Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Сентябр, 2026   |   21 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:51
Пешин
12:22
Аср
16:59
Шом
18:57
Хуфтон
20:15
Bismillah
03 Сентябр, 2026, 21 Рабиъул аввал, 1448

Қалб қорайишининг аломатлари

27.11.2023   4226   2 min.
Қалб қорайишининг аломатлари

– Гуноҳ кетидан гуноҳ қилаверса, банда назарида катта гуноҳ ҳам кичкина бўлиб қолади;

– гуноҳ содир этган киши тоат-ибодат лаззатидан маҳрум бўлади;

– гуноҳ инсон қалбини қорайтиради, юзини шувит қилади;

– гуноҳлар қалбнинг, тананинг кучини қирқади. Шунинг учун осий банда танаси кучсиз,

иродаси бўш бўлади;

– гуноҳкор юзидан ҳаё пардаси кўтарилади;

– гуноҳ туфайли шаръий илмдан барака кетади, киши ўқигани хотирасида қолмайди. Чунки 

илм қалбга нур бағишлайди, маъсият эса дил нурини сўндиради;

– гуноҳ инсон зеҳнини пасайтиради;

– гуноҳ кетидан гуноҳ қилавериш қалбни тошдек қотириб юборади;

– гуноҳкор ўзини ёлғиз, ҳимоясиз сезади;

– гуноҳкор банданинг ҳаёти оғирлашади, ишлари юришмайди, ҳар қадамда қандайдир

муаммога дуч келаверади;

– гуноҳкор банда тириклигида, қабрда, охиратда танг аҳволда қолади;

– гуноҳлар сабаб банда қўлидаги неъматдан айрилади;

– гуноҳлар умрни қисқартиради;

– гуноҳ туфайли кишининг топган-тутганидан барака кетади;

– гуноҳкор одамнинг боши балодан чиқмайди, қачон қарасангиз қандайдир фалокатга 

йўлиқаверади;

– Қуръон, жаннат дўзаҳ ҳақидаги оятларни эшитса ҳам таъсир қилмай қолади.

Олдинлари менда чинакам қалб тақвоси бор эди. Ҳар доим Аллоҳдан қўрқиб юрар эдим. Аллоҳни зикридан бошқа сўзни умуман сўзлашни хохламас эдим. Аллоҳни зикр қилганимда қалбим янада очилиб борарди. Қуръон оятларини, дўзаҳ ҳақидаги оятларни эшитганимда сесканиб кетар эдим. Ҳозир эса қалбим жуда қорайиб кетган. Хатто баъзида мен ҳам мусулмонманми? Деб юрадиган бўлиб қолганман. Аллоҳим қалбларимизни тўғри йўлингга бургин. Бизларни бу тўрт кунлик дунё матоҳлари билан фитналантириб қўймагин.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир

03.09.2026   1153   4 min.
Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).


Уламоларнинг баъзилари: “Барча яхшиликлар шу ҳадисда жамланган”, деган бўлсалар, айримлари: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, чунки ҳукмлар Ҳақ таолога ёки махлуқотларга тегишли бўлади. Ушбу ҳадис махлуқотларга тегишли ҳукмларни ёритиб берган”.


“Жомеъул кабир” китобида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Салом айтади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Менга қўшним озор беряпти”, дедим. Шунда у зот: “Сабр қил”, дедилар. Иккинчи марта келганимда ҳам: “Сабр қил”, дедилар. Учинчи бор келганимда: “Кўч-кўронингни йиғиштир-да, кўчага олиб чиқ. Ким учраса, унга: “Қўшним менга озор бермоқда”, деб айтгин”, дедилар. Шу сабаб ўша қўшнинг инсонларнинг маломатига қолади» деб, сўнгра: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”, дедилар.


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса…” жумласидаги “иймон”дан мурод “мукаммал иймон”дир. Аллоҳ ва охират кунига хосланганининг ҳикмати шуки, Яратган Зотга ва қиёматда амалига яраша жазо берилишига иймон келтирган киши “Яхши гап гапирсин ёки жим турсин”.


Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар бир киши гапиришни хоҳласа, гапирадиган гапи ҳақиқатан яхши ва савобга лойиқ бўлса, гапирсин. Агар гапирмоқчи бўлган гапи ҳаромга ёки макруҳга элтадиган бўлса, тийилсин”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирор сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деган (Қоф сураси, 18-оят).


Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд Моликий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Барча яхши одоблар тўрт ҳадисдан тармоқланади:

  1. “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин”;
  2. “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир”;
  3. “Ғазабланма”;
  4. “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам раво кўрмагунигача мўмин бўла олмайди”.


Луқмони Ҳаким ўғлига бундай васият қилган: “Агар гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир”.


Ибн Муборак айтади: “Агар гап Аллоҳ таолонинг тоати борасида бўлса, кумушдир, Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан сукут қилмоқ эса олтиндир”.


Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсонларнинг энг яхшиси ўз тилига эгалик қила олганидир”.


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Қўшнига яхшилик қилиш, унга озор бермаслик мўмин киши Исломининг тўғрилиги ва иймонининг комиллигидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўз Каломида бундай деган: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас” (Нисо сураси, 36-оят).


Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «“Аллоҳга қасам, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди”. Шунда Расулуллоҳдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули, ким у?” У зот: “Қўшниси унинг озорларидан, ёмонликларидан ва азиятларидан омонда бўлмаган киши”, дедилар».


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Бу хислат пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг хулқлари, одатлари ва Исломнинг гўзал одобларидандир. Иброҳим алайҳиссалом “Меҳмондўстларнинг отаси” деб куняланган. Чунки у зот бир ёки икки мил (ўртача 4000 қадам) юриб, шу аснода дуч келган кишини уйига олиб келиб меҳмон қилган. 


Ўткир МАҲМУДОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир
Ибратли ҳикоялар