Ислом дини инсонни доим эзгуликка чақиради. Уни камолот сари чорлаб, яхшиликка етаклайди. Пировардида Яратганнинг розилигини топиб, дунё ва охиратнинг бахту саодатига эришиш учун жамият билан адолатда бўлишга тарғиб этади.
Аллоҳ таоло: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг» (Моида сураси, 8-оят), деб амр қилган. Адолат нафақат Исломнинг, балки ҳар қандай жамиятнинг асосий мезонидир. Шунинг учун Раббимиз бизларни доимо адолатга буюради: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтаради. У сизларга ваъз қилур. Шояд, эсласангиз» (Наҳл сураси, 90-оят).
Адолатнинг асосий кушандаси порахўрликдир. У қайси жамиятда авж олса, ўша жойда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари поймол бўлаверади. Ундай жамиятда на банданинг ҳақига, на жамоатнинг ҳақига риоя қилинмайди. Порахўрлик инсонни, жамиятни тараққиётдан тўсади.
Муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида айни шу масалага жиддий эътибор қаратиб, жумладан, бундай таъкидлади: “Мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балоси... Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ”.
Исломнинг гуркираган даврига назар солсак, инсонпарварликнинг асосий мезони адолатда барқарор бўлганини кўрамиз. Адолат шу даражада қарор топган эдики, бунда халқу раҳбарият, мусулмону номусулмон барчаси тенг кў риларди.
Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розий аллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу билан баҳслашиб қолди. Ҳукм чиқариш учун Мадинаи мунаввара қозисининг олдига боришди. Қози уларнинг олдига чиқар экан:
– Ассалому алай кум, эй мўминларнинг амири, – деб Умар розий аллоҳу анҳуга илтифот кўрсатди. Сўнг унга Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан кўра юқорироқдан жой берди. Убай ибн Каъбни ўнг томонига ўтирғизди-да, яна халифага юзланди:
– Эй мўминларнинг амири, афв этгай сиз.. Шунда халифа ғазабланиб, қозига қаттиқ дашном берди:
– Қачондан бери ўзбошимча бўлиб қолдинг! “Эй мўминларнинг амири, мана бу жойга ўтиринг, афв этгайсиз”, дейсан!
Улар бошқа қозини ҳакам қилишди...
Бу иллат бутун халққа – зиёли, оддий ишчи ёки мактаб ўқувчиси – барчага тенг офат келтирувчи балодир. Ҳар қандай жамиятда порахўрликни йўқотиб, адолат тикланмас экан, у жамиятда тараққиёт, осойишталик мустаҳкам асосга эга бўла олмайди.
Порахўрликка қарши курашиш нафақат масъуллар, балки жамият аъзоларининг ҳам бирламчи бурчларидандир.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака тумани бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 4-сонидан
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати