Мусулмонларни нотўғри эътиқоддан асраш, соф эътиқод ила тарбия қилиш бугунги куннинг долзарб масаларидан бири бўлиб келмоқда. Эътиқодда адашиш, озгина билган нарсасига маҳкам ёпишиб олиб қолганларни сўзини қабул қилмаслик, илмсиз равишда билмаган нарсасига, танимаган шахсларга эргашиш кўпгина кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани ҳаммамизга маълум. Ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб, бало офатларнинг сабабларидан бири ҳам ақидада адашган, оз билган нарсасига ёпишиб олган замона хаворижлари ҳисобланади.
Ақидада адашиш ва ҳаддан ошишнинг асосий сабаби билимсизлик ҳисобланади. Билимсизлигини тан олмаслик эса балонинг бошидир. Минг афсуслар бўлсинки, аввалки ва ҳозирги ақида овчилари ўзларини олим деб биладилар аммо дин соҳасида тузукроқ бошланғич таълимни ҳам олмаган бўладилар. Уларнинг бирортасида ҳам диний таҳсил олганлиги ҳақида шаҳодатномаси йўқ.
Уламоларимиз бу кимсаларнинг билимсизликлари қуйидаги соҳаларда эканлигини таъкидлайдилар:
Ушбу билимларнинг барчасини пухта эгалламасдан туриб бирор ҳукм чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Билимсизликларга асосланиб чиқарилган ҳукмлардан бири, мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бир мўмин инсонни асоссиз куфрга чиқаришнинг оқибати жуда ёмон бўлиб, кўпчиликнинг бошига бало-офат бўлади.
Аслида Расуллулоҳ (с.а.в) мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарганлар.
ثَلاثٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ : الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لا إلَهَ إِلا اللهُ لا نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلا نُخْرِجُهُ مِنْ الإِسْلامِ بِعَمَل
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Уч нарса иймоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни исломдан чиқармаймиз”, дедилар.
Демак, “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган киши мусулмон ҳисобланиб, унинг жонига, молига зарар етказмаслик, у билан чиройли муомалада бўлиш, гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаслик зарур. Аммо динда ҳаддан ошган, ақидада адашган кимсалар эса калимаи шаҳодатни айтиб турган кимсани, аҳли қиблани кофирга чиқарадилар. Улуғ алломаларни ва бошқа мусулмонларни ўзларининг йўлига эргашмаганлари учун портлатадилар, қатли ом қиладилар.
Шаръий матнларда келган куфр сўзи аслида икки хил маънода ишлатилади:
سِبَابُ الْمُسْلِمِ أَخَاهُ فُسُوقٌ ، وَقِتَالُهُ كُفْرٌ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир, у билан уруш қилмоқ куфрдир”, деганлар.
Бошқа ҳадисда:
بَيْنَ الْعَبْدِ وَبَيْنَ الْكُفْرِ تَرْكُ الصَّلاَةِ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон ва куфрнинг ўртасида намозни тарк этиш бор”.
Яна бир ҳадисда:
مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللَّهِ فَقَدْ كَفَرَ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди” деб, марҳаммат қилганлар.
Ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларда зикр қилинган куфр сўзидан диндан чиқарадиган кофирлик эмас балки гуноҳ ирода қилинган. Шунингдек, “Зинокор зино қилаётган вақтида, ароқ ичувчи ароқ ичаётган вақтида, ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўъмин бўлмайди” деган ҳадисларда бундай ишлар ўта қабиҳ бўлганлигидан таҳдид ирода қилиниб мўмин бўлмайди ибораси ишлатилган. “Намоз диннинг устуни. Ким уни қоим қилса динини қоим қилибди. Ким уни тарк этса динини вайрон қилибди” деган ҳадис намозни фарз эмас деб, эътиқод қилувчи киши ҳақида айтилган.
Аҳли сунна вал жамоа ҳаммалари жумладан, ақида илмидаги буюк алломаларимиз Имом Мотуридий, Имом Насафий, Абу Ҳанифалар ўз асарларида гуноҳи кабира қилган мўмин гуноҳкор бўлсада, кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Бундай кишилар қиёматда гуноҳига яраша жазо олишлиги ёки тавба қилиб Аллоҳнинг афвига мушарраф бўлишлари мумкин.
Адашган фирқалар эса ушбу ва бошқа ҳадис мантларини тўғри тушунмаганларидан мўмин аммо гуноҳ иш қилган кимсани кофирга чиқарадилар, уларни қонини ҳалол санайдилар.
Агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблаганга ҳадд (шаръий жазо) қўлланишлиги беҳуда нарса бўлиб қолар эди. Чунки ҳаддлар кофирга қўлланилмайди. Бу эса гуноҳи кабира қилгани туфайли иймондан чиқади деган гап бузуқ эътиқод эканлигини кўрсатади.
Абу Муин Насафий “Баҳрур Калом” номли асарларида мўминни гуноҳи туфайли кофирга чиқариб, қонини ҳалол санайдиган адашган фирқаларга қарата ушбу далилларни келтирадилар:
“Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31-оятида:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”.
Таҳрим сурасининг 8-оятида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизларни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”.
Ушбу оятлардаги тавба гуноҳ сабабидан бўлади. Гуноҳ қилган кишигина тавба қилади ва Аллоҳ уни афв этиб жаннатга киритишини умид қилади.”
Юқоридаги оят ва ҳадислардан гуноҳкор мўмин кофир бўлмаслиги маълум бўлди. Ҳозирги кундаги такфирчилар эса нафақат гуноҳ қилган кишини балки айнан уларнинг фикрига қўшилмаган бегуноҳ, беайб инсонларни қатл қилмоқда.
Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бири, “Ал-Баҳрур Роиқ” асарининг муаллифи Ибн Нажим айтадилар:
“Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далили бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деган.
Динда ҳаддан ошганлар эса буни аксини айтадилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир.
Мухамедходжаева Санобар
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати