Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Август, 2026   |   9 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:39
Пешин
12:26
Аср
17:13
Шом
19:16
Хуфтон
20:38
Bismillah
22 Август, 2026, 9 Рабиъул аввал, 1448

Мазҳаблар мусулмонларни бўлиб ташламаган!

05.08.2021   1633   7 min.
Мазҳаблар мусулмонларни бўлиб ташламаган!

Сохта салафийлар “Тўрт мазҳаб имом­лари шариат масалаларида му­сулмонлар ўртасини бўлиб ташлаганлар”, дея даъво қилишади. Чиндан ҳам шундайми?

Тўрт мазҳаб имомлари ва фақиҳларининг ихтилофи шариатнинг фуруъий масалаларида бўлган, холос. Аммо ақида ва усулуд динда эса уларнинг ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Фуруъий масалалардаги айрим кичик баҳслар саҳобалар замонидан бери мавжуд.

Мисол учун, Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу­мо “авл”1 – илми фароизга тегишли масала ҳақида Умар розийаллоҳу анҳуга хилоф қил­ган. Умар розийаллоҳу анҳу фикрига эса жумҳур саҳобалар бир овоздан қўшилишган. Бу ҳақда Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бирор нарса демаган. Лекин ижмо, кейин Умар ва саҳобалар розийаллоҳу анҳумнинг “авл” ҳақидаги фикрларини ҳақ деб топган.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг Меърож кечасида Рабби­ларини кўрганлари ҳақида ҳам ихти­лоф қилишган. Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва улардан бошқа саҳобалар: “Ал­батта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Раббилари­ни кўрганлар”, деган. Ойша, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳумо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббиларини кўрмаганлар, балки Жаброил алайҳиссалом­ни кўрганлар”, дейишган.

Тобеинлар замонида фуруъ2 масалалари­да мужтаҳидларнинг ихтилофлари ҳам кўзга ташланади. Ҳар бир Ислом ўлкасининг ўз мужтаҳидлари бўлган. Масалан, Ироқ ва Ҳижознинг ушбу мужтаҳидлари машҳур бў­лишган: Урва ибн Зубайр, Солим ибн Аб­дуллоҳ ибн Умар, Алқама ибн Мусаййиб, Нофеъ, Сулаймон ибн Ясор ва бошқалар. Шунингдек, бошқа исломий ўлкаларнинг мужтаҳидлари ҳам илмда донг таратишган.

Табаа тобеинлар ва мужтаҳид имомлар замонида ижтиҳодий фуруъ масалаларида ихтилоф давом этди. Ушбу замонларнинг яхшилиги ҳақида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гу­воҳлик берганлар.

Мужтаҳидларнинг фуруъ масалаларидаги ихтилофлари мусулмонларни бўлиб, уларни фирқа-фирқа қилиб ташламаган. Асҳоби ҳаволар3 эса – муътазилалар ва хаворижлар4 Ислом умматини пароканда қиладиган фир­қалар­дан ҳисобланади.

Фуруъ масалаларида фақиҳларнинг ихтилофларидан зарар кўрилмаган. Бу ихтилофлар мусулмонларни ажратиб ташлашга олиб бориши мутлақо мумкин эмас.

“Бир масалада ижтиҳодлар кўп бўлиши­нинг сабаби нима? Ахир, Қуръон ҳам, араб тили ҳам бир-ку! Фақиҳ­лар фуруъ маса­лала­ридаги ихтилофни қўйиб, барча ижтиҳодла­рини битта қилишса бўлмас­миди?” деган савол туғи­лиши табиий.

Мен бу саволга бундай жавоб бераман: “Бу мушкул ишдир. Чунки Китоб ва суннатнинг насс5-далиллари таркиблар ҳамда хилма-хил услубларга эга, арабий лафзлардан таш­­кил топган бўлса-да, лекин улар бир-бири­га зид эмас. Булар ўз атрофидаги фикр­ларнинг саноғида ва улардан олинадиган ҳукмларнинг навларида бир хил.

Имом Шотибий бу масалаларни жамлаган. Ибн Саййид уни “Мужтаҳидлар ўртасида хилофга олиб борадиган сабаблар” деб сарлавҳа қўйиб, қуйи­дагича баён этган:

  1. Лафзларда бўладиган муштараклик бу лафзлар­нинг таъвилларга эҳти­молидир. Бу уч қисмга бў­ли­нади:

а) ёлғиз бир лафзнинг ўрнидаги муштарак­лик бўлиб, “қуруъ” сўзи кабидир. Бу сўз ҳайзга далолат қил­ганидек, покликка ҳам далилдир.

б) сўзнинг тусланишидаги муштараклик. Аллоҳ таолонинг: وَلَا يُضَارَّ كَاتِبٌ وَلَا شَهِيدٌ

“Котиб ҳам, гувоҳ ҳам зарарланмайди” (Бақара сураси, 282-) оятида “Ва ла юзоорра” сўзи котиб ёки гувоҳ томонидан ўз ишида зиёда ва камчилик билан зарар келиши жоиз эмас, деган маънога эҳтимол қилинади. Шунингдек, у котиб ёки гувоҳга ўз мажбуриятларини бажараётган пайтда зарар бериш жоиз эмас, деган маънога ҳам эҳтимол қилади.

в) таркиб жиҳатидан муштараклик. Аллоҳ таоло­нинг: إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ وَالْعَمَلُ الصَّالِحُ يَرْفَعُهُ

Хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур” (Фотир сураси, 10-) оятида “ҳо” лафзи яхши амалга қайтиши эҳтимол қилинади. Шу­нингдек, хуш сўзга ҳам.

  1. Лафзни ҳақиқий ва мажозий маъноларга буриш. Бу ҳам уч қисм:

а) ёлғиз лафзга қайтувчи нарса. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзла­рига ўхшаш: “Раббимиз дунё осмонига тушади”. “Тушади” деган лафз ҳақиқатан тушишга ва мажозий тушишга эҳтимол қилинади. Лекин Аллоҳнинг комиллиги ва улуғ­лигига муносиб бўлган нарса уни ўз ҳақиқатидан буриб юборади. Аҳли сунна вал жамоа наздида эса унинг мажозга ҳамл қилиниши вожиб бўлади. Аммо мужасси­малар6 эса уни аслича қолдиришган.

б) лафзнинг аҳволига қайтадиган нарса. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшаш:

بَلْ مَكْرُ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ

Балки кеча ва кундузнинг макри” (Сабаъ сураси, 33-) ­оятида макр кофирлардан бўлганига эҳтимол қилинади. Бу эса ҳақиқатдир. Макр кеча ва кундуздан бўлганига ҳам эҳтимол қилинади, бу эса мажозийдир.

в) таркиб жиҳатига қайтадиган нарса имконсиз нарсани мумкин бўлган нарса шаклида келтириш, буйруқ феълини хабар суратида келтириш, мадҳни айблов сийғаси билан келтириш ва ҳоказо.

  1. Далилни ҳукм билан мустақил бўлиш ва бўлмаслик ўртасида айлантириш. Лайс ибн Саъднинг Абу Ҳанифа, Ибн Абу Лайло ва Шибрима билан байъ ва шарт масаласида келтирган ҳадисига ўхшаш. Шу ўринда Лайс ибн Саъд байъ ва шартдан қайтарилган ҳадисни мустақил қилди, бу ўринда бошқалар мустақил қилишмади.

Далилни умумий ва хос маъноларга буриш. Аллоҳ таолонинг:

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ

“Динга мажбурлаб киритиш йўқ” (Ба­қара сураси, 256-) ояти одамларнинг ҳам­масини Ислом динини қабул қилиш­ларига зўрлашни бекор қиладиган умумий ҳолатми? Ёки аҳли китобларнинг жизяни7 қабул қи­лишлари билан уларга умумий айтганми? Ёхуд оят улар туфайли нозил бўлган кишиларга тегишлими?

  1. Ровийларнинг ва ҳадисни ривоят қилиш йўлларининг саноғидаги ихтилоф. Гоҳида ривоят мужтаҳидга саҳиҳ йўл орқали етиб келса, бошқаси уни саҳиҳ деб топмайди. Гоҳо эса уларнинг баъзисига бир лафз билан етиб келса, бошқасига бошқа лафз орқали етиб келади. Чунки ҳадислар улуғлигига кўра маъно билан ҳам ривоят қилинади.
  2. Ижтиҳод ва қиёс8нинг жиҳатлари. Яъни, қиёснинг йўлларидаги ва шартла­ридаги ихтилофлар. Ижти­ҳоднинг василаларидаги, иллатидаги ва зобиталаридаги ихтилофлар.
  3. Китоб ва суннатда насх­нинг8борлиги. Шу ўрин­да жумҳур уламолар насх­нинг мавжудлигини айтишса, бошқалари уни инкор этадилар. Унинг борлигини айтгувчилар эса носих-мансух оят ва ҳадислар тўғрисида ихтилоф этишади. Чунки Набий соллалло­ҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда чегараланган баён келмаган. Саҳобалардан эса жуда кам нарса келган.
  4. Далилларнинг мубоҳ­ликни ва ундан бошқасини эҳтимол қиладиган бир қан­ча йўлларга биноан келиши.

Бу ҳадисларнинг барчаси ҳам саҳиҳ бўлиб, уларнинг баъзиларини муж­та­ҳидлар ҳужжат қилиб олишган бўл­са, баъзиларини эса йўқ.

Мухтасар айтганда, сох­­та салафийлар айтаёт­га­­нидек, аҳли сунна вал жамоа маз­ҳаблари мусул­монларни бўлиб ташла­маган, балки муж­та­ҳидларни бирор фуруъий масалада далил-ҳуж­жатлар асосида баҳсла­шиб, ҳақиқатни онгли равишда англаб етишга чорлаган. Зотан, адолатли ва асосли баҳс тараққиётга хизмат қилади.

Доктор Абдулқодир Исо Диябнинг

“Ал-Мийзан ал-одил литамйизал ҳаққи

минал ботил” китобидан

Тошкент шаҳар

“Ал-Бадр” жоме

масжиди имом ноиби

Муродуллоҳ МАЖИДОВ

таржимаси

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

22.08.2026   5105   4 min.
Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?

“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.

“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.

“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?(Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.

Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.

Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.

Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.

Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.

Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.

Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.

Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА