Бизга маълумки, бугунги кунда мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқдалар. Мазкур ҳудудларда дин ниқоби остида очиқдан-очиқ зўравонлик, бузғунчилик, мусулмончиликка зид, ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Террористик ташкилотлар, айниқса, интернет тармоғида гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақида тарғибот-ташвиқот олиб бораётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар алданиб “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудига бориб, ушбу гуруҳлар сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Яна эътибор бериш лозим бўлган бир ҳолат, экстемистлар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқармоқдалар. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадиси шарифларида баѐн қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли кофир демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Яна бир ҳадиси шарифда: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек гуноҳкор бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари) деганлар. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи ва экстремистик гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар
Н.Абдуманнонов
Самарқанд шаҳар
“Дамариқ” масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати