Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Сентябр, 2026   |   23 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:31
Қуёш
05:53
Пешин
12:22
Аср
16:56
Шом
18:54
Хуфтон
20:11
Bismillah
05 Сентябр, 2026, 23 Рабиъул аввал, 1448

Беш мўътабар матн

27.05.2021   3328   3 min.
Беш мўътабар матн

Ҳанафийлик мазҳабида тўрт мўътабар фиқҳий матн – китоб бор бўлиб, улар “Мухтасари Қудурий”, “Виқоя”, “Канзуд дақоиқ” ва “Мухтор” деб аталади. Улар “Тўрт матн” номи билан машҳур.  Айрим олимлар булар сафига “Мажмаъул баҳрайн” асарини ҳам қўшадилар. Шу билан улар “Мутуни хамса” (“Беш таматн”) деб номланади.

  1. МухтасариҚудурий”.Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурий Бағдодий (972–1037) асари бўлиб, у ҳанафийлик мазҳабидаги фиқҳий матн китоблари ичида энг эътиборлисидир. Асарда 12 000 та фиқҳий масала зикр қилинган. “Мухтасари Қудурий ”га жуда кўп шарҳлар, ҳошиялар битилган.
  2. Виқоя”.Ушбуасарнинг тўлиқ номи “Виқоят ар-ривоя фи масоил ал-Ҳидоя” бўлиб, у “Мухтасари Виқоя” соҳибининг бобоси Бурҳонуш шариъа Маҳмуд ибн Садруш шариъа Аҳмад Маҳбубий (ваф. 1232) қаламига мансуб бў либ, мусанниф бухоролик бўлган. “Виқоя” асари Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий томонидан қисқартирилиб, “Мухтасари Виқоя” номли асар битилган. “Мухтасари Виқоя” ҳозиргача аҳамиятини йўқотмаган.
  3. “Канзуд дақоиқ”.Ҳофизиддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (1232– 1310) қаламига мансуб ушбу китобнинг тўлиқ номи “Канзуд дақоиқ фи илм ал-фуруъ” бўлиб, фиқҳий китоблар орасида ўзига хос ўринга эга. “Канзуд дақоиқ”да бошқа фиқҳий матн китобларида учрамаган мавзулар, жумладан, фароиз – мерос ҳуқуқи кабилар ҳам бор. “Канзуд дақоиқ” асари асрлар давомида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган. Шунинг учун унга ўнлаб шарҳ, ҳошиялар битилган. “Канзуд дақоиқ” баъзи фиқҳий асарларда қисқартирилиб, “ал-Канз” деб юритилади.
  4. “Мухтор”.Абул Фазл Маждиддин Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Мўвсилий (1202–1284)нинг “ал-Мухтор фи фуруъ ал-ҳанафия” ёки “ал-Мухтор ли-л-фатво” номли асари. Муаллиф ўз асарини ўзи “ал-Ихтиё р ли-таълил ал-Мухтор” номи билан шарҳ қилган бўлиб, матн тузишда фақат Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг фиқҳий қарашларини ихтиёр қилганлиги сабабли шу номни танлаганини зикр қилади.
  5. Мажмаъулбаҳрайн”.Тўлиқ номи “Мажмаъул баҳрайн ва мултақий ан-наҳрайн фи фуруъ ал-ҳанафия” деб аталган асарни Музаффариддин Аҳмад ибн Али ибн Саълаб ибн Саотий Бағдодий Баълабаккий Ҳанафий (ваф. 1294) ёзган. Мазкур асар тўртта мўътабар фиқҳий матннинг бири сифатида ҳам қадрланган. “Мажмаъул баҳрай н” Абул Ҳусай н Қудурий нинг “Мухтасар” ҳамда Абу Ҳафс Насафий (1068– 1142) қаламига мансуб “Манзума” асарлари асосида тартиб берил ган ҳанафий ликдаги мўътабар фиқҳий матн китоби ҳисобланади5.

 Содда, мўъжаз, ёдлашга осон бў лгани учун унга аҳли илмлар катта эътибор бериб, ўнлаб шарҳлар ёзилган. Муаллифнинг Фотима исмли қизи отасидан илм ўрганиб, отасининг ушбу “Мажмаъул баҳрайн” асарига чиройли “таълиқот” (қўшимча изоҳлар) битган.

Беш мўътабар фиқҳий китобларнинг арабча матнлари дунё бўйлаб бир неча марта нашр қилинган. Ҳанафийлик фиқҳидаги энг асосий манбалар бўлмиш ушбу асарлар орасида бирортаси ҳозиргача ўзбек тилига тар жима қилинмаган.

Ҳамидуллоҳ АМИНОВ,

 тарих фанлари номзоди

“Ҳидоят” журналининг 4-сонидан

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   51264   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари