Президентимизнинг қарорига мувофиқ, халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этадиган байрам — Ийд ал-Фитрни муносиб нишонлаш, жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида Рамазон ҳайити 2021 йил 13-15 май кунлари мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда. Рамазон ҳайити муносабати билан давлатимиз раҳбари номига кўплаб хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари номидан қутловлар келиши давом этмоқда. Ўз ўрнида, Президентимиз томонидан ҳам чет эл давлатлари раҳбарларига табрикномалар юборилди. Шуни алоҳида айтиш лозимки, Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Рамазон ҳайити табриги юртдошларимизни бениҳоя хурсанд қилди, барчамизга ҳақиқий байрам кайфиятини бахш этди.
Табрикда халқимизнинг бой ва қадимий диний-маънавий меросини тиклаш ва фаол тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжоларини обод қилиш бўйича олиб борилаётган салмоқли ишлар ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида калом илмининг атоқли намояндаси Абу Муин Насафий, Наманган вилоятида тасаввуф таълимотининг йирик вакили Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида Сузук ота ёдгорлик мажмуалари бунёд этилгани, кўплаб масжид, мадраса ва диний обидалар қайта қурилаётгани ёки таъмирланаётгани, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ҳақида тўхтаб ўтилди. Айниқса, муборак Рамазон ойида буюк Имом Бухорий ҳазратларининг Самарқанд вилоятидаги ёдгорлик мажмуасини мутлақо янги, замонавий ҳолда барпо этишга тамал тоши қўйилганлиги барча юртдошларимизга қувонч бағишлагани эътироф этилди.
Шу билан бирга, Президентимиз бугунги шиддатли замон мафкураси, айниқса, дунё миқёсида тобора кескин ва шафқатсиз тус олаётган рақобат, барқарорликка нисбатан таҳдидлар, фарзандлар тарбиясидаги доимий ҳушёрлик ва огоҳлик масалаларига ҳар қачонгидан ҳам жиддий аҳамият бериш лозимлигини қайд этди. Албатта, ҳар биримиз бундан чуқур хулоса чиқаришимиз зарур.
Муборак Рамазон ойи давомида Президентимизнинг 2021 йил 8 апрелдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда фаолият юритаётган 2090 та масжиддан 2046 тасида белгиланган қатъий санитария-гигиена талаблари асосида таровиҳ намозлари адо этилди. 1384 тасида хатми Қуръон ўқилиб, 30 дан зиёд жомеъ масжидида ўтказилган хатмлар интернет орқали онлайн намойиш этилди. Таровиҳ намозларида ҳар куни ўртача 600 мингга яқин намозхон иштирок этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда диний маърифат соҳасида ҳам инновацион усулларга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Колл-марказ Рамазон ойи давомида узлуксиз фаолият кўрсатди. Фатво бўлими томонидан Тошкент ислом институти ва Кўкалдош ўрта махсус билим юрти мутахассислари билан ҳамкорликда фақат рўза ибодатига оид саволларга 24 соат давомида жавоб берадиган Ахборот канали — Колл-марказ фаолияти ташкил қилинди.
Рамазон ойидаги тарғибот тадбирларидан энг муҳими, бу албатта, ифторликларни аҳоли томонидан ихчам, исрофгарчиликсиз, миллий қадриятларимизга мос ўтказиш масаласидир. Диний соҳа ходимлари томонидан мазкур масалани тарғиб этиш бўйича кўплаб маърифий ташвиқот ишлари олиб борилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ишлаб чиқилган Рамазон ойига мос мавзулардаги жума тезисларида ҳам ушбу мавзу билан бир қаторда жойларда нарх-навонинг сунъий оширилишининг олдини олиш бўйича атрофлича тушунтириб борилди.
Одатда, Рамазон ойи ўзининг хайрия тадбирларига бойлиги билан ажралиб туради. Халқимиз қадриятига кўра, бу ойда инсонлар янада сахий, янада мурувватли бўладилар. Муборак ой давомида имом-хатиблар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамкорлигида “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ногиронлар, ёлғиз кексалар, “Меҳр” дастури орқали олиб келинган фуқаролар ҳамда 23,5 мингдан зиёд кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларга ҳомийларни жалб қилган ҳолда, моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 5,2 миллиард сўмликдан зиёд хайрия ишлари амалга оширилди.
Ой давомида телеканаллар орқали йирик диний уламолар, имом-хатибларнинг Рамазон суҳбатлари, шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Анвар қори Турсуновнинг маърифий суҳбатларидан иборат кўрсатувлар ифторлик ва саҳарлик вақтларида намойиш этилди, радиоэшиттиришлар берилди. Бу, ўз ўрнида, ҳамюртларимиз томонидан кўтаринки руҳда қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Туркиянинг TRT телеканали билан ҳамкорликда Тошкентдаги Ҳазрати Имом, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуалари каби 30 та йирик зиёратгоҳларимиз, шунингдек, алломаларимиз мероси ҳақида телекўрсатувлар ташкил этилди.
13 май куни юртимизнинг 2021 та масжидида 2 миллион 576 минг юртдошимиз Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда ҳайит намозини адо этди. Ҳайит намози маърузаларида сўнгги йилларда дин соҳасидаги ижобий ўзгаришлар, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва уни асраб-авайлаш, ҳайит кунлари карантин талабларига риоя этиш каби мавзулар ёритилди.
Шунингдек, Рамазон ҳайити маърузаларида имом-хатиблар томонидан Президентимизнинг байрам табриги мазмун-моҳияти юртдошларимизга етказилди. Унга кўра, бугунги кунда кенг кўламли ислоҳот ва туб ўзгаришлар натижасида янгиланиб бораётган юртимизда халқ билан мулоқот, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада улкан чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган бундай амалий ишлар янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларимизга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, барча юртдошларимизни ана шу ғоялар атрофида янада бирлаштиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Юртдошларимиз томонидан эл-юрт тинчлиги, мамлакатимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги, олиб борилаётган эзгу ишларга муваффақият тилаб, дуолар қилинди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда юртимизда ички туризмни ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда Ҳайит муносабати билан дам олиш кунлари этиб белгиланган 13 майдан 15 майгача барча зиёрат туризми объектлари карантин талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда, зиёратчилар учун тайёрлаб қўйилди. Юртимиздаги 836 та муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳ, хусусан, “Вақф” фонди тасарруфидаги 189 та зиёратгоҳда ташриф буюрувчилар учун имтиёзли чегирмалар жорий этилди.
Дарҳақиқат, бу йилги Рамазон ҳайитининг шукуҳи ўзгача бўлди. Давлат ташкилотлари ва жамоатчилик ўзаро ҳамжиҳатлигини намоён этди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 майдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси тўлақонли амалга оширилди.
Яна бир эътиборли масала. Маълумки, юртимизда ўн олти диний конфессияга тааллуқли бўлган 136 дан ортиқ миллат ва элатлар ўзаро аҳил-иноқ ва тинч-тотув яшаб келмоқда.
Ҳайит байрами муносабати билан мамлакатимизда фаолият юритаётган диний конфессиялар, жумладан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, митрополит Викентий, Ўзбекистон Римкатолик маркази раҳбари, епископ Ежи Мацулевич, Тошкент шаҳар Арман апостоллик черкови раҳбари, руҳоний Арамаис Григорян (Ованнес ота), Тошкент шаҳар яҳудийлар диний жамоаси раиси Аркадий Исахаров ва Ўзбекистон Библия жамияти конфессиялараро мулоқот бўйича директори Холматжон Аширов Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюриб, муфтий Усмонхон Алимов билан учрашдилар ҳамда барча мусулмонларни Ҳайит байрами билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик ва омонлик тиладилар.
Меҳр-оқибатли, саховатли халқимизга, тинч-осойишта юртимизга мана шундай байрамлар ярашади. Бинобарин, бунинг шукронасини қилиш, янги бунёдкорлик ишларида бирдам бўлиш бугун барчамизга ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Музаффар КОМИЛОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 15 май, № 98 (354)
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби