"Эй, яхшилик талабида юрган банда, шошил"
Рамазон ойи инсонларга қарата нидо қилади: "Эй яхшилик талабида юрган банда, шошил, Aллоҳнинг раҳмати, мағфирати ва дўзаҳдан озод қилишида ҳаммадан ўзиб кет. Насфингга қарши Раҳмон зотнинг ризосига етиш учун кураш. Эй, ёмонлик талабидаги банда, бу ишингни тўхтат, маъсиятлардан тийил. Aллоҳ таолога тавба қил. Мана шу ойда Aллоҳ таолога қарши бўлишни бас қил!"
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари ёпилади, бирорта эшиги ҳам очиқ қолмайди. Жаннат эшиклари очилади, бирорта эшик ҳам ёпиқ қолиб кетмайди. Бир нидо қилувчи: "Эй яхшилик талабидаги (банда) шошил, эй ёмонлик талабидаги (банда) бас қил!", деб нидо қилади", дедилар.
Ҳақиқий рўза соҳибини савобли ишларга чорлайди, унга яхшиликларни чиройли қилиб кўрсатади. Уни маъсият ва гуноҳлардан узоқлаштиради. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин", дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Aллоҳнинг ҳожати йўқ", дедилар.
Баъзи салафи солиҳлар: "Энг осон рўза фақат ейиш ва ичишдан тийилишдир. Чунки буни ҳамма қила олади", дейишган.
Қалбни Aллоҳга боғлаш, тилни ғийбат, бўхтон ва ёлғондан тийиш, қулоқни бекорчи куй-қўшиқ ва бировлар ҳақида айтилган турли гапларни эшитишишган сақлаш, тилни гуноҳ ва фоҳиша сўзларни айтишдан асраш, қўлларни ҳаромни ушлаш ва мусулмонларга азият беришдан асраш, оёқларни ҳаромга боришдан асраш ила тутилган рўза Aллоҳ таоло Ўзининг каломида сифатлаган тақвога етиш учун бир васила бўлади.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
"Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз".
Демак, оятда талаб қилинган тақводорликка юқорида санаб ўтган амаллар ила етамиз.
Рамазон ойида мўмин банда учун нафсида икки нарса жамланади. Биринчи, кундузи рўза билан жиҳод қилишлик. Иккинчиси, кечаси "қиёмул лайл" билан жиҳод қилишлик. Кимдаки мана шу икки жиҳодни жамласа, ҳақларини адо қилса ва қийинчиликларига сабр қилса, унга беҳисоб ажр-ҳасанот ёзилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Одам боласининг барча амали ўзи учун. У амаллари учун ўнтадан етмиштагача ажр олади. Aллоҳ таоло айтади: "Рўза мен учундир. Уни ажрини ўзим белгилайман"".
Кимга Aллоҳ таоло раҳм қилса у раҳм қилинганлардан бўлибди. Ким рамазондаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, у барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Ким охират учун ҳеч нарса ғамлаб олмаган бўлса, у маломатга учраганлардан бўлибди.
Aллоҳ таоло ҳар куни жаҳаннамдан бандаларини озод қилади. Биз ҳам улардан бўла оламизми?!
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов
XX асрнинг иккинчи ярми ва мустақилликнинг дастлабки йиллари Ўзбекистон диний ҳаёти тарихида мураккаб жараёнлар даври бўлди. Совет тизими шароитида расмий диний муассасалар чекланган имкониятлар доирасида фаолият юритган бўлса, мустақиллик арафаси ва ундан кейин жамиятда диний билим, тарихий хотира ва миллий-маънавий меросга қизиқишнинг янги босқичи кузатилди. Бу жараёнларни фақат сиёсий қарорлар ёки муассасалар тарихи билан эмас, балки диний таълим, илмий мерос ва халқаро алоқаларни боғлаган шахслар фаолияти орқали ҳам ўрганиш зарур[1].
Шамсиддинхон Зиёвуддинхон ўғли Бобохонов ана шундай кўп қиррали тарихий шахслардан бири эди. У 1937 йилда Тошкентда туғилган, араб филологияси бўйича илмий тадқиқот олиб борган, 1975–1982 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, 1982–1989 йилларда эса Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий бўлиб хизмат қилган. Кейинчалик шарқшунослик ва дипломатия соҳасида фаолият олиб боргани унинг биографиясига алоҳида мазмун беради[2].
Мақолада Шамсиддинхон Бобохоновнинг шахсий биографиясини баён этиш билан чекланмай, унинг диний таълим тизими, китоблар таржимаси ва нашри, мусулмонлар ўртасидаги халқаро мулоқот ҳамда мустақил Ўзбекистоннинг ташқи алоқалари тарихида тутган ўрни манбалар асосида ёритилади.
Шамсиддинхон Бобохоновнинг шахсияти диний уламолар ва маърифат аҳлига мансуб оилавий муҳитда шаклланди. Унинг отаси Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини узоқ йиллар бошқарган[3].
1959 йилда Тошкент чет тиллар институтининг инглиз тили факультетини тамомлагани унинг таълим йўлидаги илк қадами бўлди. 1962–1966 йилларда Қоҳирадаги ал-Азҳар университетида араб тили филологиясини ўрганди. Бу тажриба маҳаллий диний-маърифий анъанани халқаро исломий таълим муҳити билан қиёслаш, араб тилидаги манбаларни асл матнда ўқиш ва уларнинг илмий мазмунини тушуниш имконини берди. Шундай таълим йўли диний билим билан филологик усулларни уйғунлаштирган мутахассисни шакллантирди.
1973 йилда Москвада «Араб тилида иккиланган сонлар категорияси» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгани унинг арабшунослик соҳасидаги илмий тайёргарлигини кўрсатади. Бу тадқиқот диний арбобнинг фаолияти фақат масжид ёки раҳбарлик билан чекланмаганини тасдиқловчи далиллардан биридир. Араб тили грамматикасига оид ихтисослашган иш тилшунослик методологиясини эгаллаш, манбалар билан мунтазам ишлаш ва илмий хулосаларни далиллаш кўникмасини талаб этар эди[4].
Чет тиллар институтидаги тайёргарлик дипломатик мулоқот учун, ал-Азҳардаги таҳсил диний-илмий мерос билан ишлаш учун, илмий тадқиқот эса таълим муассасасини бошқариш ва китоблар ёзиш учун муҳим асос бўлган, деб хулоса қилиш мумкин.
Тошкент ислом институтининг тарихи Ўзбекистонда олий диний кадрлар тайёрлаш масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Муассаса 1971 йилда фаолиятини бошлаганида унинг олдига диний ва замонавий билимларни эгаллаган, Қуръон ва ислом илмларини ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қўйилган эди. Совет даврида мазкур даргоҳ нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги диний бошқармалар учун кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутган.[5]
Шамсиддинхон Бобохонов 1974 йилда институтда проректор бўлиб иш бошлади, 1975 йилдан ректорлик вазифасини бажарди ва 1982 йилгача муассасага раҳбарлик қилди. Бу даврда институтдаги таълимнинг устувор йўналишлари диний фанлар, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари билан бир қаторда ижтимоий-гуманитар фанларни ўрганиш эҳтиёжини ҳам қамраб олган. Ректорликни фақат маъмурий вазифа сифатида эмас, балки диний билимларни келгуси авлодга узатиш, устозлар ва талабалар учун илмий муҳитни сақлаш масъулияти сифатида баҳолаш мумкин.
Диний таълим муассасаси тарихини ўрганган тадқиқотлар мустақилликнинг илк йилларида кадрлар, адабиётлар, моддий-техник шароит ва ўқув жараёнини тартибга солиш билан боғлиқ муаммолар бўлганини кўрсатади. Бу маълумотлар совет давридаги олий диний таълимни кейинги даврдан фарқли институционал шароитда таҳлил қилиш зарурлигини англатади. Шундай экан, Ш.Бобохоновнинг ректорлик тажрибаси кейинчалик диний таълим меросини баҳолашда муҳим тарихий босқич ҳисобланади[6].
Шамсиддинхон Бобохонов фаолиятининг навбатдаги муҳим йўналишларидан бири диний-илмий адабиётларни ўрганиш ва таржима қилиш бўлди. Унинг «ал-Адаб ал-муфрад» таржимаси, «Минг бир фатво» ва «Сўнмас зиё» каби асарлари мавжуд. Шунингдек, унинг муаллифлиги ёки иштироки билан Қуръони каримнинг 30-пораси маъноларини ўзбекча баёни, Имом Бухорийнинг «Ахлоқ дурдоналари» асарини таржима қилиш, ҳадис ровийлари ва нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар бўйича қилинган ишлари ҳам бор[7].
«Сўнмас зиё» ва «Минг бир фатво» каби китоблар унинг фаолиятида маънавий меросни жамоатчиликка етказиш ҳамда амалий диний саволларга жавоб бериш йўналишларини юртимизда бошлаб берганини кўрсатади[8].
Унинг таҳририят ва нашриёт ишига эътибор қаратгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. «Совет Шарқи мусулмонлари» таҳририяти учун «Ҳазрати Имом» мажмуасида янги бино барпо эттирди. Диний матбуот, кутубхона ва нашр инфратузилмаси диний билимни сақлаш ва тарқатишнинг муҳим шартларидан эди. Демак, унинг мероси шахсий китоблар билан чекланмай, диний билимни жамоатчиликка етказувчи муассасалар ташкил қилиш билан ҳам боғлиқ. Ҳозирда мазкур нашриёт Шамсиддинхон Бобохонов номи билан аталади.
1982 йилда отаси Зиёвуддинхон Бобохон вафотидан сўнг Шамсиддинхон Бобохонов Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ва муфтий этиб сайланди. Унинг муфтийлик йиллари 1982–1989 йилларни қамраб олади. Бу лавозим минтақа мусулмонлари диний ҳаётига оид масалаларни мувофиқлаштириш, диний таълим ва нашр ишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хориждаги мусулмон ташкилотлари билан алоқаларни олиб боришни тақозо этар эди[9].
Шамсиддинхон Бобохоновнинг Боку, Москва ва Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманларга ташаббускорлик қилгани, динлараро анжуманлар ташкилий қўмиталарида ишлагани ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшгани манбаларда қайд этилган. 1985 йилда Қозонда Қуръони каримни нашр этиш бўйича ташкил этилган кенгашга раҳбарлик қилгани ҳам унинг диний нашрлар билан халқаро миқёсда шуғулланганини англатади. Бу маълумотлар унга фақат маҳаллий диний раҳбар эмас, минтақавий ва халқаро мулоқот иштирокчиси сифатида қараш имконини беради.
Совет даврида диний бошқармаларнинг халқаро алоқалари бир вақтнинг ўзида диний, маданий ва расмий дипломатик хусусиятларга эга бўлган. Шу сабабли бундай алоқаларни фақат эркин диний ҳамкорлик сифатида эмас, даврнинг сиёсий-институционал чегараларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил этиш зарур. Шамсиддинхон Бобохоновнинг тил билими, араб дунёсидаги таҳсили ва халқаро ташкилотлар тажрибаси шу муҳитда амалий аҳамият касб этган бўлиши табиий.
1991 йилда Ўзбекистон мустақил давлатга айланиши билан дин ва давлат муносабатларининг ҳуқуқий асослари қайта шакллана бошлади. 1991 йил 14 июнда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, 1992 йилги Конституцияда виждон эркинлиги конституциявий кафолат сифатида мустаҳкамланди. 1998 йилда қонун янги таҳрирда қабул қилиниши диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишда навбатдаги босқич бўлди[10].
Мустақилликнинг дастлабки йилларида диний таълим муассасаларини ҳуқуқий рўйхатдан ўтказиш, кадрлар тайёрлаш, ўқув дастурлари ва диний адабиётлар билан таъминлаш масалалари долзарб бўлган. Илмий тадқиқотларда 1991–1998 йиллар диний таълим муассасалари тарихининг алоҳида босқичи сифатида тавсифланади; бу даврда муассасалар сони ва фаолияти кенгайган бўлса-да, моддий таъминот, ўқув адабиётлари ва ташкилий талабларга оид муаммолар ҳам мавжуд бўлгани қайд этилади[11].
Шамсиддинхон Бобохонов 1989–1994 йилларда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида катта илмий ходим бўлиб ишлади. Бу босқич унинг диний бошқарувдан манбашунослик ва шарқшуносликка ўтишини кўрсатади. 1994 йилдан дипломатик соҳадаги фаолияти бошланиб, у Миср, Саудия Арабистони ва бошқа араб мамлакатларида Ўзбекистоннинг элчиси бўлиб хизмат қилди.
Унинг дипломатик вазифаси диний етакчиликдан фарқ қилар эди: бу йўналишда у Ўзбекистон давлатининг расмий вакили сифатида сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилган. Бироқ унинг араб тилини билиши, ал-Азҳарда таҳсил олгани, ислом институтлари ва хорижий мусулмон ташкилотлари билан алоқалар тажрибаси янги вазифада фойдали салоҳият бўлганини англаш мумкин. Шу маънода, Бобохонов мисолида диний-маърифий билим ва халқаро давлат хизмати ўртасидаги боғлиқлик кўринади[12].
Шамсиддинхон Бобохоновнинг фаолиятини уч ўзаро боғлиқ йўналишда кўриб чиқиш мумкин. Биринчиси – олий диний таълимни бошқариш: 1975–1982 йилларда Тошкент ислом институти ректори сифатида у диний кадрлар тайёрлаш муассасаси тарихида муайян босқични ташкил этди. Иккинчиси – илмий-маърифий мерос: араб филологияси бўйича илмий тайёргарлиги, таржима ва диний адабиётлар нашридаги иштироки диний билимларни ўзбек тилида ўқувчига етказиш жараёни билан боғлиқ. Учинчиси – халқаро алоқалар: муфтийлик йилларидаги диний мулоқот тажрибаси кейинчалик давлат дипломатиясида хизмат қилгани билан давом этди.
Шамсиддинхон Бобохонов тарихини ўрганишнинг аҳамияти фақат бир шахс биографиясини эслаш билан чекланмайди. Унинг ҳаёт йўли диний таълим, арабшунослик, расмий диний бошқарув, мустақиллик давридаги институционал ўзгаришлар ва Ўзбекистоннинг ташқи алоқаларини бир-бирига боғлаб таҳлил қилишга имкон беради.
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси
[1] Olcott, Martha Brill; Ziyaeva, Diora. Islam in Uzbekistan: Religious Education and State Ideology. Carnegie Endowment for International Peace, 2008. URL: https://carnegieendowment.org/research/2008/09/islam-in-uzbekistan-religious-education-and-state-ideology
[2] “Муфтий Шайх Шамсиддинхон Бобохонов” // URL: https://www.muslim.uz/oz/e/post/44975-muftiy-shayx-shamsiddinxon-boboxonov
[3] Юксак маданият ва маърифат соҳиби // URL: https://heritage.cisc.uz/cryl/site/inner?id=123
[4] Йўлдошхўжаев Ҳ. “Шамсиддинхон Бобохонов” (1937–2003) // Islamonline.uz. URL: https://www.islamonline.uz/site/item?id=4546
[5] “Бугун — Тошкент ислом институти ташкил топган кун” // URL: https://old.muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/33883-bugun-toshkent-islom-instituti-tashkil-topgan-kun
[6] Жаҳонгиров Ю. Из истории деятельности исламских учебных заведений в Узбекистане // Жамият ва инновациялар – Общество и инновации – Society and Innovations. 2021. Махсус сон 9. Б. 348–354. DOI: https://doi.org/10.47689/2181-1415-vol2-iss9/S-pp348-354
[7] Йўлдошхўжаев Ҳ. “Шамсиддинхон Бобохонов” (1937–2003) // Islamonline.uz. URL: https://www.islamonline.uz/site/item?id=4546
[8] Йўлдошхўжаев Ҳ. “Шамсиддинхон Бобохонов” (1937–2003) // Islamonline.uz. URL: https://www.islamonline.uz/site/item?id=4546
[9] “Муфтий Шайх Шамсиддинхон Бобохонов” // URL: https://www.muslim.uz/oz/e/post/44975-muftiy-shayx-shamsiddinxon-boboxonov
[10] Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июндаги 289-XII-сон Қонуни: «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида». LexUZ. URL: https://lex.uz/uz/acts/65025
[11] Жаҳонгиров Ю. Из истории деятельности исламских учебных заведений в Узбекистане // Жамият ва инновациялар – Общество и инновации – Society and Innovations. 2021. Махсус сон 9. Б. 348–354. DOI: https://doi.org/10.47689/2181-1415-vol2-iss9/S-pp348-354
[12] Olcott, Martha Brill; Ziyaeva, Diora. Islam in Uzbekistan: Religious Education and State Ideology. Carnegie Endowment for International Peace, 2008. URL: https://carnegieendowment.org/research/2008/09/islam-in-uzbekistan-religious-education-and-state-ideology.