Ислом дини ҳамиша эзгуликни тарғиб қилади, динни ниқоб қилиб турли ғаразли мақсадларни амалга оширувчи гуруҳларнинг ниятларини қоралайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳақиқий мусулмон қўлидан ҳам, тилидан ҳам ўзгаларга озор бермаган кишидир" дедилар. Ақида исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди.
Тобеинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар ўз вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридийларни алоҳида кўрсатиш мумкин.
Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳ: Ақида билмаган шайтона элдир, Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деганлар. Бугун дунё саҳнасида “Ислом” динини ниқоб қилиб олган манфур, пасткаш кимсалар ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ҳар қандай йўл ва услублардан фойдаланмоқдалар. Уларнинг асл мақсадлари анъанавий Ислом ривожига ҳисса қўшиш эмас, балки инсонларга Ислом динини ёмон кўрсатиш билан бир қаторда, анъанавий бўлган шариат аҳкомларига ўзларининг бузуқ ақидаларини тиқиштириб, ҳақиқий ислом таълимотидан узоқлаштиришдир. Шунингдек, мазкур бузуқ ақидалари билан инсонлар орасида турли фитна фасодлар ва нотинчликлар келтириб чиқариб ҳокимиятга интилиш каби мақсадларни илгари сурадилар. Чунки улар томонидан амалга оширилаётган ишларга бир назар ташлаган киши уларнинг ишлари умуман Исломга ёт эканлигини англаб етади. Албатта, улар қилаётган ишларини Исломга нисбат бериб, ўзларини оқлаш мақсадида Қуръони каримдан ёки ҳадиси шариф ва суннати Набавиядан ўзларича далиллар келтиришади. Бу далилларни ҳали Исломдан тўлиқ хабари бўлмаган ёки кенгроқ тушунчага эга бўлмаган кимсалар “тўғри” эканлигига шак шубҳа ҳам қилмайдилар.
Аслида улар келтираётган оят ва ҳадисларнинг сабаби нузули - ( яъни пайғамбар алайҳиссаломга бирор бир оят ваҳий қилинганда (туширилганда) тушиш сабаби бўлган) улар эса асл мақсад ва сабабларни четга суриб ўзларининг фикрларини келтиришади. Натижада, ҳали ғўр Исломдан яхши хабари бўлмаган ёшлар бундай оқимлар таъсирига тушиб, ўзи ва ўзгаларни адаштириб нотўғри йўлдан кетиб қоладилар. Шу билан иш тугамайди, тинчгина яшаб турган она заминига хоин ва манқурт кимсаларга айланиб қоладилар. Бузуқ ақидаларга тарғиб қилаётган кимсаларнинг асл мақсадлари шу бўлиб, энди улар бундай манқуртлаштирилган кимсаларга ҳар қандай буйруқлар бериб уларни осонгина бошқаришлари мумкин бўлади. Бу улар дунёнинг хоҳлаган бурчагида ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун тайёргарлик кўрди деганини англатади. Бугун дунёда бўлаётган қонли тўқнашувларнинг асосий сабабчилари қандай ном билан чиқмасин, бузуқ ақидаларга суянган кимсаларнинг ишидир. Демак, сизу биз, ниҳоятда сергак бўлишимиз, фарзандларимизни таълим тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, уларга аҳли сунна вал жамоа эътиқодидан бошқа, ҳар қандай ақидалар, бузғунчи ғоялар эканлигини тушунтириб, динимиз анъанавийлигини йўқотмаслигимиз лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, “Аҳли суннат вал жамоа” эътиқодининг софлиги, мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир. Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, бугунги кунда мусулмончилигимизни, эътиқодимизни соғлом қилишга, уни мукаммал ўрганишга имкониятлар мавжуд. Мана республикамизда олий ва ўрта ислом билим юртлари, икки мингдан ортиқ масжидлар фаолият кўрсатиб турибди. Билмаганларимизни мўътабар, ҳурматли уламоларимизнинг таълиф этган китобларидан ўқиб, имом-хатиблардан сўраб ўрганишимиз даркор. Уларнинг сўзларига доим қулоқ тутишимиз ва ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим. Барчамиз ниятимизни пок қилиб, ватанимиз, динимиз ва халқимизга манфаати тегадиган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб, “аҳли суннат вал жамоа” да собитқадам қилсин!
Давронбек АБДУҚОДИРОВ,
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати