Самарқандда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда 20 дан ортиқ давлатдан 40 га яқин хорижий меҳмонлар – Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва тузилмалари ходимлари, ҳукумат, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.
Тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари доктор Тариг Али Бахит, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.
Форум оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати