Аслида, тасаввуф-тариқат исломий илмларнинг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, унинг ичидаги мавзусининг шарафи билан зийнатланган. Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ яъни Аллоҳни танимоқ экан, ўз-ўзидан бу ҳолда тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлиси, инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари йўлловчиси бўлиб қолади.
Аммо сўнги йилларда суннийликдаги Нақшбандия ва бошқа шу каби тариқатларни аҳоли орасида шайхлар, эшонлар томонидан бузиб тарғиб қилинаётганлиги, баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг асл мақсади шариат аҳкомларига зид ҳолатда талқин этилаётганини кузатиш мумкин.
Сохта тариқатчиларнинг айниқса, пирлар ҳақида айтаётган даъволарига ҳар қандай соғлом ақидага эга бўлган мўмин-мусулмон ҳайрон қолмаслигининг иложи йўқ. Уларнинг даъвосига кўра пири йўқнинг – пири шайтон бўлади, пирга қўл бермаган кишини мусулмон деб бўлмайди, пирлар ғайбий сирларни билади, Азроил (а.с) пирнинг изнисиз муриднинг жонини олмайди, Мункар ва Накир ҳам пирнинг изнисиз савол-жавоб қилмайди, муриднинг жаннат ёки дўзах аҳлидан бўлишлиги ҳам пирнинг қарорига боғлиқ, пирга қўл берган инсонни Аллоҳ онадан туғилгандек бегуноҳ қилиб қўяди, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига борилмайди. Шунингдек, уларга “Нима учун фалон вожиб амални қилмайсизлар?” дейилса, “Шайхимиз айтмаган нарсани қилмаймиз”, дейдилар. Баъзилари : “Бизнинг шайхимиз ўзларининг нечта муриди бўлса, ҳаммасининг қаерда тургани ва ҳатто қайси ёнбоши билан ётганини билиб турадилар. Ким бунга ишонмаса, фалон бўлади”, деса, яна бирлари “Бизнинг шайхимизга байъат қилмаганлар жоҳилият ўлими билан ўлади”, дейдилар. Фалончи намоз ўқиб, дуо қилса, вафот этган шайхи келиб, қўлидан ушлаб, шаҳарни айлантириб чиқар эмиш, дейдиганлари ҳам топилади.
Шаърий далилларга тўғри келмайдиган хато даъволари эса мусулмонлар ичида турли ихтилофларга сабаб бўлмоқда. Масалан, таҳажжуд ва нафл намозларини фарз, вожиб ҳисоблайдилар, ясама тишли имом орқасидан намоз ўқиб бўлмайди, қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди, намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва Қуръон тиловат қилиш макруҳ, қўлни ювгандан кейин артиш мумкин эмас, чап қўл билан синдирилган нонни ейиш мумкин эмас, чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади, шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур дейдилар.
Ўзини тасаввуфга мансубман, деб ҳисоблайдиган бу кимсаларнинг айримлари “Тариқат ҳақиқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар, баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади. Илм ўқиган гумроҳ бўлади деган даъвони қиладилар. Ваҳоланки, Абу Ҳомид Ғаззолий ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”. Абу Язид Бистомий : “Агар бир кишига кароматлар берилиб, ҳаттоки у осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то унинг aмр (Аллоҳнинг буйруғи) ва наҳийни (Аллоҳнинг қайтариғи) маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча, ундай кимсага алданиб қолманг”, деганлар. Уламолар бу зотни шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатда тобеъ ва ҳимматда нодир деб васф қиладилар. Хожа Аҳмад Яссавий эса: “Шариатсиз тариқатга кирганларни шайтони лаъин имонини олар эмиш”, – деганлар.
Сохта тариқатчиларнинг юқорида санаб ўтилган, соф эътиқодга тўғри келмайдиган, шариъатнинг ҳукмларига зид келадиган даъволарининг барчасининг сабаби уларнинг илмдан узоқлиги, “шариат илмлари ва бошқа илмларни ўрганиш бу – адашишликдир” деган даъвосининг натижасидир. Аслидачи, аслида шайхда имон, тақво билан биргаликда муршидлик сифати бўлиши керак. Муршид дегани иршод қилувчи – кишиларни тўғри йўлга бошловчи деганидир. Бу иш қайси асосда бўлиши лозимлигини Қуръони карим “Тавба” сурасида қуйидагича баён қилади:
وَمَا كَانَ الْمُؤْمِنُونَ لِيَنْفِرُوا كَافَّةً ۚ فَلَوْلَا نَفَرَ مِنْ كُلِّ فِرْقَةٍ مِنْهُمْ طَائِفَةٌ لِيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنْذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُوا إِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ
“Ҳар жамоадан бир тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар.” (122-оят)
Бу ояти каримада Ислом ўз динимизни чуқур англаб етишга қанчалик юқори аҳамият бергани яққол кўриниб турибди.
Демак, иршод қилиш учун аввало динда фаҳиқ бўлиш, уни чуқур англаб етиш керак. Динда фақиҳ бўлиш эса Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарони пухта эгаллаши, шариат, ақида, имон, ислом, тақво, эҳсон ва шукр каби асосларни чуқур билишни тақозо этади. Бу нарсаларни аъло даражада ўзлаштирмаган киши муршид-шайх ҳам бўла олмайди. Бу илмларга эга инсон юқорида айтиб ўтилган даъволар қанчалик нотўғри эканлигини англаб етиб, бундай даъволардан тезда воч кечади.
Тасаввуф тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўлда юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, баъзи бир тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шаръий илмларни эгаллашга ундаганларига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, шаръий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, ҳаром, макруҳ, муфсид каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатларни нуқсонсиз, ўринлатиб адо этиши мумкин эмас. Зотан ҳадиси шарифда: “Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал” дейилган.
Аллоҳ таоло каломида: “Албатта Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси 28-оят) ва яна бошқа бир оятда “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси 9-оят) деб марҳамат қилади. Икки олам сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларида: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини егиллаштиради”, – деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким илм талаб қилса ўтган гуноҳларига каффорот бўлади”, деганлар. Бир фозил киши ўғлига: “Эй ўғилчам, илм ўрган, чунки илм жамолинг бўлмаса жамол, молинг бўлмаса мол бўлади”, – деган. Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.
Шундай экан, илм йўлини махкам тутиш, шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқмаслик, асоссиз гап-сўзларни ўзига ақида қилиб олмаслик бу каби муаммоларни барчасини узил-кесил бартараф қилиб, ихтилофларни кўтаришга, бугунги ноқулай ҳолатлардан чиқиб олишга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни имонда, исломда собитқадам қилиб, ўзининг ҳидоятидан айирмасин.
“Хадичаи Кубро” аел-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Мухамедходжаева Санобар
Маросим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференц-залида ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» махсус фильми намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.
Форум иштирокчиларига йўлланган қутлов сўзларида хорижий меҳмонлар ва медиа ҳамжамияти вакилларига миннатдорлик билдирилди. Форумнинг профессионал мулоқот, халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини илгари суриш майдони сифатидаги аҳамияти таъкидланди.
Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг «Янги яқинлик: маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиёни бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусидаги махсус маърузаси бўлди.
Штрунц ислом цивилизациясининг тарихий, илмий, маънавий ва маданий меросини замонавий медиа форматлар орқали жаҳон аудиториясига етказиш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, медиа воситалари турли мамлакатлар ва жамиятлар ўртасида нафақат ахборот алмашинувини таъминлаши, балки мулоқот учун кўприклар ҳам қуриши керак.
«Медиа воситалари фикрлар ва янгиликлар алмашинуви учун кўприклар қуриши мумкин ва қуриши шарт. Ахир медиа коммуникациясининг моҳияти ҳам айнан шунда — кўприклар қуришда. Бугун бу ерда, қадимий Ипак йўлида, келажагимиз учун айнан шу жараён содир бўлмоқда», — деди Клаус Штрунц.
Euronews раҳбари Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ахборот маконини янада яқинлаштиришни тарихий Ипак йўли анъаналари билан қиёслади. Унинг таъкидлашича, минтақалар ўртасидаги замонавий медиа алоқалар иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликнинг янги имкониятларини ҳам очиши мумкин.
«Ипак йўлида ахборот оқими қандай кечган бўлса, бир-биримиз билан мулоқот қилиш, бир-биримизнинг тилимизни тушуниш ҳам шундай бўлсин. Бу оддий техник жараёндан кўра кенгроқ тушунча. Бу ҳақиқий ҳамкорликнинг янги кўриниши, келажакдаги бутун иқтисодий тараққиёт учун ҳаракатлантирувчи куч бўладиган янги ахборот маконидир», — деди у.
Клаус Штрунц, шунингдек, Ўзбекистонда ёш авлоднинг катта улушга эга эканини алоҳида қайд этиб, бу мамлакатнинг келажаги учун улкан имконият эканини таъкидлади. У турли мамлакатлар ёшларини бирлаштирувчи медиа ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.
Унинг фикрича, турли соҳалар — спорт, илм-фан, таълим ва маданият вакилларидан иборат ёшларни бир жойга тўплаб, уларнинг тажриба алмашинуви, ҳужжатли фильмлар суратга олиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имконият яратиш мумкин. Бундай ташаббуслар орқали мамлакатлар ва минтақалар ёшлари ўртасида янги алоқаларни шакллантириш мумкин.
«Бу фақат чиройли нутқларда эмас, балки аниқ ва амалий лойиҳаларда ўз ифодасини топиши керак», — деди Euronews бош директори.
Штрунц медиа соҳасидаги инновациялар ҳам айнан шу мақсад — ўтмиш меросини асраб, келажакни биргаликда яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
«Энг муҳими, медиа доимо инновацияларни ҳаракатга келтирувчи куч бўлиши керак. Аммо бу инновациялар бугун мен эшитган ажойиб мақсадга хизмат қилиши лозим: медиа соҳасида инновацияларни илгари суриш, қалбимизда ўтмишни асраб, келажакни яратиш», — деди у.
Euronews раҳбари форумда иштирок этишни медиа соҳасининг жамият олдидаги масъулияти билан боғлади. Унинг таъкидлашича, журналистика ва медиа фаолияти фақат бизнес ёки касб эмас, балки турли жамиятларни яқинлаштиришга хизмат қиладиган муҳим вазифадир.
«Ушбу ноодатий тадбирда медиа ҳамкор сифатида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз. Биз учун бу шунчаки бизнес эмас, оддий касб ҳам эмас. Бу — ўз бурчимиз ва даъватимиздир», — деди Клаус Штрунц.
Шу тариқа, форумнинг очилиш маросимида медиа соҳасининг замонавий вазифалари, халқаро ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий меросни янги форматларда жаҳон аудиториясига тақдим этиш ва турли минтақалар ўртасида янги ахборот кўприкларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU Бошқарув раиси Фирдавс Абдухалиқов «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиа платформа» мавзусида махсус маъруза қилди.
Абдухолиқов Марказ концепциясини тарихий мерос, илм-фан, музей иши ва янги медиаларни бирлаштирувчи замонавий халқаро майдон сифатида тақдим этди. У ислом цивилизацияси мероси ҳужжатли фильмлар, телевизион лойиҳалар, рақамли реконструкциялар, мультимедиа ва иммерсив экспозициялар, шунингдек, нашриёт ташаббусларида қандай янги талқин касб этаётгани ҳақида маълумот берди. Марказнинг халқаро медиа лойиҳалари, дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, шунингдек, тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштиришда сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маросим иштирокчиларига, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ҳақида презентацион ролик намойиш этилди.
Халқаро медиафорумда 50 та давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили иштирок этмоқда. Улар орасида халқаро телеканаллар ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ноширлар, кинематографистлар, олимлар, тадқиқотчилар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор.
iccu.uz