Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448

Қадр кечасини изланг!

02.05.2021   15769   8 min.
Қадр кечасини изланг!

Рамазон барокатли ва фазилатли ой. Унда дунё ва охират учун яхшиликлар бисёр. Айниқса “минг ойдан яхшироқ” бўлган “Лайлатул қадр” – қадр кечаси Рамазонда кутилади. “Қадр” деб номланишига сабаб унда ризқлар ўлчанади, ажаллар ёзилиб, ўша йили бўладиган ишлар битиб қўйилади, тақдир қилинади.

فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ

“У (кечада) барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур”, Духон,4 оят

“Барча бўладиган ишлар Лавҳул маҳфуздан кўчирилади. Саид ибн Жубайр Ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Албатта, сен бир кишини бозорда учратасан, лекин унинг исми ўликлар сафига киритиб қўйилган бўлади”.[1]

Бундан ташқари қадри ва шарафи улағлиги учун ҳам шундай аталган. Яна ким бу кеча тоат-ибодатларга берилса, қадри баланд бўлади, бу кечадаги тоатларнинг қадри бўлакча бўлади, деган маънолар ҳам айтиб ўтилган.

Шомий[2] айтадилар: “Меърожуд дироя”да келтирилади: “Билингки, қадр кечаси – фазилатли кеча бўлиб, уни излаш, талаб қилиш мустаҳабдир. У йилнинг энг яхши тунларидан биридир. У кечада қилинган амал йилнинг бошқа пайтида қилинган минг амалга тенг. Ибн Мусайййиб айтади: “Ким қадр ҳуфтонига гувоҳ бўлса, ундаги насибасини олибди”. Шофеъий айтадилар: “Ҳуфтон ва бомдодига гувоҳ бўлса. Мўминлардан Аллоҳ хоҳлагани қадр кечасини кўради, кўрганлар эса уни яширишлари лозим бўлади. Аллоҳга ихлос билан дуо қилинади”.

Қадр кечаси қайси кун эканлиги борасида 46 та фикр бор.

“Мароқил фалаҳ”да[3] айтилади: “Ибн Масъуд айтадилар: “Қадр кечаси йилнинг барчасида бўлиши мумкин. У кишининг гапларини Имом Аъзам ҳам олиб, йилнинг исталган пайтида айланиб юради. Гоҳо рамазон, гоҳо бошқа ой ҳам бўлиши мумкин. Буни Қози Хон ҳам айтган”.

Шомий айтадилар: “Юқоридаги гапни орифлар султони, жанобим – Муҳйиддин ибн Арабий ўзларининг “Футуҳотул Маккийя” асарларида ҳам келтирганлар: “Лайлатул қадр ҳақида инсонлар турлича фикрдадирлар. Яъни унинг пайти ҳақида. Улардан баъзилари йилнинг барчасида айланиб юради дейишган. Мен ҳам шу фикрдаман. Мен уни Шаъбонда ҳам, Робиъул аввалда ҳам, Рамазонда ҳам кўрганман. Кўпроқ рамазоннинг охирги 10 кунлигида гувоҳ бўлганман. Яна рамазоннинг ўртадаги 10 кунлигидаги тоқ бўлмаган кечада ҳам, тоқ бўлган кечасида ҳам кўрганман. Мен шуни аниқ ишонч билан айта оламанки, йилнинг барчасида тоқ кечасида ҳам, жуфт кечасида ҳам келаверади”.

“Мабсут”да айтилади: “Бу борада Абу Ҳанифанинг мазҳаблари қадр кечаси рамазонда бўлади, лекин у олдинга сурилиб ёки кечикиб келиши мумкин. Икки соҳиблари наздида эса муқаддам ҳам бўлмайди, кечикиб ҳам келмайди”.

Унинг аломати: ойдин, соф, сокин; совуқ ҳам эмас, иссиқ ҳам эмас; қадр кечасининг тонгида қуёш нурсиз тоғорга ўхшаб қолади.

Унинг аниқ куни яширин бўлиши: инсонлар уни топишда, излашда жидду жаҳд қилсинлар, ибодатда мужтаҳидлар ажрини олсинлар.

Шавконий айтадилар: “Уламолар унинг қайси кун эканлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. “Фатҳул Борий”да ўша фикрлар келтирилган (ундан бошқа ерда бу қавллар келтирилмаган), уларни қисқача зикр қилиб ўтамиз:

1-Қовл: Қадр кечаси одамлар орасидан кўтарилган, буни Мутаваллий Рофизийлардан ривоят қилган. Ҳанафийлардан ҳам шу гап келган. Мен айтаман: бу асли йўқ гап, ҳанафийлар китобларида бунақа гап учрамайди.

2-Қовл: Қадр кечаси фақат бир йил учун хосланган бўлиб, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида юз берган. Фокуҳоний шу гапни айтган.

3-Қовл: Қадр кечаси мана шу уммат учун хосланган. Моликийлардан бир жамоанинг фикрлари.

4-Қовл: Йилнинг исталган патида бўлиши мумкин. Бу ҳанафийларнинг машҳур гаплари ва салафи солиҳларнинг бир жамосининг фикри.

5-Қовл: У рамазонга хосланган бўлиб, унинг барча тунларида содир бўлиши мумкин.

6-Қовл: У муайян ва яширинган бир тунда. Насафий шу фикрни айтган.

7-Қовл: Рамазоннинг биринчи кечасида. Абу Розийн Уқайлий Саҳобий айтган.

8-Қовл: Рамазоонинг ўртасидаги бир кеча. Ибн Мулаққин айтган.

9-Қовл: Шаъбоннинг ўртасидаги бир кеча. Қуртубий “Муфҳим”да айтган.

10-Қовл: Рамазоннинг 17 кечасида.

11-Қовл: Рамазоннинг ўртадаги 10 кунлигида яширинган.

12-Қовл: Рамазоннинг 18 кечаси.

13-Қовл: 19 кечаси.

14-Қовл: Охирги ўн кунликнинг биринчи кечаси. Шофеъий шунга моил бўлганлар.

15-Қовл: Агар ой тўлиқ бир ой бўлса, 20 куни, ноқис бўлса, 21 куни.

16-Қовл: 22 кечаси.

17-Қовл: 23 кечаси. Бунга кўплаб саҳобий ва тобеъинлар эргашганлар.

18-Қовл: 24 кечаси.

19-Қовл: 25 кечаси. Ибн Жавзий Абу Бакрадан ривоят қилган.

20-Қовл: 26 кечаси. Мен буни аниқ билмадим. Фақат Иёз шу фикрни айтган.

21-Қовл: 27 кечаси.

22-Қовл: 28 кечаси.

23-Қавл: 29 кечаси. Ибн Арабий келтирган.

24-Қовл: 30 кечаси. Иёз айтган.

25-Қовл: Охирги 10 кунликнинг тоқ кунларида. “Фатҳ”да мана шу тўғрироқ дейилган.

26-Қовл: Рамазоннинг охирги кечаларида.

27-Қовл: Охирги 10 кунликда кўчиб юради. Абу Қалоба айтган.

28-Қовл: Охирги 10 кунликда, фақат баъзи кечалар баъзиларидан кўра қадр бўлиши умид қилинади.

29-Қовл: 27 кеча. Фақат 23 бўлиши умид қилинади.

30-Қовл: 23 кеча. Фақат 27 бўлиши умид қилинади.

31-Қовл: Охирги 7 кунликнинг барчасида кўчиб юради. Аҳли илмлар бундан нима назарда тутилгани ҳақида ихтилоф қилдилар: ойнинг охирги 7 кунлигими ёки ойдан саналадиган охирги 7 кунми? Бундан 32 қовл келиб чиқади.

33-Қовл: Охирги 15 кунликда кўчиб юради. Абу Юсуф ва Муҳаммаддан ривоят қилинган.

34-Қовл: 16 ёки 17 кечада.

35-Қовл: 17, 19 ёки 21 кечада.

36-Қовл: Рамазонинг биринчи ёки охирги кечаси.

37-Қовл: 19, 21 ёки 23 кечада.

38-Қовл: 1 ёки 9 ёки 17 ёки 21 ёки охирги кечада.

39-Қовл: 23 ёки 27 кечада

40-Қовл: 21 ёки 23 ёки 25 кечада.

41-Қовл: Охирги 27 кечага чекланган.

42-Қовл: 22 ёки 23 кечада.

43-Қовл: ўртадаги ва охирдаги 10 куликнинг жуфт кечаларида.

44-Қовл: охирги ўн кунликнинг учинчи ёки бешинчи кечаси.

45-Қовл: Ойнинг иккинчи 15 кунлигидаги 7 ёки 8 кеча.

46-Қовл: 1 ёки охирги ёки тоқ кечада бўлиши мумкин.

Ҳофиз Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Мен охирги учратган қовлим мана шу. Уларнинг баъзиси баъзисини рад қилиши мумкин. Рожиҳроғи охирги 10 кунликнинг тоқ кечаларида бўлиб, улар кўчиб юриши мумкин. Шофеъий наздида 21 ё 23 бўлса, жумҳур наздида рамазоннинг 27 кечаси деб зикр қилинган”.

Қадр кечасига тўғри келган одамга зоҳирий аломат бўладими ёки йўқ, деган масалада ҳам ихтилоф қилдилар. Баъзилар ҳамма нарса сажда қилган ҳолда кўринади, деса, айримлар ҳатто қороғу  ерда ҳам нур сочилиб туради, деган. Малоикалардан гап ва салом эшитилади, ҳам деб айтилган. Тобарий буларнинг барчаси юз берадиган ишлар эмас деганлар. Бирор нарсани кўриш ёки эшитиш шарт қилинмаган.

ХулосаҚадр кечаси турли кунларда бўлиши, турли кечаларда айланиб юриши ҳақидаги фикрларни инобатга олсак, уни фақат 27 кечада кутмай, рамазоннинг охирги тоқ кунлари, имкон бўлса рамазоннинг ғанимат барча кечаларидан излаган, кўпроқ ибодат, тиловат, истиғфор ва тавблар қилиб қолган маъқул. Агар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ижтиҳодларига назар солинса, лайлатул қадр йилнинг барчасида бўлиши мумкин. Балки, мана шу нарса аввалги уламоларимизни кўп тоат-ибодат қилишга, бугун қадр кечаси бўлиши мумкин деган умидда сергак юришларига бир сабаб бўлгандир... Валлоҳу Аълам!

 

Аҳмад Саҳаронфурийнинг “Базлул мажҳуд фий ҳалли

Сунани Аби Давуд” китоби асосида Нилуфар Саидазиз қизи тайёрлади

 

[1] “Тафсири Самарқандий”

[2] Ибн Обидийн

[3] 264 б

РАМАЗОН-2021
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   12049   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари