Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ЎМИ Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев ташаббуси билан «Вақф» хайрия жамоат фонди Хоразм вилояти филиали ҳамкорлигида Хоразм вилояти бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Бугун мана шундай хайрия тадбирларидан яна биттаси Ҳазорасп туманида бўлиб ўтди. Хайрия тадбири доирасида 200 та кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳар бирига 580 000 сўмлик жами 116 000 000 сўмлик турли хилдаги озиқ овқат ва кийим кечак махсулотлари хайрия қилинди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати