Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Улуғ мутафаккир, ҳассос адиб, фозил инсон, ҳайрат ва нидода, фахр ва армонда, имон ва эътиқодда мусаффо, дарчил туйғулар соҳиби устоз Аҳмад Муҳаммад ҳожи дада бугун орамиздан дорулбақога кўчдилар. Эй, дариғ! Бир бутун нуктадон, дақиқнавис алломанинг умрлари поёнига етди.
Устоз кўплаб диний-маърифий, бадиий, илмий, тарихий асарлар муаллифи ва муҳаррири, хусусан, “Тафсири Ирфон” Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирининг адабий муҳарррири Аҳмад Муҳаммад Турсун 1949 йилда Наманган шаҳрида туғилганлар. 1967 йилдан бошлаб матбуотда фаолият олиб борадилар.
Қаламлари ҳақиқат узра йўналтирилган устоз “Наманган ҳақиқати” газетасида турли вазифаларда, жумладан, “Наманган атласи”, “Ирфон”, “Таржимон”, “Суҳбатдош”, “Ҳайрат” рўзномаларида бош муҳаррир бўлиб халқимизнинг қалб-қўрини сахифаларга туширган муҳаққиқ эдилар.
2003-2010 йилларда “Ҳидоят” журналида бўлим муҳаррири бўлиб, унинг саҳифаларига ҳикмат дурдоналарини таратдилар.
2014 йилдан буён, “Hilol-Nashr” нашриётининг муҳаррири, нашриёт томонидан ҳар ой чоп қилинадиган “Ҳилол” диний-маърифий, ижтимоий-адабий журналининг ношири, “Олтин силсила” ҳадислар тўплами муҳаррирлар ҳайъати аъзоси, ёшларга ўрнак бўлиб келаётган таҳририятнинг маҳорат соҳиби эдилар.
Марҳум адибнинг элликка яқин диний, бадиий, илмий-маърифий китоблари нашр этилиб, буюк халқимиз ардоғида ўқиб, ўрганиб келинмоқда.
Устоз тасниф этган барча нур чашмаларга тўлган асарлари мисоли зикру суҳбат қилаётгандек таъсир кучига эга эди.
Инсон эришиши керак бўлган энг юксак мартаба ва ахлоқ бобида намуна бўлган олийжаноб зиё нури эдилар.
Бу каби буюк нурли йўл соҳиби устозимиз ёшлик давридан то умрларининг охиригача ўткир зеҳн, теран заковат, зуҳду тақво билан ҳамнафас яшаб ўтдилар.
У кишининг сўзлари, иқрорлари, ахлоқ ҳамидалари барчага ибрат эди.
У олийжаноб инсон таратган ҳикматлардан инсонни қалби покланиб, руҳий озуқаланиб, илоҳий мададга суғорилардингиз.
Бу муҳтарам инсон ҳидоят йўлини аниқ ушлаб, бу муборак йўлда яхшилик изловчиларга йўлдош бўлдилар.
Дунё ва охиратнинг эзгулик ҳазинасини мерос қолдирдилар. Мўмин-мусулмонда бўлган барча гўзал сифатларни ўзларида мужассам этдилар.
Устоз адабиёт бобида юлдуз бўлиш билан бир қаторда, хулқу одобда, хушмуомала ва садоқатда, қаноат ва риёзатда ҳам тенгсиз эканликлари бизнинг қалбимизга ўз нақшини қолдирмоқда.
Тақдирга табдил йўқ! Биз айрилиқ жафосини тортиб турган оила аъзоларига, нуридийда фарзандларига, ака-ука жигаргўшаларига, ҳабиб мухлисларига ўзимизнинг таъзиямизни билдирамиз.
Аллоҳдан сабру жамил тилаймиз. Аллоҳим устознинг руҳларини бизларнинг дуоларимиз билан равҳу райҳон айласин! Омийн, Я Роббал Аламийн.
Абдулҳай Абдулҳафиз ўғли
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати