Олам яралганидан буён кишилар ўзаро ҳамкорликка интилган. Негаки, буни ҳаётнинг ўзи тақозо этган. Албатта, инсоният ибтидоий жамоа тузумидан бошлабоқ, ўзганинг кўмагига муҳтож бўлган. Аслида, ҳамкорлигу ҳамжиҳатликда ҳикмат бор. Ундан нафақат моддий балки, маънавий рағбат олинган.
Диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлар одамийликнинг олий намунасидир. Сир эмас, ўтган аждодларимиз ўз авлодларига бу борада мислсиз катта маънавий мерос қолдирган.
Зеро, аҳилликда маъно ва ҳикмат жамулжамдир. Яратган ер юзида яшовчи инсонларга диний ва миллий қарашларида тенгликни раво кўрган. Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: яъни “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл ( Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
(Ҳужурот сураси,13-оят).
Давлат раҳбари “Биз жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Бу борада 30 июль - “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этаман. Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади”, деб таъкидлаб ўтганди.
Юртимизда турли миллату элат вакиллари дўстона, биродарликда, тинчлик-тотувликда яшаб келмоқда. Биласизки, ота-боболаримиз юртимиздаги ўзга дин вакилларига мудом бағрикенглик билан муносабатда бўлишган. Ўз навбатида улар ҳам ўлкамизни ўз Ватани сифатида қабул қилишиб, диёримизнинг ривожланиши йўлида ўз меҳнатлари билан хизмат қилганликларига гувоҳмиз.
Ўзбекистон аҳолиси 33 миллиондан ошиб кетди. Улар орасида эса 130дан ортиқ миллат вакиллари бор. Юртимиз фуқароларнинг 94 фоиздан кўпроғи муқаддас Ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоиз аҳоли эса православ динига мансубдир. Аҳолининг қолган қисми бошқа динга мансуб ҳисобланади. Юртимизда кўплаб диний ташкилотлар ҳам фаолият олиб бораётганлиги озод ва обод ҳаётда яшаётган халқимиз бағрикенглигининг амалий ифодаси бўлиб ҳисобланади.
Сўнги йилларда юртимизда дўстона амалий ҳамкорлик, ўзаро биродарлик борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашининг бешинчи Саммитида “Энг муҳими, бугунги кунда жаҳон ишонч инқирозига юз тутмоқда. Зеро, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир”, дея алоҳида эътироф этган эди.
Минг афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, кейинги пайтларда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, ўзаро дўстлик-биродарликка салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳам учраб турмоқда.
Барчамизга маълум бўлган бир калима шеър бор:
Самарқанд сайқали руйи замин аст,
Бухоро қуввати исломи дин аст.
Азизлар, эътибор берган бўлсангиз, бу сатрдаги шеърнинг мазмун ва маъносини барчамиз жуда яхши англаймиз. Ва шу баробарида қалбимизда чексиз фахр тўямиз. Негаки, ушбу сатрлар мисоли қўёш каби бутун оламга порлаган каби маълум бўлган. Форсий битилган ушбу шеър заминимизнинг нақадар улуғланганлигини беихтиёр қалбларимизга ҳузур билан бирга ҳаловат ҳам бахшида этади. Аждодларимизнинг араб тилида битган илмий асарлари ва форсийда ёзган шеърлари бутун инсониятни лол қолдирганлигини тарихдан маълум. Бу эса диёримизда турли миллат вкилларининг бир тану бир жон бўлиб яшаганлигидан далолатдир.
Ватан-остонадан бошланади. Шундай экан, оила тинч бўлса, юрт ривож топади. Жамиятимизда диний ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида кенг қамровли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Элимизнинг ўзига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро тотувлик сингари фазилатларни ўзга миллат вакилларига ибрат ва намуна сифатида намойиш этилмоқда.
Пайғамбаримиз саллоҳу алайҳи вассалам ҳадисларининг бирида шундай дедилар: яъни: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, молнинг нархини ёлғондан кўтарманглар, бир-бирингизга буғзу – адовот қилманглар, бир-бирингиздан юзингизни бурманглар, ҳеч бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар! Мусулмон – мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, уни таҳқирламайди. Тақво мана бу жойдадир, деб, уч марта кўкракларига ишора қилиб айтдилар. Кишининг мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир муслмонга мусулмоннинг қони, моли ва обрўйи ҳаромдир.” (Имом Муслим ривоятлари.)
Пойтахтимизнинг Миробод туманида ҳам миллатлараро тотувлик масаласида бир қатор хайрли ишлар бажарилмоқда. Мутасадди идоралар ҳамкорлигида аҳоли орасида турли учрашувлар ва суҳбатлар ташкил қилиняпти. Суҳбатлар давомида турли миллат вакилларини тотувлик ва аҳилликка ундовчи диний бағрикенглик борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу борада айниқса, туман имом хатиби бошчилигида маънавий ва маърифий тадбирлар пешма пеш олиб борилаётгани таҳсинга лойиқдир. Жойларда туман имом хатибининг маърифий тадбирларни ўтказилиши аҳоли орасида катта қизиқиш ўйғотмоқда. Қайд этиш лозимки, инсон диний қарашлари ҳар хил бўлса-да, унинг яратганнинг олдида бир хил мақомда эканлиги ва барчамиз инсоният ривожи ва унинг камоли учун енг шимариб хизмат қилишимиз зарурлиги мазкур суҳбатлар давомида алоҳида уқтирилмоқда. Ва бу борада турли ҳикоятлар билан бирга ривоятларни амалий мисолларни келтирган ҳолда, тушунтиришиб берилмоқда. Бу эса ўз навбатида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда ўзига хос замин вазифасини ўтамоқда.
Мамлакатимиздаги мавжуд тинчлик ва осойишталик турган гапки, турли миллат ва халқларнинг ўзаро иноқлигига асосланган. Бу ҳақида Президент “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу–бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”, дея таъкидлаганди.
Миробод туманида ҳам юқоридаги вазиятларни инобатга олган ҳолда, тегишли идоралар ҳамкорлигида миллатлараро тотувлик борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман имом хатиби турли диний эътиқод вакиллари билан бирга ҳамкорлик асосида ишлар экан, уларга динимизнинг нақадар олижаноб ва бағрикенглигини амалий мисоллар билан кўрсатмоқда.
Сўзимизнинг исботи сифатида, тумандаги “Байналмилал” маҳалласида 5200 аҳоли ва 1470 хонадон мавжуд бўлиб, у ерда юзга яқин миллат вакиллари аҳил ва иноқ бўлиб ҳаёт кечиришаётганлиги алоҳида қайд этмоғимиз зарур. Бу ердаги аҳоли бир бирининг ҳолидан хабар олиб, яхши- ёмон кунларида елкадош бўлиб яшамоқдалар. Шу ўринда, турли байрам ва шодиёналарда бир бирининг ҳолидан хабар олиш ҳамда бошига мусибат тушганида янада бир бўлиб, ҳамкорликда миллат ва эътиқодидан қатъий назар беминнат кўмак бериш ҳолатлари киши қалбига қувонч бағишлаши дилларни яйратади.
Одил Холмуродов
Миробод тумани “Ал-Бадр” жоме масжиди имом-хатиби
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси