"Эй, яхшилик талабида юрган банда, шошил"
Рамазон ойи инсонларга қарата нидо қилади: "Эй яхшилик талабида юрган банда, шошил, Aллоҳнинг раҳмати, мағфирати ва дўзаҳдан озод қилишида ҳаммадан ўзиб кет. Насфингга қарши Раҳмон зотнинг ризосига етиш учун кураш. Эй, ёмонлик талабидаги банда, бу ишингни тўхтат, маъсиятлардан тийил. Aллоҳ таолога тавба қил. Мана шу ойда Aллоҳ таолога қарши бўлишни бас қил!"
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари ёпилади, бирорта эшиги ҳам очиқ қолмайди. Жаннат эшиклари очилади, бирорта эшик ҳам ёпиқ қолиб кетмайди. Бир нидо қилувчи: "Эй яхшилик талабидаги (банда) шошил, эй ёмонлик талабидаги (банда) бас қил!", деб нидо қилади", дедилар.
Ҳақиқий рўза соҳибини савобли ишларга чорлайди, унга яхшиликларни чиройли қилиб кўрсатади. Уни маъсият ва гуноҳлардан узоқлаштиради. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин", дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Aллоҳнинг ҳожати йўқ", дедилар.
Баъзи салафи солиҳлар: "Энг осон рўза фақат ейиш ва ичишдан тийилишдир. Чунки буни ҳамма қила олади", дейишган.
Қалбни Aллоҳга боғлаш, тилни ғийбат, бўхтон ва ёлғондан тийиш, қулоқни бекорчи куй-қўшиқ ва бировлар ҳақида айтилган турли гапларни эшитишишган сақлаш, тилни гуноҳ ва фоҳиша сўзларни айтишдан асраш, қўлларни ҳаромни ушлаш ва мусулмонларга азият беришдан асраш, оёқларни ҳаромга боришдан асраш ила тутилган рўза Aллоҳ таоло Ўзининг каломида сифатлаган тақвога етиш учун бир васила бўлади.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
"Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз".
Демак, оятда талаб қилинган тақводорликка юқорида санаб ўтган амаллар ила етамиз.
Рамазон ойида мўмин банда учун нафсида икки нарса жамланади. Биринчи, кундузи рўза билан жиҳод қилишлик. Иккинчиси, кечаси "қиёмул лайл" билан жиҳод қилишлик. Кимдаки мана шу икки жиҳодни жамласа, ҳақларини адо қилса ва қийинчиликларига сабр қилса, унга беҳисоб ажр-ҳасанот ёзилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Одам боласининг барча амали ўзи учун. У амаллари учун ўнтадан етмиштагача ажр олади. Aллоҳ таоло айтади: "Рўза мен учундир. Уни ажрини ўзим белгилайман"".
Кимга Aллоҳ таоло раҳм қилса у раҳм қилинганлардан бўлибди. Ким рамазондаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, у барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Ким охират учун ҳеч нарса ғамлаб олмаган бўлса, у маломатга учраганлардан бўлибди.
Aллоҳ таоло ҳар куни жаҳаннамдан бандаларини озод қилади. Биз ҳам улардан бўла оламизми?!
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов
“Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПҚ–275-сон Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, жорий йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади.
Термиз шаҳрида 2026 йил ноябрь ойида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.
Ҳаким Термизийнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари ҳамда алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилади.
2026 йил давомида Ҳаким Термизий илмий меросига оид туркум рисолалар нашрга тайёрланади ва чоп этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танлови ўтказилади ва ғолиблар муносиб тақдирланади.
Аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган кураш турнири 2026 йил ноябрь ойида “Мардлар майдони” шиори асосида юқори савияда ўтказилади.
Манба: https://lex.uz/uz/docs/-8350210
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати