Сохта салафийлар “Тўрт мазҳаб имомлари шариат масалаларида мусулмонлар ўртасини бўлиб ташлаганлар”, дея даъво қилишади. Чиндан ҳам шундайми?
Тўрт мазҳаб имомлари ва фақиҳларининг ихтилофи шариатнинг фуруъий масалаларида бўлган, холос. Аммо ақида ва усулуд динда эса уларнинг ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Фуруъий масалалардаги айрим кичик баҳслар саҳобалар замонидан бери мавжуд.
Мисол учун, Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо “авл”1 – илми фароизга тегишли масала ҳақида Умар розийаллоҳу анҳуга хилоф қилган. Умар розийаллоҳу анҳу фикрига эса жумҳур саҳобалар бир овоздан қўшилишган. Бу ҳақда Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бирор нарса демаган. Лекин ижмо, кейин Умар ва саҳобалар розийаллоҳу анҳумнинг “авл” ҳақидаги фикрларини ҳақ деб топган.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Меърож кечасида Раббиларини кўрганлари ҳақида ҳам ихтилоф қилишган. Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва улардан бошқа саҳобалар: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Раббиларини кўрганлар”, деган. Ойша, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳумо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббиларини кўрмаганлар, балки Жаброил алайҳиссаломни кўрганлар”, дейишган.
Тобеинлар замонида фуруъ2 масалаларида мужтаҳидларнинг ихтилофлари ҳам кўзга ташланади. Ҳар бир Ислом ўлкасининг ўз мужтаҳидлари бўлган. Масалан, Ироқ ва Ҳижознинг ушбу мужтаҳидлари машҳур бўлишган: Урва ибн Зубайр, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Алқама ибн Мусаййиб, Нофеъ, Сулаймон ибн Ясор ва бошқалар. Шунингдек, бошқа исломий ўлкаларнинг мужтаҳидлари ҳам илмда донг таратишган.
Табаа тобеинлар ва мужтаҳид имомлар замонида ижтиҳодий фуруъ масалаларида ихтилоф давом этди. Ушбу замонларнинг яхшилиги ҳақида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳлик берганлар.
Мужтаҳидларнинг фуруъ масалаларидаги ихтилофлари мусулмонларни бўлиб, уларни фирқа-фирқа қилиб ташламаган. Асҳоби ҳаволар3 эса – муътазилалар ва хаворижлар4 Ислом умматини пароканда қиладиган фирқалардан ҳисобланади.
Фуруъ масалаларида фақиҳларнинг ихтилофларидан зарар кўрилмаган. Бу ихтилофлар мусулмонларни ажратиб ташлашга олиб бориши мутлақо мумкин эмас.
“Бир масалада ижтиҳодлар кўп бўлишининг сабаби нима? Ахир, Қуръон ҳам, араб тили ҳам бир-ку! Фақиҳлар фуруъ масалаларидаги ихтилофни қўйиб, барча ижтиҳодларини битта қилишса бўлмасмиди?” деган савол туғилиши табиий.
Мен бу саволга бундай жавоб бераман: “Бу мушкул ишдир. Чунки Китоб ва суннатнинг насс5-далиллари таркиблар ҳамда хилма-хил услубларга эга, арабий лафзлардан ташкил топган бўлса-да, лекин улар бир-бирига зид эмас. Булар ўз атрофидаги фикрларнинг саноғида ва улардан олинадиган ҳукмларнинг навларида бир хил.
Имом Шотибий бу масалаларни жамлаган. Ибн Саййид уни “Мужтаҳидлар ўртасида хилофга олиб борадиган сабаблар” деб сарлавҳа қўйиб, қуйидагича баён этган:
а) ёлғиз бир лафзнинг ўрнидаги муштараклик бўлиб, “қуруъ” сўзи кабидир. Бу сўз ҳайзга далолат қилганидек, покликка ҳам далилдир.
б) сўзнинг тусланишидаги муштараклик. Аллоҳ таолонинг: وَلَا يُضَارَّ كَاتِبٌ وَلَا شَهِيدٌ
“Котиб ҳам, гувоҳ ҳам зарарланмайди” (Бақара сураси, 282-) оятида “Ва ла юзоорра” сўзи котиб ёки гувоҳ томонидан ўз ишида зиёда ва камчилик билан зарар келиши жоиз эмас, деган маънога эҳтимол қилинади. Шунингдек, у котиб ёки гувоҳга ўз мажбуриятларини бажараётган пайтда зарар бериш жоиз эмас, деган маънога ҳам эҳтимол қилади.
в) таркиб жиҳатидан муштараклик. Аллоҳ таолонинг: إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ وَالْعَمَلُ الصَّالِحُ يَرْفَعُهُ
“Хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур” (Фотир сураси, 10-) оятида “ҳо” лафзи яхши амалга қайтиши эҳтимол қилинади. Шунингдек, хуш сўзга ҳам.
а) ёлғиз лафзга қайтувчи нарса. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига ўхшаш: “Раббимиз дунё осмонига тушади”. “Тушади” деган лафз ҳақиқатан тушишга ва мажозий тушишга эҳтимол қилинади. Лекин Аллоҳнинг комиллиги ва улуғлигига муносиб бўлган нарса уни ўз ҳақиқатидан буриб юборади. Аҳли сунна вал жамоа наздида эса унинг мажозга ҳамл қилиниши вожиб бўлади. Аммо мужассималар6 эса уни аслича қолдиришган.
б) лафзнинг аҳволига қайтадиган нарса. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшаш:
بَلْ مَكْرُ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ
“Балки кеча ва кундузнинг макри” (Сабаъ сураси, 33-) оятида макр кофирлардан бўлганига эҳтимол қилинади. Бу эса ҳақиқатдир. Макр кеча ва кундуздан бўлганига ҳам эҳтимол қилинади, бу эса мажозийдир.
в) таркиб жиҳатига қайтадиган нарса имконсиз нарсани мумкин бўлган нарса шаклида келтириш, буйруқ феълини хабар суратида келтириш, мадҳни айблов сийғаси билан келтириш ва ҳоказо.
Далилни умумий ва хос маъноларга буриш. Аллоҳ таолонинг:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ
“Динга мажбурлаб киритиш йўқ” (Бақара сураси, 256-) ояти одамларнинг ҳаммасини Ислом динини қабул қилишларига зўрлашни бекор қиладиган умумий ҳолатми? Ёки аҳли китобларнинг жизяни7 қабул қилишлари билан уларга умумий айтганми? Ёхуд оят улар туфайли нозил бўлган кишиларга тегишлими?
Бу ҳадисларнинг барчаси ҳам саҳиҳ бўлиб, уларнинг баъзиларини мужтаҳидлар ҳужжат қилиб олишган бўлса, баъзиларини эса йўқ.
Мухтасар айтганда, сохта салафийлар айтаётганидек, аҳли сунна вал жамоа мазҳаблари мусулмонларни бўлиб ташламаган, балки мужтаҳидларни бирор фуруъий масалада далил-ҳужжатлар асосида баҳслашиб, ҳақиқатни онгли равишда англаб етишга чорлаган. Зотан, адолатли ва асосли баҳс тараққиётга хизмат қилади.
Доктор Абдулқодир Исо Диябнинг
“Ал-Мийзан ал-одил литамйизал ҳаққи
минал ботил” китобидан
Тошкент шаҳар
“Ал-Бадр” жоме
масжиди имом ноиби
Муродуллоҳ МАЖИДОВ
таржимаси
Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.
Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.
Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.
“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.
Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати