بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي هَدَانَا لِهَٰذَا وَمَا كُنَّا لِنَهْتَدِيَ لَوْلَا أَنْ هَدَانَا اللَّهُ
وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رسوله سَيِّدِنَا محمد وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجمعين، أَمَّا بَعْدُ!
Муҳтарам жамоат! Маълумки, ақида – инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида:
﴿ فَلْيَكُنْ أوَّلَ ما تَدْعُوهُمْ إلى أنْ يُوَحِّدُوا اللَّهَ تَعَالَى، فَإِذَا عَرَفُوا ذلكَ، فأخْبِرْهُمْ أنَّ اللَّهَ قدْ فَرَضَ عليهم خَمْسَ صَلَوَاتٍ ﴾
(رواه الامام البخاري والامام الترمذي)
яъни: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар.
Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг Mуҳаммад сурасида шундай марҳамат қилади:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لآ إِلَـٰهَ إِلاَّ اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُم
яъни: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (19-оят).
Уламоларимиз мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Ушбу оятда Aллоҳ таолони ёлғиз эканини билишга бўлган буйруқ истиғфор айтишга бўлган буйруқдан олдин келтирилмоқда”. Бу эса Aллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш, яъни тўғри эътиқодни шакллантириш қанчалар аҳамиятли эканига ишорадир. Шу сабабдан ҳам Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик”, – деганлар. Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир”, – деганлар.
Муҳтарам азизлар! Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:
“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса – елдир”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.
Муҳтарам жамоат! Турли ижтимоий сўровномалардан ҳозирги айрим ёшларимизнинг ақидавий билими ўта саёз экани маълум бўлиб қолмоқда. Имон-эътиқод, ўтган пайғамбарлар ва нозил қилинган илоҳий китоблар ҳақидаги оддий саволларга кўпчилик ёшлар жавоб бера олмаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Аслида бу бир пайтлар аждодлари бутун дунёга аҳли сунна ақидасини таълим берган халқнинг бугунги кундаги авлодларига ярашмайди. Ваҳоланки, буларни билишлик ва ҳақ дея эътиқод қилишлик – ҳар бир мусулмонман деган кишининг зиммасида фарзи айндир. Бу нарса барча ота-оналарни ташвишга солиши керак. Зеро, фарзандларимизнинг имон-эътиқоди борасида Охиратда – Аллоҳ таолонинг ҳузурида масъулмиз! Аллоҳ таоло ҳар бир мўминга хитоб қилиб, шундай буюрган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят).
Киши ўзини ва оила аъзоларини дўзахдан сақлаши – энг аввало соғлом ва мустаҳкам эътиқод билан бўлади. Аллоҳ таолога ширк келтирган ёки имонида шубҳада бўлган кимса Охират диёрида нажот тополмайди.
Шундай экан, ўзимиз динда билишимиз ва эътиқод қилишимиз зарур бўлган илмларни ўрганиб, фарзандларимиз ва аҳли оиламизга ўргатишимиз лозим! Фарзандларимиз қалбида Ислом ақидасини мустаҳкам сингдиришимиз даркор! Мана шунда уларга турли хуружлар таъсир қилолмайди. Келажак авлодимиз учун хатарга айланаётган – миссионерлик, даҳрийлик, бесуннатлик (ҳадисни инкор қилувчилар) каби тоифа тарафдорларининг қарашлари ва шубҳалари уларни йўлдан оздиролмайди!
Ҳозирда ақидамизни ўрганиш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тартибга солган – Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича кўплаб китоблар ёзилди, таржималар қилиб, нашр этилди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ушбу ишлар уламоларимиз томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ақида илми бўйича юртимиздаги ишончли уламоларнинг силсилавий дарслари ижтимоий тармоқлар орқали жойлаб борилмоқда. Бизга ушбу дарсларни тинглаш ёки ёзилган асарларни оила даврасида ўрганишимиз қолди холос.
Муҳтарам жамоат! Ақида илмининг асоси – Қуръони карим ва мутавотир даражасидаги ҳадиси шарифлардир. Турли қиссалар, ҳикоялар ва тўқима ривоятларнинг Ислом ақидасига мутлақо дахли йўқ. Лекин ҳозирда айрим илмсиз кишилар томонидан айнан мана шундай асли йўқ ва тўқима қараш ҳамда тасаввурлардан ўзларига ақида шакллантириб оладилар. Натижада турли хурофотларга ишониб, имонларини хатарга қўядилар.
Қолаверса, бугунги кунда баъзан ўтганларни қабрини зиёрат қилиш асносида қабрдагилардан ёрдам сўраш, қабрни тавоф қилиш, чироқ ёқиш, дарахтларга ип боғлаш каби хурофотларни бажариш ҳолатларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Зеро, бу каби нарсаларнинг динимизга мутлақо алоқаси йўқ. Динимизга кўра, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам – фақат Аллоҳ таолодандир! Шариатимизда бу каби амаллардан қайтарилган. Ақидаси мустаҳкам инсон бу каби ишлардан узоқ бўлади.
Муҳтарам жамоат! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар бериб, шундай деганлар:
إِنَّ بَنِى إِسْرَائِيلَ تَفَرَّقَتْ عَلَى ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ مِلَّةً وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِى عَلَى ثَلاَثٍ وَسَبْعِينَ مِلَّةً كُلُّهُمْ فِى النَّارِ إِلاَّ مِلَّةً وَاحِدَةً قَالُوا وَمَنْ هِىَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ مَا أَنَا عَلَيْهِ وَأَصْحَابِى
(رَوَاهُ الامام التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Албатта Бани Исроил етмиш икки фирқага бўлиниб кетганлар. Умматим етмиш уч фирқага бўлинади, фақат битта фирқадан бошқа барчаси дўзахда бўлади”, – дедилар. Шунда (саҳобалар): Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким? – дейишди. У Зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда фақат битта тоифа тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топишлари хабари берилган. Бу тоифанинг қандай сифатда бўлиши ҳақида бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
إِنَّ أُمَّتِي لاَ تَجْتَمِعُ عَلَى ضَلاَلَةٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلاَفًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الأَعْظَمِ
(رَوَاهُ الامام ابْنُ مَاجَةَ)
яъни: “Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларингиз, “саводул аъзам”ни лозим тутинглар”, деяётганларини эшитдим” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
“Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоат” маъносини билдиради.
Ислом умматини ҳозирда ва ҳозирга қадар жамлаб келган катта жамоат – айнан Мотуридийлар ва Ашъарийлар ҳисобланишади. Бу Ислом тарихидан барча учун маълум бўлган ва инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир! Ушбу икки буюк уламо ақида бобида Расули акрам алайҳиссалом ва саҳобийи киромлар тутган йўлни кейинги умматга етказишган. Шунинг учун ҳам ҳақли равишда уларга нисбатан “Аҳли суннанинг имомлари”, дея эътироф этилган. Ақоид илмининг машҳур олимларидан бири Имом Ҳасан ибн Аби Азаба “Равзатул баҳийя” китобларида: “Аҳли сунна вал жамоанинг асоси икки йирик олимга бориб тақалади: бирлари – Имом Абул Ҳасан Ашъарий бўлса, иккинчилари – Имом Абу Мансур Мотуридийдирлар. Ушбу икки Имомдан қайси бирига эргашган киши борки, ақидасидаги фасоддан, адашишдан саломат бўлибди ва ҳидоят топибди”, – деганлар.
Бугунги кунимизда мусулмон кишини гуноҳи ёки уларнинг янглиш ақидасига эргашмагани сабабли, кофирга чиқарадиган, оят ва ҳадисларни юзаки тушуниб, Аллоҳ таолони бандаларига ўхшатадиган тоифалар ҳам мавжуд. Бу ҳолатга ижтижоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар, С.Самарқандий каби айрим шахсларнинг тарғиботларида гувоҳ бўлиб турибмиз. Уламолар уларни қадимдан “мушаббиҳалар” ва “мужассималар” деб улардан огоҳлантирганлар. Инсонни куфрда айблаш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
لا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً
яъни: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”
(Нисо сураси 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ
(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)
яъни: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли кофир демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Яна бир ҳадиси шарифда: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек гуноҳкор бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шунингдек, ҳозирда яна айрим тоифалар қабр азоби, Қиёматга яқин дажжол чиқиши, Охиратда амаллар мезон (тарози) билан ўлчаниши ҳақидаги шаръий далиллар ва саҳиҳ ҳадисларни инкор қиладилар. Уларни аввалда мўътазила фирқаси инкор қилиб, тўғри йўлдан адашган эди. Умуман олганда бу каби фирқалар ва оқимлар Қиёматгача чиқиб, инқирозга учраб кетаверади. Аҳли сунна вал-жамоа эса Қиёматга қадар давом этади. Бу ҳақда Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбиримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ، لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ وَهُمْ كَذَلِكَ
(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида давом этарлар, уларни тарк қилган киши уларга зарар келтира олмас. Аллоҳнинг амри келгунича улар ўша ҳолда бўлурлар”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Муҳтарам азизлар! Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музей ва кутубхона фондида Усмон Мусҳафи ва Катта Лангар Қуръони саҳифалари каби қадимий қўлёзмалар сақланади. 2019 йил май ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига вақт ўтиши билан таъмирталаб ҳолатга келиб қолган Катта Лангар Қуръонининг саҳифаларини шошилинч равишда реставрацияси ишларини бошлаш зарурлиги маълум қилинди.
Агентлик раҳбарияти, хусусан ўша даврда директор ўринбосари лавозимида фаолият юритган Саида Шавкатовна Мирзиёева вазиятни жойига бориб ўрганди.
Натижада, Франциянинг Лувр музейидан мутахассислар жалб этилди. Улар бошчилигида юртимиздаги реставраторлар ва соҳа мутахассислари билан биргаликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг реставрация лабораториясида 2019 йилнинг ноябрь ойидан 2021 йилнинг май ойига қадар битикни 3 босқичда реставрация қилинди.
Динимизга, муқаддас Китобимизга муносиб эҳтиром кўрсатаётган инсонлар, жумладан Катта Лангар Қуръонини асраб-авайлаш, саҳифаларни тиклаш ишларида жонбозлик қилганлар ҳаққига дуо қилайлик! Аллоҳ хизматларини қабул қилиб, кўплаб ажру савоблар берсин!
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси