Азиз ва муқаддас ватанимиз истиқлол неъматини қўлга киритгандан сўнг барча соҳалар қаторида биз мусулмонлар ҳам миллий ва диний урф одатларимизни эркин ва озод амал қилиш бахтига мушарраф бўлдик. Масжид ва мадрасаларнинг очилиши, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари кунини дам олиш куни деб эълон қилиниши, муборак Ҳаж ва Умра ибодатларини осонлик билан адо этишимиз шулар жумласидандир. Барча ислоҳотлар қаторида ислом таълимоти моҳиятини эътиборга олиб Президентимиз ташаббуслари билан Тошкентда Ислом Цивилизацияси маркази, Бухорода Баҳоуддини Нақшбанд (қуддиса сирруҳу) ёнларида Тасаввуф илми, Самарқандда Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) ёнларида “Ҳадис илми” ва Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот” маркази очилиши, Бухорои шарифда “Мир араб” олий таълимгоҳига ижозат берилиши, Қашқадарёда Абу Муин Насафий (раҳимаҳуллоҳ) ёнларида эътиқод илми, Фарғонада Бурҳониддин Марғиноний наздларида фиқҳ илми, Сурхондарёда Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) мажмуаларини обод қилиб, Термизда мадраса ва “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази” очилишини йўлга қўйилиши таҳсинга сазовордир.
“Агар менинг берган неъматларимга шукр қилсаларинг албатта уни сизларга зиёд қиламан" (Иброҳим, 7-оят) деб мужда берилган Қуръони каримда. Бошқа бир оятда “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизиз, ҳеж қачон саноғига ета олмайсизлар” (Иброҳим, 34-оят) деб марҳамат қилинган. Аллоҳ таоло кимга кўп неъмат берган бўлса, шунча кўп шукр айтмоқни ҳам талаб қилар экан. Аммо биз саноғига етиб бўлмайдиган неъматларнинг замонида яшаб турганимиз учун неъматларнинг шукрини одо қила олмаслигимиздан Аллоҳ таолога узр айтиб ожизлигимизни билдиришимиздан бошқа иложимиз йўқ. Зеро, бошимиздаги оқилу одил раҳбарлар, ноз-неъматларнинг тўкин-сочинлиги, танимизнинг сиҳатлиги, диёримизнинг тинчлигию осудалигини Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматлардан деб билиб, шундай азиз ватанда яшаётганимизга шукр қилиб, қадрига етишимиз шарт ва лозимдир.
Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 80-оятида кўп неъматлар қаторида бандаларни уй-жойлар билан таъминланганини ҳам улуғ неъматлардан эканлиги ва унга шукр айтмоғимиз лозимлгини эслатиб бундай марҳамат қилган. “Ва Оллоҳ сизларга (иссиқ-совуқдан сақланишингиз, зарарли нарса ва жониворлардан саломат қолишингиз учун) ўйларингизни сукунат (оромгоҳ) қилди...” .
Аммо мазкур суранинг 113-оятида тинч ва сулҳу омонликда яшаган шаҳар (Макка) аҳли ношукрлик қилганлари учун уларни хавф (қўрқинч) ва очлик билан жазолангани ҳақида ҳам хабар берилган.
Биз бандалар ҳожатимиз учун бир киши бир нарса берса унга минг таъзим қиламиз. Аммо бизга беминнат берган тинчлик, фаровонлик, мислсиз нозу неъматлар, ўй-жой, ватан, аҳлу-аёл, фарзанддек улуғ неъматларни ато этган Зотни унутамиз, фармонига итоат этмай, мол-мулклармизни исроф ва азиз умримизни беҳудага сарф қиламиз, доруломон кунларни қадрига етмаймиз ва ҳатто нон, тузини еб мусаффо ҳавосидан нафас олиб вояга етган азиз ватанимизга хиёнат қиламизки, бу айни хато ва ношукрликдир.
Ношукрлик бор жойдан меҳр-оқибат, имон-эътиқод, диёнат қочади. Буни ҳар бир мусулмон тўғри англаши керак. Ҳар бир қарич ер, тупроқ биз учун қанчалар азиз. У бизнинг ватанимиз, у бизнинг оиламиз, унга киндик қонимиз тўкилган. Шундай муқаддас заминимиз борлигидан шукроналар айтсак арзийди. Бу тупроқни ёт унсурлардан асраб-авайлаш, ҳимоялаш ўзини «Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман» деган ҳар бир инсоннинг шарафли вазифасидир.
Юрт тинч бўлса, оиламиз тинч, болаларимиз соғ-омон бўлади. Шунинг учун Ватан осойишталигига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик! Зеро, огоҳ ва ҳушёр бўлмоқ ҳар кимнинг виждони ва эл-юрт олдидаги муқаддас бурчидир.
Фазлиддин КАРОМАТУЛЛОҲ,
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчаси
"Хожа Алоуддин Аттор" жоме масжиди имом-хатиби.
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати