Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олган одамларни эскисини садақа қилиб юборишга тарғиб қилганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу янги кийим кийиб, «Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким янги кийим кийганда: "Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, кейин эскирган кийимини садақа қилса, ҳаёту мамотида Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлади», деганларини эшитдим». (Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натааижул афкаар» деган китобида ҳасан деган).
Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ: «Сифатсиз нарсани садақа қилиш макруҳдир. Лекин шундан бошқа нарса топа олмаса, макруҳ бўлмайди» («Муғнил муҳтааж», 4/197).
Аллоҳ сизу бизнинг солиҳ амалларимизни қабул айласин.
Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Роббимиз зикри бирла ғамларингни қув,
Дард оловин устига қуйгин ундан сув.
Агар сиз ҳаётни юз фоиз мукаммал, ҳеч қандай камчиликсиз бўлиши керак деб ўйласангиз хато қиласиз. Бундай мукаммаллик фақатгина жаннатда бўлади. Бу дунёдаги ишлар эса нисбий бўлиб, сиз ўйлаган барча нарса ҳам рўёбга чиқавермайди. Унда сиз турли хил бало ва офатлар, мусибат ва имтиҳонларга дуч келишингиз мумкин. Шундай вақтларда борига шукр қиладиган, йўғига сабр қила оладиган инсон бўлишингиз керак.
Умуман касал бўлмай яшаш, ҳеч қандай қийинчиликсиз бой бўлиш, оғирлиги йўқ саодат, салбий жиҳатлари йўқ эр ва камчиликсиз дўст излаб хаёлингизда идеал оламни орзу қилманг. Барча нарсада камчилик бўлади. Бунинг ўрнига сиз салбий жиҳатлар ва хатолардан кўз юминг, ижобий ва гўзал нарсаларни кўра олинг. Доимо чиройли гумон қилинг, хатоларга узр топишга интилинг. Фақатгина Аллоҳга суянинг, инсонларга суянманг. Улар суянишингиз ва ишингизни топшириб қўйишингизга лойиқ эмас, чунки улар сизга ёрдам қила олишмайди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿إِنَّهُمْ لَنْ يُغْنُوا عَنْكَ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا﴾
“Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар” (Жосия сураси, 19-оят).
Шуъла: Ҳаётингиз зулматли бўлишига асло рози бўлманг. Нур мавжуд, фақат сиз унинг порлаши учун ёқиш тугмасини босишингиз керак.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан