Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим!
«Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, унда рўза тутсин» (Бақара сураси 183-оят) деб марҳамат қилиб, муборак Рамазони шариф ойининг рўзасини сизу бизга меҳр-мурувват тариқасида фарз қилган Парвардигори оламга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!
«Ким Рамазон рўзасини имон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Бухорий ривоятлари) деб марҳамат қилган ҳабибимиз, кўзимиз нури, бошимиз тожи Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавот-шарифларимиз ва саломларимиз бўлсин!
Қадрли юртдошлар!
Кечагина орзиқиб кутилган “ойлар султони” муборак Рамазони шарифни интиқиб кутиб олган эдик... Бугун эса бу қутлуғ ойни кузатиб қўймоқдамиз... Меҳрибон Парвардигоримизга беадад шукрларки, муборак Рамазони шариф рўзасини адо этишни насиб қилди. Мўмин-мусулмонларимиз субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида жамулжам бўлиб, қалбларидаги энг буюк орзулар, эзгу мақсадлар рўёбга чиқишини Яратгандан сўрадилар. Худди шундай файзли оқшомларда ифторлик қилиб, таровеҳ намозларига ошиқдилар, Қуръони каримни эшитиб, кўзларида ҳалқаланган ёшлар билан Оламлар Парвардигорига муножотлар қилдилар. Зеро, Муборак Рамазони шариф ойи – дуолар шак-шубҳасиз ижобат бўладиган ойдир.
Минг шукрлар бўлсинки, бу йил мамлакатимиз бўйича 2000 мингдан зиёд масжидларимизда таровеҳ намозлари ўқилди, 1400 га яқин масжидда хатми Қуръонлар бўлиб ўтди. Юртимиздаги қориларимиз йилдан-йилга кўпайиб бориши билан бирга, хориж мамлакатларида, хусусан, Америка Қўшма Штатлари, Россия Федерацияси ва Украина давлатларида хатми Қуръонга ҳам ўтдилар.
Халқимиз меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос ззгу фазилатларни асрлар давомида қадрлаб келади. Айниқса, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдек эзгу амаллар сўнгги йилларда янада ривожланиб, тараққий этиб, янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Муборак Рамазони шариф ойи халқимизнинг маънавий-руҳий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. «Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табрик»ларида муҳтарам Юртбошимиз ҳар биримизга қарата шундай дедилар: “...Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллатлар ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг асосий бурчимиздир.
Бинобарин, диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак.
Ҳурматли уламоларимиз, имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз – кенг жамоатчилик яқин ҳамкорликда бу борада янада фаол ва самарали иш олиб борадилар, деб ишонаман”.
“Мен ҳам шу халқнинг фарзандиман, шу юртнинг боласиман!” деган ҳар бир инсон учун Президент билдирган ўта катта ишонч ва жуда ҳам юксак ҳурматни оқлаш – ҳам фарзи, ҳам қарзи, ҳам бурчидир!
Муқаддас ислом динининг устунларидан бири бўлган бу файзу баракотли ой ўзининг шукуҳ ва таровати билан кишиларни ҳидоятга чорлайди. Муборак Рамазон ҳайити юртимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши юртимизда муқаддас динимизга давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Муборак Рамазони шариф ойлари давомида хайрия тадбирлари доирасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга саҳоватпеша ва савобталаб юртдошларимиз томонларидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саҳоват уйларига моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.
Хайр-саҳоват, меҳр-мурувват ойи бўлмиш муборак Рамазони шарифда мўмин-мусулмонларнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, беморлар, муҳтожлар кўнгли олиниб, Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилиб, фитр садақа ҳамда фидялар берилди.
Муҳтарам азизлар, йил давомида мана шундай олийҳимматлик ва қўли очиқлик қилишда бардавом бўлайлик!
Муҳтарам азизлар!
Муборак Рамазон ҳайити – эзгу амаллар айёмидир! Уни ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саҳоват руҳида кутиб олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари жуда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Ушбу улуғ айём миллатимиз маънавиятига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат-иззат сингари фазилатларни юртдошларимиз қалбида янада мустаҳкамлаб, ёш авлод онгига сингдириб, эртанги кунимизнинг янада чароғон бўлишини, эзгу мақсадларимиз ижобатини таъмин этиш учун қулай фурсатдир. Шу боис, энг катта бойлик – тинчликни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир!
Муборак Рамазон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини тарғиб этиш, ёш авлодни истиқлол ғоясига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Чинакам Қуръон ва сабр ойи, ибодат ойи бўлган муборак Рамазони шарифнинг файзи, шукуҳи келаси муборак Рамазони шариф ойигача татисин. Бу ойда курраи заминга бутун борлиқдан раҳмат нурлари, мағфират нурлари ёғилади, чунки файзли Рамазон оқшомларида масжидларимиз тўлиб-тошиб, таровеҳ намозларида Қуръон тиловатлари ўқилади.
Бу ойда ер юзига баракот ёғилади. Чунки муборак Рамазони шарифнинг имтиёзларидан фойдаланиб, ажру савобларни минглаб чандон ошириб олиш ниятида закот, фитр, фидя каби молиявий ибодатлар, садақалар, хайру эҳсонлар айнан шу ойда кўпроқ адо этилади. Аллоҳ таолонинг синовида матонат кўрсатаётган муҳтожлар, кўнгли яримлар, ризқи тор одамларга меҳр-мурувват кўрсатилади, беморлар, нуроний отахон-онахонлар зиёрат қилинади, аразлашганлар яраштирилади.
Бир ойлик эртаю кеч қилинган ана шундай қизғин ибодатларга мукофот ўлароқ, гуноҳларимиз мағфират қилиниб, айбу нуқсонларимиз кечирилиб, уларнинг ўрниларига беҳисоб-беҳисоб савоблар ёзилади. Шунинг учун ҳам бу ойнинг аввали – раҳмат, ўртаси – мағфират, ниҳояси эса – дўзахдан нажотдир.
Аллоҳ таолонинг энг улуғ фариштаси Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом айтар эканлар:
"Агар Аллоҳ таоло менга “дарё, денгиз, океанларда қанча сув борлигини ўлчаб кел”, деса, ўлчаб кела оламан.
Агар “саҳрою, чўлларда қанча тупроқ зарраси борлигини санаб кел”, деса, санаб кела оламан.
Агар дунёдаги ҳамма ўсимлик ва дарахтлардаги баргларини сонини санашни буйирса, уни ҳам уддасидан чиқаман...
Лекин Муҳаммад саллаллоҳу алайхи васалламнинг рўзадор умматларига бериладиган савобини асло санай олмадим!"
Меҳрибон Парвардигоримиз ҳаммаларимизга ҳам мана шундай улуғ ва беқиёс савобларидан ато этсин!
Барча юртдошларимизни муборак Рамазон ҳайити билан самимий қутлаймиз! Аллоҳ таоло бу улуғ ойда ўқилган Қуръон тиловатлари шарофатидан юртимизга файзу илоҳий, хайр-барака ёғдирсин!
Муҳтарам азизлар, бундай фазилатли улуғ муборак кунларни ғанимат билиб, юртимизнинг, эл-халқимизнинг, оиламизнинг, яқинларимизнинг, Ер юзидаги барча инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик...
Меҳрибон Парвардигоримиз оилавий ҳаёт, ўқиш, иш, деҳқончилик, касб-корларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар, хайр-баракалар, бахт-саодатлар, хурсандчиликлар ато этсин!
Халқимиз бошидан коронавирус балосини тезроқ кўтарсин! Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз ҳаётини, турмушини бундан-да маъмур ва фаровон айласин! Меҳрибон Парвардигоримиз келаси муборак Рамазони шариф ойларига ҳам сиҳат-саломатликда, тинчлик-хотиржамликда, ҳузур-ҳаловатда, бағрибутунликда етишимизни насиб қилсин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, азиз Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, муборак динимиз камолоти йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!
Парвардигори олам барча беморларимизга Ўзи шифосини берсин!
Коронавирус инфекциясини тез фурсатда даф этиб, турли бало-қазо, офату кулфат, дардлардан, турли вируслардан Ўзи асрасин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас
Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.
Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» ояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.
2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:
Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.
Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.
3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.
Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.
4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, “бу очиқ-ойдин сеҳрдир” дедилар» [Соф сураси, 6-оят].
Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.
5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.
6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].
Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].
Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.
Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.
Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.
Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.
7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.
1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].
Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].
Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.
Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].
Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.
2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].
Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].
Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!
Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.
3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.
Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.
Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага
.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган