Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Диний имкониятлар...

05.08.2021   2745   3 min.
Диний имкониятлар...

Тараққиётимизнинг ривожланаётган босқичида янги Ўзбекистонда диний қадриятларни тиклаш ва асраб-авайлашга қаратилган кўплаб ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий қилинмоқда.

Буюк алломаларимизнинг зиёратгоҳлари тикланиб, уларнинг илмий мерослари ўрганишга кенг эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Ҳаким Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Сузук ота каби алломаларимиз номлари билан боғлиқ қадамжолар ободонлаштирилди.

Шунингдек, Наманган вилоятидаги “Султон Увайс Қораний”, Мавлоно Алийюл қори ва “Ғойиббува” номидаги масжид-мажмуаларининг янги биноларининг оичлиши ҳамда Исоқхон тўра Ибрат номли музей, илмий мактаб ва боғ барпо этилиши юртдошларимизнинг янада қувончига қувонч бағишлади.

Айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг жаҳон андозаларига тўла мос келадиган янги ўқув биноси, анжуманлар зали ва спорт комплекси биноларининг фойдаланишга топширилиши вилоят аҳлининг қалбини сурур билан нурафшон этди.

Юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш имкониятлари яратилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва Мир Араб олий мадрасаси каби янги муассасаларнинг ташкил этилгани, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф мактабларига асос солингани, ўнлаб янги масжидлар очилаётгани бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканидан далолат беради.

“Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш йўлга қўйилди.

Ислом анъаналарига хос меҳр-шавқат, саҳоват ва хайрия ишларини кучайтириш, диний соҳа ходимларини рағбатлантириш каби эзгу мақсадларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Сайт ва ижтимоий тармоқларда ислом дини маърифати мавзуларини кенг ёритишда эркинлик таъминланиши баробарида салмоқ ва сифат ҳам сезиларли даражада ошди.

Мўмин-мусулмонларнинг диний саволларига ўз вақтида тезкор жавоб бериш мақсадида, колл-марказ, телеграм бот ва алоҳида фатво.уз сайти ишга туширилди.

Аллоҳ таоло қуръони каримда:

 “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”,- деб таъкидлаган (Иброҳим сураси 7-оят).

Инсон ўзидаги неъмат ҳақида мулоҳаза юритиши, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриши билан унинг қадрини англайди.

Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди.Албатта, бу Аллоҳ таолога хуш келади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга юқоридаги каби неъматларнинг қадрига етиш, унинг учун шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиш йўлида савобли амалларни қилишимизни насибу рўзи айласин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Оллоҳшукур Пошшозода: Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб биламан ва унинг ҳар бир ютуғидан чин дилдан қувонаман

02.09.2026   58348   3 min.
Оллоҳшукур Пошшозода: Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб биламан ва унинг ҳар бир ютуғидан чин дилдан қувонаман

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Қардош Ўзбекистон халқини истиқлол айёми билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, тараққиёт ва янги ютуқлар учун Аллоҳ таолодан хайрли дуолар сўрайман.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон улуғвор тарихий йўлни босиб ўтиб, мард ва олижаноб ўзбек халқининг мустаҳкам иродаси туфайли юксак ютуқларга эришди. Бугун мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда катта тараққиётга эришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб билиб, уни ҳамиша қалбимда асраб келаётган инсон сифатида қардош ўзбек халқининг ютуқларидан чин дилдан қувонаман. Ўзбекистон ривожи ва фаровонлиги йўлида бор куч-қувватини аямай келаётган фидокор раҳбар – Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг беқиёс меҳнатларини алоҳида эътироф этаман.

Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакат сўнгги ўн йил давомида Учинчи Ренессанс даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон бугун давлат раҳбарининг юксак сиёсий тафаккури ва саъй-ҳаракатлари туфайли ислом оламида ёрқин нур сочаётган маданий-маънавий марказга айланди.

Ушбу заҳматларнинг ёрқин намунаси бўлган Ислом цивилизацияси марказини бутун дунё мусулмонларига тақдим этилган бебаҳо туҳфа десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек мутафаккирларининг қимматли илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш Ўзбекистон заминининг асрлар давомида шаклланиб келган маърифат ва ирфон маркази мақомини яна бир бор ифодалайди.

Ўзбекистон етакчиси билан ҳар бир учрашув ва мулоқот мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кўрсатаётган юксак эътибори учун чексиз миннатдорлик билдираман. Яқинда Ўзбекистон Президенти томонидан “Эл-юрт ҳурмати” орденининг топширилиши менда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди ва бундан бениҳоя фахрланаман.

Мустақил Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқаларимизни янада кенгайтириш халқларимиз учун кўплаб имкониятлар яратади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида қарор топган мустаҳкам қардошлик муносабатлари, ўзаро ташкил этилаётган учрашувлар алоҳида қадр-қимматга эга бўлиб, бизга маънавий куч бағишлайди.

Давлат раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари ва оқилона сиёсати туфайли Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда кенгайиб, қардошлигимиз иттифоқчилик даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади. Бу мамлакатнинг ҳар бир ютуғидан беҳад қувонаман ва унинг доимо юксак чўққиларни забт этиши учун дуолар қиламан.

Ўзбекистонда олий диний таълим олиб, Озарбайжон ва Кавказда Шайхулисломлик мақомига кўтарилган инсон сифатида Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг миллий-маънавий қадриятлари ҳамда тарихий меросимизга берилаётган эътиборни юксак қадрлайман.

Дунёда кечаётган мураккаб даврда қардош халқларимиз ўзларининг тарихий-маънавий меросларига суянган ҳолда муносиб келажак қуриш йўлида ишонч билан одимламоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасида муносабатларимизнинг янада кенгайиши Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатаётган лутфу карамидир.

Озарбайжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қайта тиклаш ишлари, диний-маънавий меросни қайта тиклаш жараёнига туркий давлатлар орасида биринчи бўлиб ўз эзгу туҳфаларини тақдим этган Ўзбекистон халқи ва давлат раҳбарига чин қалбимиздан миннатдорлик билдирамиз.

Яна бир бор Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қардош ўзбек халқини самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллайман.

Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ раҳмати ва карамидан барчамизни баҳраманд этсин. Эзгу орзу-ниятлар ва хайрли мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида Аллоҳ мададкор бўлсин. Омин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари