Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Масжидул Ақсони ким қурган?

27.05.2021   9249   5 min.
Масжидул Ақсони ким қурган?

Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган?» дедим. У зот: «Масжидул Ҳаром», дедилар. «Кейин қайси?» дедим. У зот: «Масжидул Ақсо», дедилар. «Икковининг орасида қанча ўтган?» дедим. У зот: «Қирқ йил. Қачон бўлмасин, сенга намоз тўғри келса, дарҳол ўқиб ол, чунки фазилат шунда», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Қуртубий айтади: «Байтул Мақдисни биринчи бўлиб ким қургани ҳақида ихтилоф бор. Ривоят қилинишича, биринчи бўлиб Байтни, яъни Байтул Ҳаромни Одам алайҳиссалом қурганлар. Байтул Мақдисни у кишидан қирқ йил кейин ўғиллари қурган бўлиши мумкин. Аллоҳнинг изни билан фаришталар пойдевор қургандан кейин Байтни қурган бўлишлари ҳам мумкин. Ҳаммасининг эҳтимоли бор. Валлоҳу аълам». («Жомеъ ли аҳкаамил Қуръан», 4-жилд, 138-бет).

Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да шундай деган: «Масжидул Ақсони биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом қурган. Фаришталар, Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом, Яъқуб алайҳиссалом ҳам қурган дейишади. Мен «Одам алайҳиссалом иккала масжидни ҳам қурган» деганларни қувватловчи далилни топдим.

Ибн Ҳишом «Китобут-тийжон»да: «Одам Каъбани қургач, Аллоҳ унга Байтул Мақдис сари бориб, уни ҳам қуришга буюрди. У зот уни қуриб, унда ибодат қилдилар», деган».

Суютий «Сунану Насоий»нинг шарҳида шундай деган: «Масжидул Ақсони Одам алайҳиссаломнинг ўзи барпо қилган. Иброҳим ва Сулаймон алайҳиссаломлар эса уни янгилашган».

Иброҳим алайҳиссалом.

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг айтишича, Ибн Жавзий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қирқ йил» деган сўзларининг шарҳида бу мантиқан тўғри кемаслигини айтган. Чунки Масжидул Ҳаромни Иброҳим алайҳиссалом қурган, Байтул Мақдисни Сулаймон алайҳиссалом қурган дейдиган бўлсак, ораларида минг йилдан кўп муддат бор. Кейин Ибн Жавзий бу номувофиқликка шундай жавоб берган: «Каъбани илк бор қурган зот Иброҳим алайҳиссалом эмас. Байтул Мақдисни илк бор қурган зот Сулаймон алайҳиссалом ҳам эмас.

Бизга ривоятларда етиб келишича, Каъбани илк бор Одам алайҳиссалом барпо қилганлар. Кейин у зотнинг авлодлари ер юзида тарқаб кетишган. Уларнинг бири Байтул Мақдисни қурган бўлиши мумкин. Кейин эса, Қуръонда айтилганидек, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганлар». («Фатҳул Борий», 6-жилд, 407-бет).

Қуртубий шундай деган: «Бу ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассалом биринчи бўлиб икки масжиднинг пойдеворига асос солганига далолат қилмайди, уларнинг ишлари бошқалар қурган масжидни янгилаш бўлган».

Аксар муфассирлар «Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ақсони рисолати ва даъватига иймон келтирган фарзандлари ва зурриётларидан иборат бўлган мусулмон умматига масжид бўлиши учун унинг биносини янгилаган», дейишади.

Масжидул Ақсога имом бўлиш Иброҳим алайҳиссаломнинг солиҳ зурриётлари қўлида давом этиб келган.

Ибн Касир шундай деган: «Яъқуб ибн Исҳоқ алайҳимассаломнинг даврида Масжидул Ақсонинг Иброҳим алайҳиссалом қуриб кетган биноси эскириб кетганидан кейин қайта қурилган». («Бидоя ван-Ниҳоя», 1-жилд, 184-бет).

Шиҳобиддин Мақдисий шундай деган: «Бу иш бинони янгилаш бўлган». («Мусийрул ғаром», 134-бет).

Мусулмонлардаги ишончли, собит шаръий далилларга кўра, Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом қурганлар. Лекин у зот пойдеворга асос солмаганлар, балки масжиднинг биносини ибодат қилиш учун тайёрлаб, кенгайтириб, янгилаганлар.

Насоий, Ибн Можа ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Сулаймон ибн Довуд Байтул Мақдисни қуриб бўлгач, Аллоҳдан учта нарса сўраганлар: У Зотнинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукмни, ўзидан кейин ҳеч кимга берилмайдиган салтанатни, бу масжидга фақат намоз ўқиш учунгина келган ҳар бир одамни гуноҳларидан худди онасидан туғилгандек (поклаб) чиқаришини. Менга иккитаси берилди. Учинчиси ҳам берилишини умид қиламан».

Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида шундай деган: «Бу икки масжиднинг пойдеворига асос солган зот Одам алайҳиссалом экани ворид бўлган. Шу билан бирга Иброҳим Масжидул Ҳаромни, Сулаймон Байтул Мақдисни қургани, орада қирқ йил ўтгани ҳақидаги бироз ихтилофлар бор. Демак, бу икки зот бинони фақат янгилаган, холос деган хулоса келиб чиқади».

Қуртубий «Жомеъ ли аҳкамил Қуръан»да шундай деган: «У Зотнинг «Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб…» деган ояти ҳамда Насоий ривоят қилган ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассаломнинг пойдеворга асос солганига эмас, балки бошқалар асос солган бинони янгилаганига далолат қилади».

Имом Бағавий ўз тафсирида шундай деган: «Байтул Мақдис Бухтанассир ғазот қилгунича Сулаймон қуриб кетган шаклда бўлган. У шаҳарни харобага айлантириб, масжидни бузиб, шифти ва деворларидаги тилла, кумуш, дур, ёқут ва бошқа жавҳарларни олиб, Ироқ еридаги ўз мамлакатига ташиб кетган, дейишади».

Кўриниб турибдики, Сулаймон Байтул Мақдисда қилган иши Ҳайкалнинг пойдеворига асос солиш бўлмаган, балки муборак Масжидул Ақсони янгилаш бўлган. Худди Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ҳаромни янгилагани каби. Масжидул Ақсо Сулаймон, Мусо, Яъқуб ва Иброҳим алайҳимуссаломлардан олдин ҳам бўлган.

 

Масжидул Ақсо: «Ҳақиқат ва тарих» китобидан

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги тарғибот ва ободонлаштириш ишлари билан танишди

06.08.2026   19510   1 min.
Соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги тарғибот ва ободонлаштириш ишлари билан танишди

Мамлакатимизда мустақиллик байрамининг 35 йиллиги муносабати билан “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ҳамда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ҳудудларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, ободонлаштириш, хайрия ва меҳр-оқибат ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур жараён билан яқиндан танишиш мақсадида 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мутасаддилар Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Нўғайқўрғон”, “Қумариқ” ва “Иттифоқ” маҳаллаларида бўлишди.

Ташриф давомида соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллари, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Маҳаллаларда ўтказилган сайёр йиғинларда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда ҳамжиҳатликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, хонадонлар атрофи, кўчалар, ариқлар ва қабристонларни обод қилиш, уларнинг озодалигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, маҳаллалар ҳаётида яққол намоён бўлиши ва аҳоли кайфиятида ўз аксини топиши лозим. Шу маънода, жорий йил якунида мамлакатимиз бўйлаб “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” номинациялари бўйича ғолибларнинг аниқланиши мазкур эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари