Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2025   |   16 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
05:00
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:35
Bismillah
11 Июл, 2025, 16 Муҳаррам, 1447

21.05.2021 й. Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлик ва алдовлардан огоҳ бўлинг!

18.05.2021   5385   13 min.
21.05.2021 й. Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлик ва алдовлардан огоҳ бўлинг!

     بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДОВЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Ҳурматли жамоат! Кундан-кунга ижтимоий тармоқларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Уларнинг жамият учун ижобий жиҳатлари билан бирга, салбий таъсирини ҳам қайд этиш лозим. Кўплаб юртдошларимиз бу соҳада фойдали фаолият олиб бориб, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам манфаат келтиришмоқда. Жумладан, фан, маданият, реклама, савдо-сотиқ, кўргазма ва илмий фаолиятлар халқаро тармоқларда олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Аммо, “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, бу соҳада ҳам одамларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб, фирибгарлик билан шуғулланувчилар топилади. Аслида, динимиз ҳар бир ишда тўғри сўз бўлишга тарғиб қилган. Тўғри сўзликнинг самараси ўлароқ – Аллоҳ таоло банданинг барча ишларини тўғирлаши ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا  يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ

 وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا   

яъни: Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди(Аҳзоб сураси 70-71 оятлар).

Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин:

  1. Молиявий фирибгарлик.

Кейинги пайтларда халққа хизмат қилиб келаётган кўплаб хайрия фондлари “соя”сида одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, алдов йўли билан ҳаром мол тўпловчилар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Масалан, ёлғондан бирор бемор кишининг суратини қўйиб, ёрдам сўралади ва пул ташлаш учун карталар жойлаштирилади. Бунга ишонган кишилар карталарга пул жўнатишади. Шундай қилиб холис кишиларнинг маблағларини фирибгарлар ўзлаштирадилар.

Гоҳида фирибгарлар ижтимоий тармоқларга турли мақсадларда ўз пластик карталарини жойлаштирган кишиларга пул ташлаб берамиз, деб махфий кодни ёки тўлиқ карта маълумотларини сўрашади, код ёки маълумотлар айтилса, карта ичидаги пулни тортиб оладилар.

Бошқа ҳолатларда сизга тўлов қилганини айтиб, ҳисобни текшириш учун ҳавола (ссылка) жўнатади. Ўша ҳаволани очиб кўрилса, сизнинг картангиздан пулни ечиб оладиган тизим ишга тушади.

Одамларни чалғитадиган жиҳати телефон қилиб маълумотларни сўрайдиган фирибгар ўзини фалон банкни хизматчисиман, деб таништириши ҳам мумкин. Бу ишларнинг барчаси замонавий фирибгарлик – ўғриликдир.

Ўғрилик – динимизда катта гуноҳлардан саналиб, дунёда ҳам жазо тайинланган жиноятлардан биридир. Ўғрилик қадимдан барча илоҳий динларда гуноҳ ва жиноят саналган.

Катта гуноҳларга дунёда – жазо, охиратда азоб белгиланган бўлади. Катта гуноҳлар фақат тавба ва бировни ҳаққини эгасига етказиш билан ювилади.

Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклардан кейин аёллар билан байъат қилишни бошладилар. Бу Сафо тепалигида эди. Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан пастроқда ўтириб олиб, Ул Зотнинг номидан имон келтирган аёлларга оятдаги шартларни етказиб байъат қилган. Ўша шартлар ичида ўғрилик қилмаслик ҳам бор эди. Ояти каримада  бу жиноят катта гуноҳлар билан бирга саналган. Қуръони каримда шундай дейилади:

 يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِذَا جَاءَكَ الْمُؤْمِنَاتُ يُبَايِعْنَكَ عَلَى أَنْ لَا يُشْرِكْنَ بِاللَّهِ شَيْئًا وَلَا يَسْرِقْنَ وَلَا يَزْنِينَ وَلَا يَقْتُلْنَ أَوْلَادَهُنَّ وَلَا يَأْتِينَ بِبُهْتَانٍ يَفْتَرِينَهُ بَيْنَ أَيْدِيهِنَّ وَأَرْجُلِهِنَّ وَلَا يَعْصِينَكَ فِي مَعْرُوفٍ فَبَايِعْهُنَّ وَاسْتَغْفِرْ لَهُنَّ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ

яъни: “Эй, Пайғамбар! Қачонки, Сизнинг олдингизга мўмина аёллар келиб, Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, ўз болаларини ўлдирмасликка, қўл ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмасликка ҳамда бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликка ҳузурингизда қасамёд этсалар, Сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ (ўз бандаларига нисбатан) кечиримли ва раҳмлидир” (Мумтаҳана сураси 12-оят).

Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро молларини ботил йўллар билан ейишдан қайтаради. Ўғирлик, фирибгарлик ҳам – ботил йўлларнинг биридир. Ўзаро розилик ва ҳалол тижорат билан топилган бойликлар – ҳалолдир.  Қуръони каримда шундай дейилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ

وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно...” (Нисо сураси 29-оят).

Одамларни норози қилиб, уларнинг маблағларини ўғирлайдиганларни топган ҳаром луқмалари уларни дўзахнинг тубига тортади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлардан ҳар бир киши оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир”. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди»” (Имом Абу Яъло ва Имом Баззор ривоятлари).

  1. Маънавий фирибгарлик.

Бу тур фирибгарлик ижтимоий тармоқларда иқтисодий фирибгарликдан ҳам кўпроқ учрайди. Қуйида уларга тўхталиб ўтамиз:

  1. Ёлғон хабар тарқатиш.

Ҳар куни ижтимоий тармоқларда минглаб хабарлар тарқалади. Лекин шунинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Баъзилари билмасдан ҳатто ёлғонга аралашса, баъзилари қасддан, қандайдир мақсадлар билан ёлғон маълумот тарқатади. Натижада улар ўзи ва ёлғонга амал қилганларнинг гуноҳини елкаларига “ортиб” оладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига кўплаб ҳадиси шарифлар далолат қилади.

  1. Қимор ва фирибгарлик ўйинлари.

Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Айниқса букмекерлик компанияларда футбол уйинларига пул тикиш, айрим блогерларнинг қимор ўйинларини ташкил этиши кўп кўзга ташланмоқда. Исломда қимор ўйини қатъий ҳаром қилинган! Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти асос бўлган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси 90-оят).

Қимордан топилган молни емоқ судхўрлик билан топилган молни емоқдан ҳам оғирроқдир! Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйин ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Қиморни реклама қилиб тарғиб қилаётганлар шуни билсинларки, уларнинг тарғиботи билан қиморга қўшилган ҳар бир кишининг гуноҳидан буларга ҳам тенгма-тенг ёзилиб туради.

  1. Одамларнинг обрўларини тўкиш ва уларни бир-бирига гиж-гижлаш.

Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир! Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:

مَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ، يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ

(رواه الإمام أبو داود عن أنس رضي الله عنه)

яъни: “Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб, уларни ғийбат қилиб, обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб берди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

 وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ  

яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” (Бақара сураси 217-оят)

  1. Фаҳш ва беҳаёликнинг тарқалиши

Фирибгарлар катта даромад топиш, одамларни маънавий тубанликка тушириш, халқнинг ўзлигини емириш учун жамиятда беҳаё тасвирлар, видео-роликлар тарқатадилар.

Номаҳрам бўлган шахсларнинг иж  тимоий тармоқлардаги ношаръий суҳбатлари кўплаб оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

яъни:(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир (Нур сураси 30-оят).

Шу ўринда ота-оналарга эслатиб ўтамизки, ижтимоий тармоқларда ўғил-қизларимизни “овлаш” учун “тўр” ташлаб, пойлаб турган фаҳш тарғиботчилари биз ўйлагандан кўра анча кўп. Фарзандларимизни уларнинг қўлига топшириб қўймайлик, уларга ўзимиз эга чиқайлик! Бунинг учун, чиройли тарбия бериш билан бирга, доимий назоратни ҳам унутмаслик керак! Зеро ёшлигидан фаҳш ботқоғига ботган ўғил-қизнинг келажаги мавҳумдир.

  1. Ижтимоий тармоқдаги сохта даъватчилар

Минг йиллардан бери ҳақ йўлда собит турган мусулмон жамоаси ўртасига турли хилофлар солиш, Қуръон ва суннатнинг зоҳирига ёпишиб олиб, 18 асрда пайдо бўлган “бидъат” (янги пайдо бўлган) ғоялар асосида фатволар чиқариш, янги учраган масалаларни аксариятига “бидъат” тамғасини уриш, натижада ўзини ҳам, ўзгани ҳам адаштириш ҳам – катта фирибгарликдир!

Бундай кишилар одамларга ўзларини олим қилиб кўрсатиб, изидан эргаштириб, нотўғри томонга йўлламоқдалар. Бу дунёнинг ўзидаёқ борса-келмас жойларга жўнатишмоқда ва бузуқ эътиқод сабабли дўзахнинг ёқасига олиб бориб қўйишмоқда. Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир!  Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу илм диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Имом   Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.

Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.

Жундаб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни шарманда қилади, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни қийнайди”, – деб айтдилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши – фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан хушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ айлаб, икки дунё саодатини насиб қилсин! Омин!

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келаси жума маърузаси “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

11.07.2025   44   3 min.
Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

Лондонда муҳим маданий воқеа бўлиб ўтди: Буюк Британияда илк бор Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ, Ислом цивилизациясининг олтин даврларига оид ноёб Қуръон қўлёзмалари ва тарихий артефактлардан иборат коллекция намойиш этилди. Ушбу муқаддас ёдгорликлар йиллар давомида хусусий коллекциялар ва музейларда сақланган, эндиликда улар ўз диёри – Ўзбекистонга қайтмоқда.

 

Дунёнинг машҳур Sotheby’s ва Christie’s аукцион уйлари мезбонлигида ташкил этилган ушбу кўргазмалар 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббус – Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг бир қисмидир. Сўнгги йилларда миллий ва халқаро мутахассислар томонидан йўқолган маданий меросни излаш ва аниқлаш бўйича кенг тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

 

Лондондаги икки кўргазмада илк бор халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган экспонатлар орасида дунёнинг етакчи олимлари, экспертлари, масъул мутахассислар, машҳур музей ва кутубхоналар вакиллари  ва коллекционерлари иштирок этди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу маданий-маърифий мега платформа – Ислом цивилизацияси маркази ташаббусини илгари суриш баробарида шахсан унинг амалга оширилишига бошчилик қилмоқда. Тарихий ва маънавий дурдоналарни  Ватанга қайтариш бўйича давлатимиз  раҳбарининг тўғридан-тўғри топшириғи асосида  ушбу кенг қамровли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу фақат тарихий артефактларнинг  қайтиши эмас – бу хотиранинг, миллий ўзликнинг ва Ўзбекистоннинг ислом меросини асрашдаги бетакрор ролини тан олишнинг тимсолидир, – дея таъкидлади Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кўргазма очилиш маросимида.

 

Намойиш қилинган нодир артефактлар орасида IX-XIII асрларга оид  Қуръон қўлёзмалари саҳифалари, миниатюралар, нафис заргарлик буюмлари, маиший буюмлар, матолар ва санъат асарлари бор. Улар Ўзбекистонни жаҳондаги муҳим интеллектуал марказлардан бири сифатида кўрсатади.

 

– Ушбу кўргазмалар – Ўзбекистон Президенти шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган муҳим маданий ҳодиса бўлиб, ёш  авлодни илҳомлантиришга қаратилган. Ўз меросини қайтаришга йўналтирилган бундай амалий қадриятлар маданий уйғониш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, – деди Буюк Британиядаги "Ал-Фурқон" фонди директори Сали Шаҳсивари.

Кўргазмаларда тақдим этилган экспонатларнинг кўпчилиги 2025 йилда Sotheby’s ва Christie’s аукционларида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти доирасида харид қилинган.

 

Sotheby’s савдо уйининг Шарқ мероси бўйича вакили  Бенедикт Картер шундай деди:

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шарафдирМарказий Осиё тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашганимиздан мамнунмиз.

 

Тошкентнинг марказида 10 гектардан ортиқ ҳудудда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази минтақадаги энг йирик маданият ва маърифат институтларидан бирига айланмоқда. Унинг экспозиция майдони 8000 квадрат метрдан ошади. Марказ таркибига қуйидаги беш мавзули галерея киради:

"Қуръон зали"

"Исломгача бўлган мерос"

"Ренессанснинг биринчи ва иккинчи даврлари"

“Янги Ўзбекистон”.

 

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов қуйидагиларни таъкидлади:

– Бугун Ўзбекистон ўз тарихий меросини тиклаш ва асраб-авайлаш борасида улкан саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази каби ташаббуслар бу йўлдаги муҳим қадам бўлиб, тез орада у билим ва динлараро мулоқот маёғи сифатида ўз эшикларини очади. Бу бизнинг тарихий ўзлигимизни англаш ва уни очиқ тараннум этишга интилишимизнинг ифодасидир.

 

Лондондаги ушбу кўргазмалар нафақат муҳим маданий воқеа, балки тарихий адолатнинг тикланиши ифодаси бўлди. Намойиш этилган экспонатлар Ўзбекистоннинг ислом олами интеллектуал маркази сифатидаги ўрни ва бугунги Янги Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлидаги навбатдаги ютуқларини амалда исбот этди.

Сisc.uz

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди
Ўзбекистон янгиликлари