Саудия Арабистони Қироллиги Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) ва Мусулмонлар жаҳон лигаси (MЖЛ) ташаббуси билан “Оммавий ахборот воситаларида нафрат ва зўравонлик тарқалиши авж олишини камайтириш” мавзусида халқаро форум иш бошлайди.
Анжуманда MЖЛ Бош котиби, шайх доктор Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Исо, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, Фаластин давлатидаги расмий оммавий ахборот воситалари бош назоратчиси, вазир Аҳмад Ассаф, шунингдек, ИҲТга аъзо давлатлар ахборот агентликлари раҳбарлари, халқаро медиа институтлари, таниқли диний ташкилотлар вакиллари, интеллектуал, ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқи арбоблари, халқаро ташкилотлар масъуллари, дипломатлар, журналистлар иштирок этади.
Форумда “Оммавий ахборот воситаларида тарафкашлик ва нотўғри талқин: Фаластин муаммоси намуна сифатида” каби бир неча долзарб мавзу муҳокама қилинади. Бундан кўзланган мақсад ОАВда йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш ҳамда ташвиқот ва тарафкашликнинг инсониятга, жамиятга салбий таъсирини кўрсатишдан иборат.
Ташкилотчилар нотўғри маълумот бериш, нохолислик, ОАВ орқали нафрат тарқалиши хавфига қарши халқаро иттифоқ тузиш ниятида.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
Мисрлик ёзувчи Анис Мансурнинг ота-она ҳақида ёзган энг гўзал сўзлари:
"Ота-онанг сени ташлаб кетганларидан сўнг афсусланасан. Чунки сен уларга бирор ёрдам ёки бирор нарса таклиф қилганингда, улар "ҳожати йўқ", "керак эмас қўявер" дейишарди, сен эса уларга ишонардинг, виждонингни тинчлантирар эдинг – ҳақиқатан отамга керак эмас, онам ҳеч нарса истамаяпти, деб ўйлардинг.
Оталарингиз ва оналарингиз "ҳеч нарса керак эмас" деганларида уларга ишонманг. Улар буни сизни ўйлаб, сизни ҳолатингизни инобатга олиб ёки сиздан ҳижолат бўлиб айтишади... Сиз улардан сўрамасдан, уларга такаллуфлик қилмасдан, улардан рухсат олмасдан беринг, ҳадя қилинг.
Кўпчилик одамлар алдангани каби сиз ҳам отангизнинг қарилигига алданманг. Онангизнинг ёши улуғлиги, ожизлиги ёки соддалиги сизни алдаб қўймасин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ичида эркалатишга ва эътиборга муҳтож бўлган бир бола яшайди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ