Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Май, 2025   |   3 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:21
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:23
Хуфтон
20:47
Bismillah
01 Май, 2025, 3 Зулқаъда, 1446

Фарзандлар – ўзимизники!

31.05.2021   3781   11 min.
Фарзандлар – ўзимизники!

    Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим!

«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» деб, (Каломуллоҳ Қуръони каримнинг Қалам сураси 4 ояти)да марҳамат қилиб, макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилган Жаноби севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаган Парвардигори оламга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!

«Ҳақ бўлатуриб тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг чеккасида бир қаср бино қилинишига; ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига; хулқи гўзал бўлган киши учун эса жаннатнинг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман» деб, (Имом Абу Довуд ривоятлари) марҳамат ила ваъда этган ҳабибимиз, кўзимиз нури, бошимиз тожи Жаноби севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавот-шарифларимиз ва саломларимиз бўлсин!

Каломуллоҳ Қуръони карим ояти карималарида, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида, саҳобаи киромларнинг гўзал феъл-атворларида, уламоларимизнинг ноёб асарларида, улуғларимизнинг китобларида ва доно халқимизнинг доно мақолларида келган “Ҳаёт” университетида учрайдиган ҳар хил саволларга мукаммал ва тўлиқ, батафсил ва аниқ жавоблар ҳар биримиз учун ЗАРУР ва ДАРКОР бўлса керак...

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз зўравонлик билан тарқатаётган бир онда, фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар ва пурмаъноли ҳикматлар жаннатмакон юртимизнинг, муқаддас Ватанимизнинг, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво,  балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак...

 

Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва хамлалардан, тухмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси хамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа ва бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа, деб билмоғимиз лозим! 

 

«ЖОНЛИ» ВА «ЖОНСИЗ» ТАРБИЯ

 

                                                                     «Агар огоҳсан сен – шохсан сен.

                                Агар шохсан сен – огоҳсан сен»

Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини ғарб зиёлиларининг ўзи «ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.

Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.

1) «Жонсиз» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, дисклар, телевизор. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймокда. Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда.

Бундай шаклдаги «жонсиз» тарбия – доно халқимиз дунёқарашига ва миллатимиз менталитетига ҳам, Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларига ҳам, динимиз кўрсатмалари ва шариатимиз ҳукмларига ҳам, уламоларимиз фатволари ва давлатимиз қонунларига ҳам, шарқона одобларимиз ва мазҳабимиз меъёрларига ҳам, жамиятшунослик алоқалари ва одамгарчилик муносабатларига ҳам, инсоний туйғулар ва руҳшунослик сир-асрорларига ҳам, юртимиз урф-одатлари ва ўзбекчилик қоидаларига ҳам, маданиятимиз ахлоқлари ва инсоний ақлга ҳам, ахлоқий норма ва доно халқимиз мақолларига ҳам, миллий анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга ҳам, халқимиз онги ва мусулмончилигимиз асосларига ҳам, Ислом динимиз тушунчаларига ҳам МУТЛАҚО зид эканлигини унутмайлик!

Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас! Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга МОС КЕЛАДИГАНЛАРИНИГИНА саралаб олмоғимиз шарт. Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи хали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, хатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

2) «Жонли» тарбия – бу улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари, буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари, меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари, элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари, жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар.

Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.  

Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини хақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади. Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Шунда «мени отам мени хақимга бундай дуо қилганлар», «мени онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради. Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизни юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Мухтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди» деб, яна қўшимча сифатида бизларга  енгилмас куч қилиб бердилар.

Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир. Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди. Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди. Жаноб ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида мархамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!» Бу хусусда шоирларимизни ибратли сўзлари бор:

                      «Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

                      Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».

Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз хақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай хамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.

Айниқса ҳозирги ёзги таътиллардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб, ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига одоб-ахлоқ намуналарини, киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини, бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни, ота-онага – меҳр ва итоаткорликни, оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни, ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни, қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни, қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни, синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни, атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни, хайвон-парранда-хашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз – ҳам бурчимиз, ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир! Худони олдида ҳам, бандасини олдида ҳам, юрт-халқимиз олдида ҳам!

Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!

Кимнинг она Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “хақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!       

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Саҳро кемаси"нинг мўъжизалари

25.04.2025   14802   7 min.

Қуръон нозил бўлган пайтда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатда туя бир мўъжиза: унинг тузилиши-қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар саҳро кемаси, дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.

Энди, саҳро кемасининг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир.

Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозлангандирлар. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.

Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда бундан бошқа туёқ билан юкли равишда юриш мумкин эмас.

Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиконни ҳам еб кетаверади.

Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги “омбор”дан озуқа олаверади.

Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яъни, у жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради.

Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас олиши туфайли чиққан буғҳам яна оғзи орқали ичига қайтади. Шу билан бирга туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.

Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми?

Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
 

Улар туянинг қандай яратилганига назар солмайдиларми? (Ғошия сураси, 17-оят).

1. Туя ҳайвонот олами тарихида энг эски ҳайвон турларидан биридир. Эволюциячилар назариясига кўра, туя ҳам динозаврлар билан бирга йўқ бўлиб кетиши керак эди, лекин ҳеч бир табиат ҳодисаси уни йўқ қилиб юборолмаган.
2. Туя фақат целлюлоза (чўл ва даштларда дағал ўт ва хашаклар, янтоқ, саксовул) билан озиқланиб, витаминларни ва ҳаёт учун керакли барча кимёвий моддаларнинг кўпини ишлаб чиқарувчи ва шу тариқа ҳаётини давом эттирувчи бирдан-бир ҳайвондир.
3. Туя бир неча минг йиллардан ҳозирга қадар одамзотга ташувчилик хизматини қилаётган ягона жонивордир. Ўрта Осиё ҳудудида бундан 100 йил аввал ҳам туялар почтаси мавжуд бўлган.
4. Туялар ўз вазнининг ярмига тенг — 250-300 кг юкни кўтара олади, вазнига нисбатан 10-12% оғирликдаги юкни тортиш кучига эга. Соатига ўртача 4 км тезликда, кунига 35-40 км масофани босиб ўтади. Агар устида юки бўлмаса, тўхтовсиз 100 километр йўл боса олади.
5. Туя бир ичишда 200 литрга яқин сув ичади. Шўр сувни ҳам ичаверади. 100 литр сувни 10 дақиқада ичиб тугатади. Туя бир ҳафтагача емай, 34 кунгача сув ичмасдан юриши мумкин. Сув бор жойни 50-60 километр узоқликдан ҳис этади.
6. Туя сути таркибида калций, магний, темир, фосфор, C, D витаминлари, фойдали минерал ва микроэлементлар кўп бўлиб, у сигир сутидан бир неча карра фойдалироқ. Туя сути – парҳез маҳсулот. Унда ёғ ва шакар миқдори сигирникидан анча кам. Туя сути сутэмизувчилар ичида инсон сутига энг яқинидир.
7. Туянинг тана ҳарорати тунда, саҳро совиганда +34°C гача пасаяди. Кундузи 41°C даражагача кўтарилади. Бу боис теварак-атрофдаги ҳаво ҳарорати ўзгарганда туя деярли терламайди ва сув йўқотилишининг олди олинади. Туя жуни қуёшда 70-80 градусгача қизиса-да, унинг тана ҳарорати 40 градусда бўлади.
8. Туянинг ўркачида сув эмас, ёғ сақланади. Ўркач туя учун озуқа захираси ҳисобланади. Туя ўркачи қаттиқ озуқани ейишни бошлаганидан кейин пайдо бўлади, шунинг учун бўталоқларнинг ўркачи бўлмайди.
9. Туялар сувни ўркачлардаги ёғлардан олади, 100 грамм ёғнинг оксидланишидан 107 грамм сув ҳосил бўлади. Ўркачдаги ёғ ҳаддан зиёд иссиқ ҳавода тана ҳароратини меъёрда ушлаб туради.
10. Туя гавдасининг ерга тегиб турадиган қисмларида, кўкраги, тирсаги ва тиззасида қадоқли тузилмалар бор. Шу туфайли иссиқ (70°C гача қизиган) ерда ҳам ёта олади.
11. Туянинг кўзи фавқулодда кўриш қобилиятига эга бўлиб, 3-4 километрдан таҳдидларни аниқлай олади. Учта кўз қовоғи, икки қатор узун киприклар кўзга қум киришининг олдини олади. Қалин қошлар, зич ва қалин сочлар кўз ва бошни қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
12. Туялар бурнига қум кириб кетишининг олдини олиш учун бурун тешиклари очилиб-ёпилади.
13. Туянинг иккита лаби бўлади, улар мустақил равишда ҳаракатланиб, тиканли чўл буталарини зарарсиз ея олади.
14. Туянинг қулоқлари ўткир эшитиш қобилиятига эга. Қулоқлар ичкаридан ва ташқаридан тук билан қопланган бўлиб, қумдан ҳимояланган. Чанг бўронлари пайтида туялар қулоқларини айлантира олади.
15. Туянинг туёқлари узун бўлиб, уларни қумга бир текис тақсимлайди ва чўкиб кетмайди. Туя отлар каби олдинга ва орқагагина эмас, тўрт томондаги одам ё ҳайвонни тепа олади. Туёқларидаги эластиклик даражаси юқори.
16. Туялар нафақат иссиқ ҳароратли минтақаларда, жуда паст ҳароратли жойларда ҳам яшай олади. Уларда қишда совуққа бардошли узун ва қалин ҳимоя жунлари ўсади, ёз ойларида эса тўкилади.
17. Урғочи туяларнинг ҳомиладорлик даври 12 ойдан 14 ойгача. Туяларнинг эгиз туғиш ҳолати деярли кузатилмаган. Янги туғилган бўталоқнинг вазни 34 килограммгача бўлади. У туғилгандан ярим соат ўтибоқ юришни бошлайди.
18. Туя — дунёда энг қайсар жонивор. Агар у ётиб дам олишни хоҳласа, уни ўрнидан қўзғатиш жуда қийин. Унинг жаҳлини чиқарсангиз, туфлаб ташлайди. У жуда аниқ туфлайди ва тупуги жуда сассиқ бўлади. Чунки у оддий сўлак эмас, нақ ошқозондан отилиб чиқади.
19. Туя денгиз ёки дарёда суза олади.
20. Туя арабчада “жамал” — “гўзаллик” маъносини билдиради. Бу сўз аввал юнонларга “kamēlos” шаклида ўтиб, ундан инглизларга “camel” тарзида ўтган.