Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2025   |   25 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:36
Пешин
12:32
Аср
17:16
Шом
19:20
Хуфтон
20:40
Bismillah
19 Август, 2025, 25 Сафар, 1447

Рамазон ойида Пайғамбаримизнинг амаллари қандай бўлган?

03.05.2021   5873   3 min.
Рамазон ойида Пайғамбаримизнинг амаллари қандай бўлган?

Ҳар қандай мусулмон борки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига эргашишга ва унга тўлиқ амал қилишга уринади. Чунки, Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида у зотни мақтаб шундай дейди: 

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб сураси 21-оят).

Биз сиз азизларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини қандай ўтказганликларини қисқача келтириб ўтмоқни ният қилдик.

Хўп, бу ойда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай амаллар билан машғул бўлганлар?

Қуйида сизга у зотнинг бу ойда қилган амалларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:  

- Саҳарликни оҳирги вақтигача кечиктирар, ифторликни тезлаштирар эдилар. Саҳобаларни ҳам шундай қилишга буюрар эдилар. Яъни ифторликни Қуёш ботиши билан қилар эдилар.  Лекин баъзи мусулмонларда ифторликни шом намозидан кейин ҳатто, ҳуфтон намозигача кечиктириб хатога йўл қўядилар. Ҳудди шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни саҳарлик қилишга ундар эдилар.

   - Қуёмул Лайл ( тунги намоз)ни кўпайтирар эдилар.

   - Қуръон қироат қилишни зиёда қилар эдилар. Ҳар Рамазон ойида Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломга бир маротаба ўқиб берар эдилар.

   - Аллоҳ йўлида кўплаб Хайр-эҳсон қилар эдилар. Ваҳоланки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. Лекин у зотнинг сахийликлари бу ойда яна ҳам зиёда бўлар эди.

   - Фитр садақасини ийд намозига чиқишдан олдин берар ва саҳобаларни ҳам шунга буюрар эдилар.

عَن ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما قَالَ: "فَرَضَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ زَكَاةَ الْفِطْرِ مِنْ رَمَضَانَ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ، أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ عَلَى الْعَبْدِ وَالْحُرِّ، وَالذَّكَرِ وَالْأُنْثَى، وَالصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ مِنَ الْمُسْلِمِينَ". رَوَاهُ البخاري

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини қулга ҳам, ҳур инсонга ҳам, эркак-аёл, катта-кичик мусулмонларга бир соъ ҳурмо ва арпадан беришни  фарз қилдилар”.( Имом Бухорий ривояти).

   - охирги ўн кунликни кўпроқ ибодат билан ўтказар эдилар. 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: "كَانَ رَسُولُ اللهِ ﷺ إِذَا دَخَلَ العَشْرُ أَحْيَى اللَّيْلَ، وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ، وَشَدَّ المِئْزَرَ"  

Ойиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг оҳирги ўн кунлиги кирганда кечаларни бедор ўтказар, аҳлларини ҳам уйғотар ва изорларини шимарар эдилар”. (Имом Муслим ривояти).

 Баъзилар ҳадисдаги «изорларини шимарар эдилар » деган гапни, ибодатга кўпроқ вақт бўлиши учун аёлларидан тийилар эдилар деб тафсир қилишган. Баъзилар эса ибодатга қаттиқ киришганларидан киноя тарзда келтириляпти деганлар.

   - Охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Бу пайт аёллардан ва барча ишлардан узоқлашиб, вақтларини зикр, тавба ва ибодатлар билан ўтказар эдилар.

 Аллоҳ таоло барчамизни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига мукаммал тарзда эргашувчи ва қиёматда шафоатларига сазовор бўлувчи бандалардан қилсин.

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

Тошкент Ислом институти  талабаси

Муҳаммад Али Муҳйиддин.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳ берган неъматлари миқдорича берамиз

15.08.2025   3631   3 min.
Аллоҳ берган неъматлари миқдорича берамиз

Бир аёл Лайс ибн Саъддан озроқ асал беришини  илтимос қилди. Лайс унга бир меш асал олиб келишларини буюрди. Атрофидагилардан бири: “Нима учун бу аёлга бунча асал беряпсиз? Ахир у сиздан озгина асал сўради, холос”, деди. Лайснинг жавоби мана шундай бўлди: “У биздан ўзига керагини сўради, биз эса унга Аллоҳ таоло бизга берган неъматлари миқдорича берамиз”.

Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш бечораҳолга садақа улашмасидан бурун биров билан гаплашмас экан. Биз-чи, биз?! Ҳар куни яримта хурмо бўлса-да, садақа қиляп­мизми?! Агар мол-дунёингиз етарли бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мол-дунё садақа сабабли камаймайди”[1] деган гапларини эсингиздан чиқарманг!

Алий розияллоҳу анҳу бир куни йиғладилар. У кишидан: “Йиғингизнинг боиси не?” – деб сўрашганида, “Менинг олдимга мана етти кундирки меҳмоннинг қадами етмади. Аллоҳ мени хор қиляптимикан деб хавфсираб қолдим”, деган эканлар.

Бировга эҳсон берар экансиз, чеҳрангиз очиқ бўлсин. Яхшилик қилаётган кишингизнинг қаршисида қовоғингизни уйманг.

Шоир айтади:

Фақир даргоҳига ҳар дам чеҳранг очиб бор,
Ўзингни паст тутиб, кибру ҳаводан қочиб бор. 

Берган нарсаларингизни миннат қилишдан сақланинг, йўқса  амалларингиз чиппакка чиқади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхши сўз ва кечириш  ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир»[2]. Яна Аллоҳ таоло миннатчиликдан огоҳлантириб, шундай дейди: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб  берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..”[3].

Бир киши дўстининг олдига келди. Дўсти унга: “Нима гап, тинчликми? Бирор ишинг бўлса айт”, деди. У: “Менинг тўрт юз дирҳам қарзим бор, берай десам бир дирҳам ҳам пулим йўқ”, деди. Дўсти унга тўрт юз дирҳам берди-да, кўзларида ёш ила уйига кирди. Аёли: “Ахир йиғлар экансиз, нимага  бердингиз?” – деди. Шунда у: “Худо ҳаққи, мен бу учун йиғлаётганим йўқ. Мени йиғлатган нарса, наҳот яқин дўстимнинг бу ҳолидан бехабар қолдим, ахир дўстим эшигимгача келибди. Шунинг хижолатидан йиғлаяпман”, дебди.

Яқинларимиз, қариндош-уруғ, дўстларимиз ҳолидан хабар олаяпмизми?!

Уларга бирор нарса бергудек бўлсак, уларнинг ҳожатлари миқдорича бераяпмизми ёки бизга ато қилинган неъматлар қадарми?! 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ривоят қилган.
[2]  Бақара сураси, 263-оят.
[3]  Бақара сураси, 264-оят.