдан қўрқиб ҳам умид қилиб яшамоқ.
– Иймоннинг шариати нима?
– Ҳалол ва ҳаромни танимоқ.
– Иймоннинг улуғлиги нима?
– Худой таолони кўп зикр қилмоқ.
– Иймоннинг пўсти нима?
– Шарм-ҳаё қилмоқ.
– Иймоннинг меваси нима?
– Рўза тутмоқ.
– Иймоннинг тухми нима?
– Илм ўқимоқ.
– Иймоннинг камоли нима?
– Сабр-тоқат қилмоқ.
– Иймоннинг барги нима?
– Тақво – Аллоҳдан қўрқиб яшамоқ.
– Иймоннинг мағзи нима?
– Дуо қилмоқ.
– Иймоннинг томири нима?
– Ихлос қилмоқ.
– Иймоннинг ватани нима?
– Мўъмин банданинг дили.
– Аллоҳ таоло иймонни нимадан яратган?
– Аллоҳ таоло иймонни ўз ҳузуридаги нурдан яратган.
– Сен иймондамисан ёки иймон сендами?
– Мен иймон билан биргаман, иймон мен биландир. Мен мўъминман, иймон менинг сифатимдир.
– Иймон холиқнинг номи билан бўладими ёки банданинг номи биланми?
– Иймон ҳам яратувчининг ва ҳам яралмишнинг номи ила бўлади. “Ла илаҳа иллаллоҳ!” калимасида холиқ номи бор. “Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасида эса яралмиш банданинг номи мавжуд.
– Иймоннинг ҳақиқати нима?
– Тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқламоқ.
– Иймоннинг амали нима?
– Намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа банданинг шариатда қиладиган ишларидир.
– Иймон нима-ю ислом нима?
– Луғат жиҳатидан иккови ҳам бир. Истилоҳда эса фарқли. Демак, иймон Тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқламоқ бўлса, ислом Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсинмоқ ва қайтарган нарсаларидан узоқ бўлмоқдир.
– Дин нима?
– Аллоҳ таоло наздида ислом ҳақ диндир. Аллоҳнинг ва унинг расулининг буйруқларига амал илмоқдир.
– Мўъминларга иймон келтириб юрмоқ фарзми ёки суннатми?
– Иймон мўъминларга суннат, кофирларга эса фарз.
– Иймоннинг ўзи фарзми ёки суннатми?
– Банда илк бор Аллоҳ таолонинг якка-ю ягоналигига иймон келтириши фарздир. Уни такрор қилиб юриш эса суннат.
– Худони танийсанми?
– Ҳа, танийман. У якка-ю ягона, ўхшаши йўқ, куч-қудратли ва оламларни яратган зотдир.
– Сен мусулмонмисан?
– Алҳамдўлиллаҳ, мусулмонман!
– “Алҳамдўлиллаҳ”нинг маъноси нима?
– “Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!” деган маънода.
– Қачондан бери мусулмонсан?
– “ал-Мийсоқ” кунидан бери мусулмонман.
– “ал-Мийсоқ”нинг маъноси нима?
– Аллоҳ таоло руҳларни яратганидан сўнг, уларга: “Мен Сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?!” деб хитоб қилган. Жами руҳлар: “Оре, Сен бизнинг раббимизсан!”, дейишган. Ана шу аҳднома олинган вақт “ал-мийсоқ” деб аталади.
– Мусулмонлик биноси нечта?
– Мусулмонлик беш нарсанинг устига бино қилинган: калимаи шаҳодат – “Ашҳаду ан-ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммад абдуҳу ва росулуҳу!” калимасини айтмоқ; беш вақт намоз ўқимоқ; рамазон ойида рўза тутмоқ; мол-дунёдан закот бермоқ; Байтуллоҳга ҳаж қилмоқ.
– Исломнинг вожиблари қайси?
– Ислом вожиботлари еттитадир: намоз ўқимоқ; фитр садақасини бермоқ; қурбонлик қилмоқ; ҳажга бормоқ; умра қилмоқ; ота-онанинг хизматини қилмоқ; қариндошларга силаи раҳим қилмоқ.
– Шариат ҳукмлари нечта?
– Шариат аҳкомлари саккизтадир: фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳалол, ҳаром мубоҳ, макруҳ.
– Тавҳид нима?
– Бир демоқлик, бир билмоқлик ва бир деб эътиқод қилмоқликдир.
– Иймондан олдинги нарса нима?
– Аллоҳ таолонинг инояти ва ҳидояти.
– Иймондан ҳам яхшироқ нарса нима?
– Иймонни асраб-авайламоқ.
– Иймондан кейинги нарса нима?
– Аллоҳ таолонинг дийдорини кўрмоқ.
– Усули дин – диннинг асослари нечта?
– Усули дин саккизтадир: тавҳид – Аллоҳ таолони якка-ю ягона деб билмоқ; адл – ҳар ишда адолатли ва инсофли бўлмоқ; имомат – охират ишини дунё ишидан олдин бажармоқ; нубувват – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб тан олмоқ; амри маъруф – Аллоҳ таолонинг буюрган нарсаларини адо қилмоқ; наҳйи мункар – Аллоҳ таолонинг қайтарган нарсаларидан узоқ бўлмоқ; табарро – Аллоҳ таолонинг душманларини душман деб билмоқ; тавалло – Аллоҳ таолонинг дўстларини дўст тутмоқ.
– Аллоҳ таолонинг сифатлари нечта?
– Аллоҳнинг сифатлари ўнта: саккизтаси субутий, иккитаси салбий. Субутий сифатлар: илм – Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билувчи; ҳаёт – Аллоҳ таоло абадий ва азалий тирик зот; қудрат – Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир; самъ – Аллоҳ таоло эшитувчи; басар – Аллоҳ таоло кўрувчи; калом – Аллоҳ таоло гапирувчи; ирода – Аллоҳ таоло ҳар нарсани ўзи ихтиёр қилувчи; таквин – Аллоҳ таоло пайдо қилувчи. Салбий сифатлар: Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан покдир; Аллоҳ таолонинг шериги йўқдир.
– Иймоннинг қалъаси нечта?
– Иймоннинг қалъаси учтадир: фарзларни билиб амал қилмоқ; вожибларни билиб амал қилмоқ ва суннатларни билиб амал қилмоқ.
– Иймоннинг нуқсони нечта?
– Иймонга нуқсон етказадиган нарсалар учтадир: куфр, ширк ва шак-шубҳа. Исломда жаҳолат узр эмас!
– Мўъмин вафот этганида иймон қаерга кетади?
– Иймоннинг феъли жони билан қолади, иймоннинг ҳукми тани билан қолади.
(“Бидон” ва “Муҳиммот ал-муслимин” // Чаҳор китоб. – Тошкент, 1892. – Б. 16-29; 127-143.).
Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Етимнинг ҳаққини ейишнинг катта гуноҳ, оғир жиноят ва ўта кетган пасткашлик эканини ҳеч ким инкор қилмаса керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Етимларнинг мол-мулкларини зулм билан еган кимсалар қоринларига дўзахни ебдилар, холос» (Нисо сураси, 10‑оят), дея бежизга таҳдид қилмаган.
«Фалончи етимнинг пулини ўмарибди», дейилса, ҳар қандай виждонли одам ўзи билган энг оғир гаплар билан уни қарғаши, ҳақорат қилиши табиий.
Бироқ, шариат ва воқелик нуқтаи назари билан қарасак, етимнинг ҳаққини ейишдек яна бир катта гуноҳ, оғир жиноят бор, аммо негадир кўпчилик унга бепарво. Бу ‒ омманинг молидан ноҳақ, ўғрин-ча, ейишдир.
Очиғини айтиш керак, постсовет мамлакатларда давлатнинг мулкини ўмариш одат тусига кириб, одамларнинг қон-қонига сингиб кетди. Одамлар давлатнинг мулкини худди эгасиз молдек тасаввур қиладиган бўлиб қолган. Давлатнинг мулкидан ўғрилаётганлар ўзини ҳеч ноқулай ҳам ҳис қилишмайди, худди отасидан қолган боғдан олма егандек, халқ мулкини бемалол ўпқонига тиқаверади. Ўрни келса, бу борада мусобақалашиб ҳам кетишади.
Бунинг бир қатор сабаблари мавжуд бўлиб, шулардан бири биздаги замонавий давлатчиликнинг тарихий илдизига бориб тақалади. Даҳрийлар инқилоб қилиб, Русия ҳукуматини ағдарди, уларнинг тож-тахтини, мол-мулкини талон-тарож қилиб, тортиб олди. Кейин бу талончилик давом этиб, кенгайиб, бутун бир халқнинг юқори қатламига тегишли барча нарса мусодара қилинди. Даҳрий тузумга қарши чиққанлар, зиёлилар, ҳур фикрли, онгли кишилар халқ душмани деб эълон қилиниб, ўлдирилди, қамалди, сургун қилинди. Шунинг учун ўша пайтдаги мазлум қатлам бу давлатга нисбатан аламзада бўлиб қолди, «давлат менинг насабимни, мавқеимни, мол-мулкимни тортиб олди, энди мен ҳам давлатникини совураман, чунки унда менинг ҳаққим бор» деган тушунчада бўлди. Совет даврининг охирига бориб, ниҳоятда оммалашган бу тушунча бутун халққа сингиб, давлатнинг мулкини ўғирлаш оддий иш бўлиб қолди, ҳатто уддабуронлик ҳисоблана бошлади.
Шу зайлда давлат халқнинг мулкини, халқ давлат мулкини талон-тарож қилишга одатланиб қолди. Буларнинг барчаси давлат билан халқ ўртасида жарлик, беаёв душманликни янада чуқурлаштириб юборди. Бугун ҳам мана шу руҳият кўп жойда ҳукмрон. Бу, Қуръон таъбири билан айтганда, халқнинг ўз-ўзини ўлдиришидир (Нисо сураси, 29-оятга ишора).
Минг афсуски, мустабид тузум парчаланиб, юртимиз мустақил бўлса ҳам, жуда кўпчиликда давлатнинг мулкига нисбатан ана шундай нотўғри муносабат сақланиб қолди. Жамиятни бугунгача зимдан қўпориб, емириб, заҳарлаб келаётган коррупция, порахўрлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, бировларнинг мулкини алдов ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш ана шу манфур тузумдан қолган разил сарқит, десак, хато бўлмайди.
Аслида давлат мулки омманинг моли бўлиб, уни ноҳақ ва яширинча олиш энг оғир ҳаромлардан саналади.
Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда омманинг молидан яширинча олиб ейиш «ғулул» дейилади. Бу сўз одатда ўлжа тақсимланмасдан олдин ундан бирор нарсани махфий равишда олишни билдиради, лекин уламолар бу нарса омманинг молидан яширинча ейишнинг барча кўринишларини ўз ичига олишини таъкидлашади.
Руммоний айтади: «Ғулул сўзи «ғолалун» сўзидан олинган бўлиб, аслида сувнинг дарахтлар орасига сингишига айтилади. Хиёнатда мулкка одамлардан махфий суратда, ҳалол бўлмаган йўл билан кирим бўлгани учун бу гуноҳ «ғулул» деб аталган».
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
«Кимки ғулул қилса, ўлжага хиёнат қилса, Қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади. Сўнгра ҳар бир жон қилган қилмишини(жазосини) тўлиқ олади. Уларга зулм қилинмас».
Демак, ким омманинг мулкидан яширинча бирор нарса олса, Қиёмат куни маҳшаргоҳга ўша нарса бўйнига осилган ҳолда келади, одамлардан яшириб қилган хиёнати барчага ошкор этилади. Бу ҳолатнинг тафсирини бевосита ҳадиси шарифда ўқишимиз мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, ғулул ҳақида сўзладилар. Унинг гуноҳи катталигини, иши оғирлигини гапириб, шундай дедилар: «Қиёмат куни бирортангиз елкасида маъраётган қўй билан, кишнаб турган от билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, сенга (ҳукмларни) етказганман», демайин. Елкасида ўкириб турган туя билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», деб турмайин. Елкасида унсиз нарса билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин. Ёки елкасида ҳилпираб турган бир парча латта билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин».
Бухорий ва Муслим ривояти.
Бу ҳадиси шарифда ким омманинг молидан нимани ўғирлаган бўлса, Қиёмат куни ўшани елкасига ортган ҳолда келиши, унга ҳатто шафоатчиларнинг пешвоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёрдам бера олмасликлари таъкидланмоқда. Бундан оғир ҳолат бўлмаса керак.
Омманинг мулкидан ўмаришнинг катта-кичиги бўлмайди, барчаси ҳаром ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да бу ҳақда алоҳида боб очиб, уни «Ғулулнинг ози ҳақида», деб номлайди ва унда бундай хиёнатнинг ози ҳам оғир гуноҳ эканига далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтиради:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларига Киркира деган киши мутасадди эди. У вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Бориб қарашган эди, бир абоа (чопонга ўхшаш устки кийим) топиб олишди. У буни ўлжага хиёнат қилиб олган экан».
Омманинг молидан ҳақсиз равишда, яширинча олиш ҳатто шаҳидни ҳам дўзахга улоқтиради. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Бир қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётган эди, тўсатдан дайди ўқ келиб, ўша қулга тегди. Одамлар: «Унга шаҳидлик қутлуғ бўлсин!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни ўлжалардан улушлар тақсим бўлмай туриб олган шамласи (ўраниб олинадиган устки кийим) унинг устида олов бўлиб ловуллайди», дедилар. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитган заҳоти бир пойабзал ипини олиб келиб, «Мен мана шуни олган эдим», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу дўзахдан (олинган) пойабзалнинг ипи!» дедилар».
Қаранг, ким омманинг молидан бирор нарса олса, дўзахдан ўшанча улуш олган ҳисобланар экан. Бир ип олса, дўзахдан бир ип, бир кўйлак олса, дўзахдан бир кўйлак олган бўлади. Бу маъно бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланади.
Имом Термизи Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаромдан битган ҳар бир эт дўзахга муносибдир», деганлар.
Имом Бухорий Хавла Ансорийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳнинг молига ўзини ноҳақ урадиган кишиларга Қиёмат куни дўзах бўлади», деяётганларини эшитганман».
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, «Яъни мусулмонларнинг мол-мулкини ботил тасарруф этадиганлар», дея изоҳлайди.
Демак, мусулмонларнинг молига масъул бўлган киши уни ўзига эмас, бировга ноҳақ берса ҳам, ўзига дўхазни сотиб олган бўлар экан.
Бу ҳадиси шарифда эътибор бериладиган яна бир нукта шуки, омманинг моли Аллоҳнинг моли ҳисобланар экан. Бинобарин, халқнинг мулкини ўмараётган кимса Аллоҳнинг молидан олаётганини унутмаслиги керак.
Кимдир «Нима учун омманинг моли етимнинг ҳаққига тенглаштирилмоқда?» дейиши мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Омманинг молида етимнинг ҳаққи бўлиши тайин, чунки умумий бойликда бутун халқнинг ҳаққи бор, жамиятда эса етимлар бўлиши табиий. Бинобарин, омманинг мулкидан ноҳақ олган киши қайсидир етимнинг ҳаққини ҳам олган бўлади. Аммо у қайси етимнинг қанча ҳаққини олганини била олмайди ва шу жиҳатдан бунинг гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Бу гуноҳнинг тавбаси чин қалбдан надомат чекиш, бу ишни қайтиб қилмасликка қатъий жазм қилишдан ташқари ўша ноҳақ олинган молни тўлалигича ўз жойига қайтариш билангина бўлади.