Фиқҳий мазҳабларнинг келиб чиқиш тарихи саҳобалар[1] ва Набий алайҳиссалом вафот этгандан кейинги келадиган асрга тақалади.
Ҳижратнинг аввалги иккинчи асридан тўртинчи асрнинг ярмигача ижтиҳоднинг олтин даври бўлди. Бу вақт оралиғида мазҳаблари ёзилиб ва фикрларига эргашиладиган ўн учта мужтаҳид намоён бўлишди. Улар: Маккада Суфён ибн Уйайна, Мадинада Молик ибн Анас, Басрада Ҳасан Басрий, Куфада Абу Ҳанифа ва Суфён Саврий, Шомда Авзоий, Мисрда Шофеъий ва Лайс ибн Саъд, Нийсобурда Исҳоқ ибн Роҳивайҳ, Бағдодда Абу Савр, Аҳмад, Довуд Зоҳирий ва ибн Жарир Таборийлардир.
Улардан тўрттаси жумҳур мусулмонлар томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинди[2]. Улар: Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларидир.
Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда дунёдаги тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этади. Улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: Ҳанафийлар 47 фоиз, шофеъийлар 21 фоиз, моликийлар 17 фоиз, ҳанбалийлар 7,5 фоиз[3].
Бу тўрт мазҳаб ўртасида катта фарқлар кўзга ташланмайди. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Ўрталарида фақат жузъий ихтилофлар мавжуд.
Демак, фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта “салафийлар”нинг: “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” каби даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.
Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-биридан фарқ қилган. Баъзилар Абдуллоҳ ибн Аббосни, ироқликлар Ибн Масъудни, ҳижозликлар Абдуллоҳ ибн Умарни розияллоҳу анҳум ўзларига ўрнак қилиб, уларнинг кўрсатмаларига риоя этиб яшашган. Аҳли илмлардан ҳеч ким уларнинг бу ишини қоралагани ёки бир шахсга тақлид қилганни гуноҳкорга чиқарганларини билмаймиз[4].
Демак, бугунги кунимизда ҳам оми халқ, шунингдек, истинбот ва ижтиҳод қилиш даражасига етмаган олимлар учун бирор мужтаҳидга тақлид қилиш, билмаганларини сўрашдан бошқа чора йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло бундай буюрган: “Агар билмайдиган бўлсангиз аҳли зикрлардан сўрангиз”[5] (Наҳл сураси, 43-оят).
Шу ўринда диёримиз мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) мазҳаби кўрсатмасига риоя қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз зарур. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдиришган. Халқимиз ҳам шу мазҳабга амал қилишган. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам мазҳаби мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, айрим ҳолларда юзага келадиган турли зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда[6].
Минг афсуслар бўлсинки, ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остида яна бир таҳдид – мазҳабсизликка чақирувчилар тоифаси пайдо бўлди.
Мазҳабсизликни ёйилиши Ислом динига хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Мазҳабсизлар ўзларини бирор-бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўлолмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим. Лекин бир, икки масалани чуқур ўрганмай туриб, ихтилоф чиқаришга усталар, масалан: “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”, ёки “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг эмас, Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак” – деган даъволарни қиладилар[7]. Бу ўта калтафаҳмлик ва жоҳиллик, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас.
Мазҳабсизларнинг энг кулгили ҳолати, аҳли сунна ва жамоадаги тўрт мазҳаб соҳибларидан бирининг йўлига юриб, гапини олиш “бидъат”-у, кимлиги номаълум “шайх”ларининг асоссиз “фатво”ларига эргашиш “ҳақиқат”ми? Аслида, мана шу каби асоссиз “фатво”лар мусулмонларнинг бирдамлигига раҳна солаётган “ИШИД” ёки “Ал-қоида” каби бузғунчи гуруҳларнинг фойдасига хизмат бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, ислом қоидаларига биноан, фатво бериш ҳуқуқи, ақида, фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръон ва ҳадис илмини тафсирлари ва тули шарҳлари, санадлари билан тўлиқ ёд билувчи, ўз мазҳабининг таълимотларига таянган ҳолда, қолаверса, муфтий мартабасига эга муайян шахсларгина бериши маълум[8].
Ҳозирги кунда бутун ислом уммати минг уч юз йилдан буён тан олиб, ардоқлаб, эҳтиром қилиб келаётган тўрт фиқҳий мазҳабларни инкор этиб, улар ҳақларида нолойиқ гаплар айтиб, ўзини мужтаҳид санаб юрганлар аслида, “бир китобча ва магнит тасмаси маданияти”га мансуб кишилардир[9].
Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Зеро, Ислом олами тан олган Имом Таҳовий, Имом ибн Сурайж, Имом Қудурий, Имом Сарахсий, Имом Жувайний, Имом Ғаззолий, Имом Нававий, Бурҳониддин Марғилоний ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.
Шу ўринда айтаётган сўзларига ҳужжат келтира олмайдиган ва қилаётган даъволарининг асоссиз эканлиги аниқ бўлган мазҳабсизларнинг “муайян бир мазҳаб асосида амал қилиш ҳаром ва бу бидъатдир”, деган сўзлари эмас, балки аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, деган сўзи айни ҳақиқатдир.
[1] Ваҳба Зуҳайлий. Ал-Фиқҳул исламий ва адиллатуҳу. 1-жуз. 42-бет. Дамашқ: Дорул фикр, 2001 й.
[2] Аҳмад Саъид Ҳавва. Мадхал ила мазҳабил имам Аби Ҳанифата Нўъмон. 87-бет. Жидда, Дарул Андалус ал-Ҳазро. 2002 й.
[3] А.Тулепов. Ислом ва ақидапарсат оқимлар. 35-бет, Тошкент: “Шарқ” , 2014 й.
[4] Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий. Ал-ла мазҳабийя ахтору бидъатин туҳаддиду шариъатал исламия. 107-бет. Дамашқ. Дарул фикр. 1985-йил
[5] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент. ТИУ.нашриёт матбаа бирлашмаси. 2009 й.
[6] А.Тулепов. Ислом ва ақидапарсат оқимлар. 36-бет, Тошкент: “Шарқ” , 2014 й.
[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ихтилофлар сабаблар ечимлар.83- бет. Тошкент: “Шарқ”, 2011.
[8] А.Тулепов. Ишид фитнаси. 19-бет. Тошкент. Мовароуннаҳр. 2014 й.
[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ихтилофлар сабаблар ечимлар. 64- бет. Тошкент: “Шарқ”, 2011.
Фарҳод ЖЎРАЕВ
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.
Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.
Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.
Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.
Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.
Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.
Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана