Аллоҳ таолога ҳамд ва унинг пайғамбари бўлган Муҳаммадунил аминга салоту саломлар айтамиз. Аллоҳ бизни гўзал бир шариат ходими бўлишлигимизни насиб қилди. Ислом шариати Аллоҳ таоло томонидан туширилган ва унинг ҳимоячиси Аллоҳнинг Ўзидир ва рози бўлган дини ҳам мана шу ислом динидир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилиб: “Сизларга исломни дин деб рози бўлдим” деди. (моида сураси 3- оят)
Аллоҳнинг охирги ва рози бўлган дини бу исломдир, инсонлардан қабул қиладигани ҳам мана шу диндир. Чунки, бу дин, тинчлик ва нафис диндир. Расули акрам алаҳиссалоту вассалом ислом динини олиб келганларида мушриклар турли туман фитналар ва турли озорлар пайида бўлишди. Саҳобалардан Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Бир инсонни Аллоҳ дегани учун ўлдирасизларми?” дедилар.
Мушриклар турли фитналар, азиятлар ва ҳаттоки мусулмонлар билан олди бердини кесишди бу ишлари билан исломни йуқотиш пайида эдилар. Улар айтишардики: “Агарда Муҳаммадни ўлдирсак унинг дини ҳам йуқолади”. Мана шундай ислом душманларининг номлари исломда ёмонлик билан муҳрланди, лекин Аллоҳ Ўз динини ҳимоя қилди. Биргина ҳазрат Билол розияллоҳу анҳуни олайлик, мусулмон бўлганларида у кишини исломдан қайтариш учун мушриклар қанчалар ҳаракат қилишди қанчалар азиятлар етказишди. Лекин пок қалбли, қалбини исломнинг гўзаллиги қоплагани учун бир лаҳза бўлсин “Аллоҳ бирдир, Аллоҳ ягонадир” деган сўздан тонмадилар.
Бу дин бизгача мана шундай қийинчиликлар билан етиб келди. Бу йўлда кўпгина машаққатлар чекилган. Ислом динининг ҳимоячиси Аллоҳдир бу динга фитна уйғотадиганлар албатта ўз қаршисида Аллоҳни кўради. Чунки, ислом динида фитна уйғотадиган, ва мусулмонларни бир бирига тушурадиган фитнакорлар бу фитналари билан фақатгина ўзларига зарар етказадилар.
Ҳозирги кунда исломни ниқоб қилиб, баъзиларнинг кафиллигида туриб, исломни бузмоқчи бўлганлар, узоқларда туриб ўз юртидаги исломни, мусулмонларни ёмонлаётганлар, афсуски йўқ эмас. Булар ислом дининиг ҳимоячилари эмас балки, бузувчиларидир. Бир олимни сўзини эшитганда, уни масхаралаб унга ёмон сўзларни айтиш минг афсуски мусулмончилик эмас. Ҳозирги кунда баъзи илмсизлардан мана шундай мусулмонга тўғри келмайдиган амалларда кўришлигимиз мумкин. Бирор олимнинг сўзи ёки маърузаси ижтимойи тармоқларда қўйилса унга ўзининг салбий фикрларини билдирадиган илмсизлар оз бўлса ҳам бор ваҳоланки, Пайғамбаримиз ўзларининг ҳадиси мубораракларида: “ҳақиқий мусулмон уки, унинг қўлидан ҳам тилидан ҳам бошқалар омонда бўлганлар” деб марҳамат қилганлар. Мусулмон ман деган киши қўли билан бўлсин ёки тили билан бўлсин бировга озор етказмайди. Мана шу йўл Муҳаммадий таълим ва тарбиядир.
Аллоҳ динимизни, миллатимизни фитначилар фитнасидан асрасин.
Муҳаммадхон Нуриддинов
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари бўлиб ўтган нуфузли анжуман диний таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва соҳага илғор педагогик ёндашувларни татбиқ этиш ва замон талабига мос кадрлар тайёрлашда йўлидаги салмоқли амалий қадам бўлди.
Тадбирлар давомида соҳага оид илмий маърузалар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан маънавий-маърифий тараққиёт, диний таълимда рақамли трансформация, сунъий интеллект ва илмметрия масалаларига бағишланган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Машғулотлар тизимда замонавий ёндашувларни оммалаштириш, дарс жараёнларида янгича услубларни қўллаш ҳамда соҳа вакилларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, анжуман доирасида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг муҳтарам Президентимизга йўллаган Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Унда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани тубдан ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш ҳамда улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти каби диний таълим масканлари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши юртимизда маърифат аҳли учун кенг имкониятлар очгани таъкидланди.
Ўз навбатида, педагоглар ушбу юксак эътибор ва шарт-шароитлар учун Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдириб, бунга жавобан ёшларни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини ўзлаштирган ва соҳада етук кадрларни тайёрлашини таъкидладилар.
Бўлиб ўтган анжуман диний таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ва рақамли технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда соҳада юқори малакали, замон билан ҳамнафас мутахассисларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати