Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Огоҳ одам — оқил одам

05.05.2021   2363   4 min.
Огоҳ одам — оқил одам

Одамнинг қорни бир коса овқатга тўйиши мумкин. Жуда кўп эшитганмиз «қорним роса тўйиб кетди», деган сўзларни. Айниқса, бугунги маъмурчилик даврида, тўқчилик замонида бу оддий ҳолатга айланиб улгурди. Раббимизга беҳисоб шукрлар бўлсин. Лекин «меҳрга тўйдим» деган сўзни ҳеч қачон эшитмаганмиз. Меҳрга ким ҳам тўяди?!

Бу сўзларни бежиз келтирмаяпман. Бугун шахсан мен меҳрга ташна, тинчликка зор, хотиржамликка интиқ юртдошларимизнинг юзу кўзларига боқиб, меҳр, тинчлик-хотиржамлик қанчалик улуғ неъматлар эканини яна бир карра ҳис этдим. Шу билан бирга, тинч юртда, фаровон ҳаётда танти халқ билан бирга яшаётганим учун Яратганга шукроналар келтирдим.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва бевосита топшириқлари билан куни кеча «Меҳр 5» операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар давом этаётган қисмидан жами 93 нафар юртдошимиз – 24 нафар аёл ва 69 нафар бола – Ватанимизга қайтарилди.

Аввалроқ, «Меҳр 1», «Меҳр 2», «Меҳр 3» ва «Меҳр 4» гуманитар операциялари доирасида 320 дан ортиқ ватандошларимиз Ўзбекистонга қайтарилган эди.

Юртимизда давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитларга қаноат қилмай, ҳукуматимизнинг, диний идораларнинг, имом-хатибларимизнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмай, чет элларга бориб, қўли қонга ботган разил кимсаларнинг, инсонийлик қиёфасини йўқотган одам шаклидаги иблисларнинг тазйиқларига гирифтор бўлган юртдошларимиз хатоларини кеч англаб етишяпти, кўзлари кеч очиляпти.

Улар муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англаб етмагани, амалдаги қонунларимизга риоя этмагани, халқимизнинг минг йиллик қадриятларини топтагани учун ана шундай кўргуликларга дучор бўлмоқда.

Шунча огоҳлантиришлар, танбеҳларга қарамай, ҳали-ҳануз экстремистик ташкилотларнинг тузоғига тушиб қолаётган юртдошларимиз, наҳотки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди» (Имом Бухорий ривояти), деган муборак ҳадисларини ёки халқимизнинг «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деган мақолини эшитмаган бўлса?!

Ахир, бугун ойнаи жаҳон орқали, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида ёт ғояларнинг таъсирига тушиб қолиб, қилмишини кеч англаб етган юртдошларимизнинг тақдири намойиш этилган кўрсатувлар, мақолалар, хабарларни кўрмаган, ўқимаган киши бўлмаса керак.

Ҳар биримиз, аввало, ўзимиздан, фарзандларимиздан огоҳ бўлишимиз шарт. Лоқайдлик ва эътиборсизлик кўп балоларнинг бошидир. Халқимиз бежизга «Сўнгги пушаймон – ўзингга душман», демайди. Пушаймон бўлмаслик учун, аввало, сергак ва огоҳ бўлиш талаб этилади.

Бугун ҳар қадамда фитналар уруғини сочишни касб қилиб олган ғаламисларнинг «сохта ҳижрат» тушунчаларидан жуда эҳтиёт бўлишимиз шарт. Бу хоинлар, манфур, бузғунчи кимсалар дин номидан гапириб, соф эътиқодимиз ва қадриятимизни қоралашга зўр бермоқда. Уларнинг асл мақсади мусулмонларнинг орасини ислоҳ қилиш эмас, балки нифоқ чиқаришдир.

Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир»(Мужодала сураси, 16-оят), деб марҳамат қилади.

Қолаверса, турли томондан ёғилиб келаётган мафкуравий, диний, таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз шарт. Улуғ бобомиз Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги доно сўзлари ҳамон долзарбдир:

Эрурсен шоҳ ‒ агар огоҳсен сен,

Агар огоҳсен сен ‒ шоҳсен сен.

Суриядан келтирилган юртдошларимиз орасида 7 нафар чин етимнинг ҳам борлиги юрак-бағримизни эзиб юборди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади», дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар» (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисда: «Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир» (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган.

Одамларга яхшилик қиламан, меҳр кўрсатаман деб жонини ҳалокатга қўйиб бўлса ҳам уруш ўчоқларидан ўз юртдошларини суғуриб олиб келган кишиларни, бу ишнинг бошида турган раҳбарлар, айниқса, муҳтарам Юртбошимиз БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНЛАРИдир.

Аллоҳ таоло бу хайрли ишларга бош қўшаётган барча-барчани Ўз паноҳида асрасин. Қилган савобли ишларининг ажрларини кўпайтириб берсин. Ҳар доим соғ-саломат қилсин. «Меҳр» операциялари, ўйлайманки, юртдошларимизни янада ҳушёрроқ бўлишга, турли оқимлар таъсирига тушиб қолмасликка чорлайди.

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир

03.09.2026   32392   4 min.
Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).


Уламоларнинг баъзилари: “Барча яхшиликлар шу ҳадисда жамланган”, деган бўлсалар, айримлари: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, чунки ҳукмлар Ҳақ таолога ёки махлуқотларга тегишли бўлади. Ушбу ҳадис махлуқотларга тегишли ҳукмларни ёритиб берган”.


“Жомеъул кабир” китобида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Салом айтади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Менга қўшним озор беряпти”, дедим. Шунда у зот: “Сабр қил”, дедилар. Иккинчи марта келганимда ҳам: “Сабр қил”, дедилар. Учинчи бор келганимда: “Кўч-кўронингни йиғиштир-да, кўчага олиб чиқ. Ким учраса, унга: “Қўшним менга озор бермоқда”, деб айтгин”, дедилар. Шу сабаб ўша қўшнинг инсонларнинг маломатига қолади» деб, сўнгра: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”, дедилар.


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса…” жумласидаги “иймон”дан мурод “мукаммал иймон”дир. Аллоҳ ва охират кунига хосланганининг ҳикмати шуки, Яратган Зотга ва қиёматда амалига яраша жазо берилишига иймон келтирган киши “Яхши гап гапирсин ёки жим турсин”.


Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар бир киши гапиришни хоҳласа, гапирадиган гапи ҳақиқатан яхши ва савобга лойиқ бўлса, гапирсин. Агар гапирмоқчи бўлган гапи ҳаромга ёки макруҳга элтадиган бўлса, тийилсин”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирор сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деган (Қоф сураси, 18-оят).


Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд Моликий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Барча яхши одоблар тўрт ҳадисдан тармоқланади:

  1. “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин”;
  2. “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир”;
  3. “Ғазабланма”;
  4. “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам раво кўрмагунигача мўмин бўла олмайди”.


Луқмони Ҳаким ўғлига бундай васият қилган: “Агар гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир”.


Ибн Муборак айтади: “Агар гап Аллоҳ таолонинг тоати борасида бўлса, кумушдир, Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан сукут қилмоқ эса олтиндир”.


Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсонларнинг энг яхшиси ўз тилига эгалик қила олганидир”.


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Қўшнига яхшилик қилиш, унга озор бермаслик мўмин киши Исломининг тўғрилиги ва иймонининг комиллигидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўз Каломида бундай деган: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас” (Нисо сураси, 36-оят).


Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «“Аллоҳга қасам, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди”. Шунда Расулуллоҳдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули, ким у?” У зот: “Қўшниси унинг озорларидан, ёмонликларидан ва азиятларидан омонда бўлмаган киши”, дедилар».


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Бу хислат пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг хулқлари, одатлари ва Исломнинг гўзал одобларидандир. Иброҳим алайҳиссалом “Меҳмондўстларнинг отаси” деб куняланган. Чунки у зот бир ёки икки мил (ўртача 4000 қадам) юриб, шу аснода дуч келган кишини уйига олиб келиб меҳмон қилган. 


Ўткир МАҲМУДОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир