Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

“Ал-фиқҳ ал-акбар” Имом Абу Ҳанифага тегишли эмасми?

12.07.2021   3795   4 min.
“Ал-фиқҳ ал-акбар” Имом Абу Ҳанифага тегишли эмасми?

Аҳмад ибн Таймиянинг издошлари бўлмиш “салафий”лар тарафдан аҳли сунна вал-жамоа ақидасида ёзилган машҳур матн ал-Фиқҳ ал-акбар асарини имом Аъзам Абу Ҳанифага тегишли эмас деган иддао илгари сурилади. Салафий имом Албонийга айни шу мавзуда савол беришади. У “имом Абу Ҳанифанинг ақидаги доир ҳеч қандай асари йўқ” деб жавоб берган (“Ҳидоят ва Нур” туркум кўрсатувлари. 52-сон).

Умуман салафийлар орасида ал-Фиқҳ ал-акбар Абу Ҳанифага мансуб эмас деган фикр кенг тарқалган. Уларга кўра, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳижрий биринчи асрнинг охири ва иккинчи асрнинг биринчи ярмида (80-150) яшаб ўтган. Бу даврда ҳали китоб ёзиш анъанаси йўлга қўйилмаган эди, демак ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа бўлмаган.

Масаланинг қизиқ тарафи шуки, хозирги салафийларнинг бу фикри салафийлик асосчиси Аҳмад ибн Тайямия ва унинг яқин шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзияларнинг фикрига мутлақо тўғри келмайди. “Салафийлар” улуғи Шайҳ ул-ислом Ибн Таямия “Даръу таорузил ақл ван нақл” асарида ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа эканлигини, у китоб Абу Ҳанифанинг шогирдлари орасида машҳур ва кенг ёйилганини айтиб ўтган. Шунингдек, яна бир “салафий” имом ибн Қаййим ал-Жавзия ҳам ўзининг “Ижтимо ал-жуюш ал-исламия” номли асарида ал-Фиқҳ ал-акбар имом Абу Ҳанифанинг асари деб айтиб қўйган.

Бу иккисдан ташқари бошқа эътиборли олимлар ҳам ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эканлигини айтиб ўтган. Жумладан: аллома ибн Абулизз Ақидату Таҳовиянинг шарҳида айтган.

Шайҳ Ваҳбий Ғоважий Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ тарафдан ал-Фиқҳ ал-акбарга ёзилган шарҳни таҳқиқ қиларкан шундай деган: “ал-Фиқҳ ал-акбар имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг имлоси ва таълифидир. Бу китоб Аллома Зоҳид Кавсарий тарафдан биринчи бор таҳқиқ қилиб нашр этилган. Мен Мадинаи мунавварадаги “Ориф Ҳикмат” кутубҳонасида ал-Фиқҳ ал-акбарнинг жуда яхши сақланган қўлёзма нусхасини кўрдим. Ровийлари: Али ибн Аҳмад форисий, у киши Наср ибн Яҳёдан, у киши Абу Муқотилдан, у киши Осим ибн Юсуфдан, у киши эса имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Ҳаммоддан.

Ҳижрий 429 йили вафот топган имом Абдулқоҳир Бағдодий ўзининг “Усули дин” номли асарида шундай деган: “Аҳли сунна мутакаллимларининг аввалги фақиҳлари қаторида мазҳаб эгалари имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъийни тилга олиш ўринли. Чунки имом Абу Ҳанифа қадарияларга раддан бир китоб ёзган ва уни ал-Фиқҳ ал-акбар” деб номлаган. (Усули дин. Абдулқоҳир Бағдодий. 38 — Бет).

Имом Абулмузаффар Исфароиний ҳам “ат-Табсир фид-дин” номли асарида бу мавзуга тўхталиб: “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ал-Олим вал-мутааллим” асари билан “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарларида аҳли бидъат ва мулҳидларга раддан очиқ-ойдин ҳужжатлар бор. Бу китобларнинг ривояти бизга ишончли ва мўътамад санадлар билан Наср ибн Яҳёдан у эса Абу Ҳанифадан етиб келган” деб айтган. (ат-Табсир фид-дин. 113 — Бет).

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга мансублигида шубҳа йўқ. Бу китоб Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг имлолари асосида, яъни у кишининг айтиб туриши шогирдлари эса қоғозга тушириши асосида ёзилган. Асрни муаллифдан Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф, Абу Мутиъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий, Абу Муқотил, Ҳафс ибн Муслим Самарқандий каби шогирдлари ёзиб олган ва бошқаларга ривоят ва китобат орқали етказганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг набираси Исмоил ибн Ҳаммод,  Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий, Муҳаммад ибн Самоа, Наср ибн Яҳё ал-Балхий, Шаддод ибн Ҳакамлар эса саҳиҳ иснодлар билан “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни биринчи ровийларидан олиб кейинги авлодга тарқатишган ва асар шу тарзда ишончли ровийлар силсиласи орқали шайҳ Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳгача етиб келган ва у киши бу асарга шарҳ битган.

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

битирувчиси Ботиржон Тожибоев

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

26.08.2026   10850   3 min.
Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.

Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.

“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.

Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.

“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.

Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.

“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.

Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.

Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.

Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.

“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.

Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари