Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2026   |   22 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:57
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
07 Июл, 2026, 22 Муҳаррам, 1448

Эски кийимларни садақа қилиш

20.11.2023   2254   2 min.
Эски кийимларни садақа қилиш
  1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини садақа қилиб юборишга кирмайди. Эскирган нарса ўртача мол ҳисобланади, чунки камбағаллар бундан ҳам эскироқ кийимларни сотиб олишади. Қанчадан-қанча бойлар писанд қилмайдиган кийимлар борки, уларга эришиш камбағаллар учун орзудир. Бундай кийим-кечакларни ахлатга ташлаш ёки ёқиб юбориш мумкин эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олган одамларни эскисини садақа қилиб юборишга тарғиб қилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу янги кийим кийиб, «Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким янги кийим кийганда: "Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, кейин эскирган кийимини садақа қилса, ҳаёту мамотида Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлади», деганларини эшитдим». (Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натааижул афкаар» деган китобида ҳасан деган).

  1. Ёмон кийимни садақа қилиш макруҳдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олмайсиз», деган. (Бақара сураси, 267-оят). Макруҳ бўлиши билан бирга бундай кийимни садақа қилган одамга садақасига яраша ажр ёзилади, ваҳоланки унга молнинг яхшисини танлаб садақа қилиш афзалдир.

Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ: «Сифатсиз нарсани садақа қилиш макруҳдир. Лекин шундан бошқа нарса топа олмаса, макруҳ бўлмайди»  («Муғнил муҳтааж», 4/197).

  1. Афзали ўша кийимларни ювиб, дазмоллаб, сўнг камбағалнинг ўзига ёки бирорта хайрия жамғармасига бериш ёки масжид имомидан муҳтож одамларни сўраб олиб, ўшаларга беришдир.
  2. Шунингдек, эски оёқ кийим, идиш-товоқ ва уй жиҳозларини садақа қилиш ҳам мустаҳабдир.

Аллоҳ сизу бизнинг солиҳ амалларимизни қабул айласин.

Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Очиқ кўнгил бандага Аллоҳ раҳм қилсин

07.07.2026   1392   2 min.
Очиқ кўнгил бандага Аллоҳ раҳм қилсин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Интиқом маҳкамасига айлансангиз энг аввалги қурбон ўзингиз бўласиз

Баъзи инсонлар жуда очиқкўнгил бўлишади. Улар ўзларининг барча ҳақларини талаб қилишмайди, кўп ишларга аҳамият беришмайди, гоҳида ўзларини билмаганга олишади. Умуман олганда очиқкўнгил, кўп нарсани аниқлаштиришга уринаверишмайди, ҳар қандай гапга эътибор қилаверишмайди ва ўзларини бундай майда ишлар билан қийнашмайди. Яна шундай инсонлар борки, юқоридаги инсонларнинг акси. Очиқкўнгиллик нима эканини билишмайди, зарра миқдорида бўлсин ҳақлари бировга ўтиб кетишига йўл қўйишмайди, инсонлар билан доимо ҳақ талашиб жанжаллашади, курашади ва камдан-кам ҳолларда рози бўлишади.

Табиийки, очиқкўнгил инсоннинг кўнгли хотиржам, изтиробдан йироқ бўлади. Шунингдек, у инсонларнинг қалбига яқин, уларнинг муҳаббатларига муносиб бўлади. Инсонлар билан доимий жанжаллашиб юрадиган кишидан фарқли равишда унинг қаршисида муваффақият эшиклари доим очиқ туради. Иккинчи тоифадаги инсон эса барча гаплар ва воқеаларни таҳлил қилади, улардан ярамас мақсадларни излайди. Шу сабабли ўзига турли тарафдан изтиробни жалб қилади, инсонлар уни ёмон кўришади ва ўзларини олиб қочишади.

Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар икки ишдан бирига ихтиёр берилса модомики гуноҳ бўлмас экан енгилини танлардилар, агар гуноҳ бўлса ундан узоқлашадилар. У зот айтадилар:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: رحم الله عبدا سمحا إذا باع، سمحا إذا اشترى، سمحا إذا اقتضى

“Аллоҳ (бирор нарса) сотса, сотиб олса ва (ҳақ) талаб қилса ҳам очиқ кўнгил бўладиган бандага раҳм қилсин” (Имом Бухорий ривояти).

Шуъла: Эртага изтироб чекмаслигингиз учун бугун қаттиқ ҳаракат қилинг.
 

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Мақолалар