Инсоният тамаддуни тараққий этишида бир неча омиллар сабаб бўлади. Булар ичида тинчлик ва барқарорлик асосий ўрин эгаллайди. Бугун инсоният тақдири ва тараққиётига таҳдид солаётган экстремизм, терроризм барча давлатлар бир ёқадан бош чиқариб курашиши зарур бўлган иллатга айланди. Бузғунчи ғояларнинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамияти бошига оғир кулфатлар солиб келган. Бундай қора кучлар тажовузидан ҳар йили 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, ўрнини тўлдириб бўлмас мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда.
Муқаддас динимиз таълимотларида “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш”лар мутлақо қораланган ва мусулмон кишилар бундай амаллардан қайтарилган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бас, (эй, Муҳаммад) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” (Ҳуд сураси, 112-ояти).
Динимизда ғулувга кетишнинг бир қанча ёмон оқибатлари бор. Аввало, бу инсоннинг ақидаси бузилишига сабаб бўлади. Тарихда динда ғулувга кетиш оқибатида рофизийлар, хорижийлар, мўътазила сингари тоифалар юзага келди.
Рофизийлар Пайғамбар алайҳиссалломдан сўнг халифаликка муносиб, деб фақат Али розияллоҳу анҳудан ва унинг авлодларидан бошқани тан олмади. Кейин улар яна бир қанча тоифаларга бўлинди. Рафовиз сўзи инкор қилувчи, рад этувчилар деган маънони англатади. Рофизийлар ғулув сабабли аҳли сунна вал жамоадан чиққанлар.
Хаворижлар эса ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.
Мўътазила тоифаси Аллоҳ таолонинг зотида ғулувга кетиб, сифатларини инкор қилдилар. Хавориж ва мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомга қарши чиқишига йўл очдилар. Улар раҳбарга қарши чиқишга тарғиб қилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом бундай дейдилар: “Ким амирининг бирор ишини ёқтирмаса, унга сабр қилсин. Чунки бирор киши бошлиғининг итоатидан бир қарич чиқса ва шу ҳолида ўлса, жоҳилият ўлимида ўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Бугун ёшларимизни имон-эътиқодини мустаҳкам, иродаси бақувват, ўз мустақил фикрига эга қилиб тарбиялаш асосий вазифамиз бўлиши керак. Уларнинг тафаккурига динимизнинг соф таълимотлари, асрлар оша сайқалланиб келаётган муқаддас қадриятларимиз, ўзлигини унутмаслик каби фазилатларни сингдириб боришимиз зарур.
Муҳаммадяҳё ЭМИНОВ
Хабар берганимиздек, Жидда шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академияси ва Мусулмон олами уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда дин пешволарининг роли» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қатнашди.
Шунингдек, анжуманда Масжид ал-Ҳаром имоми Шайх Солиҳ бин Ҳумайд, Халқаро Ислом фиқҳи академияси Бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано, Мусулмон олами уюшмаси Бош котиби Шайх Муҳаммад Абдулкарим ал-Исо, Миср муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, таниқли уламолар, етук фақиҳлар, муфтийлари ҳамда тадқиқотчилар иштирок этишди.
Илмий маърузалар ва муҳокамаларда бир қатор муҳим жиҳатлар ва амалий тавсиялар илгари сурилди. Жумладан:
– зўравонликни қатъий қоралаш: Аёлларга нисбатан ҳар қандай жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки кибер тажовуз Ислом шариатининг инсон қадр-қиммати, раҳмат ва адолатга асосланган бош мақсадларига зид ва зулм экани фиқҳий жиҳатдан асосланди;
– диний тамойилларни тарғиб этиш: оила бошлиғи бўлган эрнинг асосий вазифалари аёлни нафақа билан таъминлаш, ҳимоялаш ва унга ғамхўрлик қилиш экани қайд этилди. Аёлнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки кафолатлангани таъкидланиб, зарарли иллатларга барҳам бериш лозимлиги айтилди;
– оилани мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш: ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича махсус курслар ташкил этиш, никоҳланувчиларни тиббий-психологик кўрикдан ўтказиш тизимини кучайтириш ҳамда имом-хатиблар иштирокида оилавий маслаҳатхоналар фаолиятини йўлга қўйиш тавсия этилди;
– ҳимоя ва кўмак тизимини жорий этиш: жабр кўрган аёлларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини кенгайтириш, хавфсиз бошпаналар ва «ишонч телефонлари» тизимини самарали жорий этиш зарурлиги белгиланди;
– халқаро ва маҳаллий ҳамкорлик: давлат идоралари, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда илғор тажрибаларни алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати