Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг “Фиқҳул акбар” китобида бундай ёзилган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас”.
«Куфр» сўзи луғатда «ўраш», «тўсиш» каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса икки хил маънода келади: бири динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг расулига итоатсизлик, иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишни англатади. Масалан, Қуръони каримда «куфр» лафзи бир неча ўринларда келган бўлиб, баъзи оятларда «мутлақ куфр» зикр этилиб, Ислом динидан чиқишгача бўлган ҳолатлар назарда тутилса, баъзи ўринларда шунчаки чеклов ёки тўхтамларни ўз ичига олади.
Шу боис олимлар куфрни иккига, яъни катта ва кичик турга бўлганлар. Кичик куфр амалий ҳисобланиб, Китоб ва суннатда «куфр» деб номланган гуноҳларни ўз ичига олади. Бироқ улар диндан чиқарувчи ҳақиқий куфр даражасига етмайди, балки куфрони неъмат, ношукрликни назарда тутади. Масалан, Иброҳим сурасининг 34-оятида “куфр” сўзидан “ношукрлик” маъноси ирода қилинган: «…Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир».
Кичик куфр ҳадиси шарифда ҳам келган: «Мендан кейин бир-бирингизни бўйнингизга қилич солувчи кофир бўлманглар». Уламолар кичик куфр диндан чиқармайди ва амалларни бекор (ҳабата) қилмайди, лекин амалларни нуқсонли қилади ҳамда у орқали банда азобга дучор бўлади, деганлар.
Катта куфр эса истилоҳда ҳақни беркитиш, яъни имоннинг зиддини билдиради. Жумладан, имон келтириш шарт бўлган нарсалардан бирини инкор этиш катта куфрдир. Катта куфр кишини диндан чиқаради.
Такфир эса асоссиз сабаблар билан мўмин-мусулмон кишини кофирга чиқаришдир. Мусулмонни кофир дейиш жуда хатарли масала бўлиб, оқибати ёмон ишдир. Уламолар ижмоси билан куфр ҳисобланган сўз мутлақ «куфр»дир. Мўмин имон асосларини инкор этиш билангина диндан чиқади. Куфр калимасини айтган кишига «кофир» ҳукмини беришнинг шартлари бор. Диндан чиққан мусулмон кофир саналади ва у «муртад» деб аталади. Муртадлик қуйидагилардан бирортасини қасддан бажариш орқали юзага келади: куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиш; ботил ақидага эътиқод қилиш; сўз ёки амали билан кофир бўлишни ният қилиш; Исломдаги қатъий, мутавотир йўл билан фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиш.
Имом Абу Мансур Мотуридийнинг қарашлари карромийлар, жаҳмийлар, муътазилийлар, қадарийлар ва рофизийларнинг айнан мазкур масала ёки у билан боғлиқ бўлган имон ва амал, гуноҳ ва гуноҳкорнинг ҳолати, мўминлик ва кофирлик билан боғлиқ қарашларига берган раддияларида намоён бўлади. Жумладан, «Китобут тавҳид» асарида Имом Мотуридий «аслида соф диний эътиқоддаги таълимотни билиш осон иш эмас» эканини уқтиради. Аллома такфир масаласида муътазилийларнинг гуноҳ боис имоннинг завол топиши, шунинг учун осий мўмин кофир бўлиб, дўзахда абадий қолиши ҳақидаги қарашларини рад этади ва аҳли суннанинг ушбу масала юзасидан фикрларини баён қилади.
Асарда мазкур масалалар кенг ёритилган. Аллома мусулмонга кофир ҳукмини беришда ҳаддан ошган фирқаларнинг қарашларига раддиялар берган ва аҳли суннанинг ушбу масала юзасидан қарашларини Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан далиллаган. Жумладан, асарда қуйидагилар баён қилинган: «Гуноҳи кабира қилган киши тўғрисида муржиалар: “Мўминнинг имонига гуноҳи кабира зарар қилмайди”, десалар, хорижийлар: “гуноҳи кабира қилган мусулмон имондан чиқади, кофир бўлади”, дейдилар». Имом Мотуридий эса уларни рад этиб, Юсуф сурасининг: «Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур», (87-оят) оятини далил қилиб келтиради. Гуноҳи кабира борасида Имом Мотуридий аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиб айтадики: «Мўмин фосиқ бўлса, унга тавба вожиб бўлади. Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”, дейилган» (Зумар сураси, 53) оятни ҳужжат қилиб келтиради.
Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган киши қилган ишини ҳалол санамас экан, ҳаргиз кофир бўлмайди ва у банда дўзахда абадий қолмайди.
Юқорида санаб ўтилганлар оқимлар даъво қилаётган сохта ғоялар аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мутлақо зиддир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла аҳлидан бирор кишини, гарчи гуноҳи кабира қилса ҳам, кофирга чиқармасликка буюрганлар. Саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлининг ҳеч бирини кофирга чиқармаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади.
Ҳанафий уламолар эса кишининг кофирлигига тўқсон тўққизта далил бўлиб, ундай эмаслигига битта далил топилса, ўша битта далил олиниши лозимлигини айтадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир», деганлар.
Хулоса қилиб айтганда, хорижийлар, муътазилийлар каби фирқалар томонидан такфир масаласи аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид тарзда талқин қилинган. Ҳозирги кунда Ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли оқимлар мусулмонларни қилган амали боис кофирга чиқариш орқали ўзларининг жиноятларини оқламоқдалар. Бироқ буларнинг бари динимиз таълимотига зиддир.
Рауфжон РАШИДОВ
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси