Муносабат
Одамнинг қорни бир коса овқатга тўйиши мумкин. Жуда кўп эшитганмиз “қорним роса тўйиб кетди”, деган сўзларни. Айниқса, бугунги маъмурчилик даврида, тўқчилик замонида бу оддий ҳолатга айланиб улгурди. Раббимизга беҳисоб шукрлар бўлсин. Лекин “меҳрга тўйдим” деган сўзни ҳеч қачон эшитмаганмиз. Меҳрга ким ҳам тўяди?!
Бу сўзларни бежиз келтирмаяпман. Бугун шахсан мен меҳрга ташна, тинчликка зор, хотиржамликка интиқ юртдошларимизнинг юзу кўзларига боқиб, меҳр, тинчлик-хотиржамлик қанчалик улуғ неъматлар эканини яна бир карра ҳис этдим. Шу билан бирга, тинч юртда, фаровон ҳаётда танти халқ билан бирга яшаётганим учун Яратганга шукроналар келтирдим.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва бевосита топшириқлари билан куни кеча “Меҳр 5” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар давом этаётган қисмидан жами 93 нафар юртдошимиз – 24 нафар аёл ва 69 нафар бола – Ватанимизга қайтарилди.
Аввалроқ, “Меҳр 1”, “Меҳр 2”, “Меҳр 3” ва “Меҳр 4” гуманитар операциялари доирасида 320 дан ортиқ ватандошларимиз Ўзбекистонга қайтарилган эди.
Юртимизда давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитларга қаноат қилмай, ҳукуматимизнинг, диний идораларнинг, имом-хатибларимизнинг огоҳланитиришларига қулоқ солмай, чет элларга бориб, қўли қонга ботган разил кимсаларнинг, инсонийлик қиёфасини йўқотган одам шаклидаги иблисларнинг тазйиқларига гирифтор бўлган юртдошларимиз хатоларини кеч англаб етишяпти, кўзлари кеч очиляпти.
Улар муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англаб етмагани, амалдаги қонунларимизга риоя этмагани, халқимизнинг минг йиллик қадриятларини топтагани учун ана шундай кўргуликларга дучор бўлмоқда.
Шунча огоҳлантиришлар, танбеҳларга қарамай, ҳали-ҳануз экстремистик ташкилотларнинг тузоғига тушиб қолаётган юртдошларимиз, наҳотки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди” (Имом Бухорий ривояти), деган муборак ҳадисларини ёки халқимизнинг “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган мақолини эшитмаган бўлса?!
Ахир, бугун ойнаи жаҳон орқали, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида ёт ғояларнинг таъсирига тушиб қолиб, қилмишини кеч англаб етган юртдошларимизнинг тақдири намойиш этилган кўрсатувлар, мақолалар, хабарларни кўрмаган, ўқимаган киши бўлмаса керак.
Ҳар биримиз, аввало, ўзимиздан, фарзандларимиздан огоҳ бўлишимиз шарт. Лоқайдлик ва эътиборсизлик кўп балоларнинг бошидир. Халқимиз бежизга “Сўнгги пушаймон – ўзингга душман”, демайди. Пушаймон бўлмаслик учун, аввало, сергак ва огоҳ бўлиш талаб этилади.
Бугун ҳар қадамда фитналар уруғини сочишни касб қилиб олган ғаламисларнинг “сохта ҳижрат” тушунчаларидан жуда эҳтиёт бўлишимиз шарт. Бу хоинлар, манфур, бузғунчи кимсалар дин номидан гапириб, соф эътиқодимиз ва қадриятимизни қоралашга зўр бермоқда. Уларнинг асл мақсади мусулмонларнинг орасини ислоҳ қилиш эмас, балки нифоқ чиқаришдир.
Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир»(Мужодала сураси, 16-оят), деб марҳамат қилади.
Қолаверса, турли томондан ёғилиб келаётган мафкуравий, диний, таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз шарт. Улуғ бобомиз Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги доно сўзлари ҳамон долзарбдир:
Эрурсен шоҳ ‒ агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен сен ‒ шоҳсен сен.
Суриядан келтирилган юртдошларимиз орасида 7 нафар чин етимнинг ҳам борлиги юрак-бағримизни эзиб юборди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир” (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган.
Одамларга яхшилик қиламан, меҳр кўрсатаман деб жонини ҳалокатга қўйиб бўлса ҳам уруш ўчоқларидан ўз юртдошларини суғуриб олиб келган кишиларни, бу ишнинг бошида турган раҳбарлар, айниқса, муҳтарам Юртбошимиз БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНЛАРИдир.
Аллоҳ таоло бу хайрли ишларга бош қўшаётган барча-барчани Ўз паноҳида асрасин. Қилган савобли ишларининг ажрларини кўпайтириб берсин. Ҳар доим соғ-саломат қилсин. “Меҳр” операциялари, ўйлайманки, юртдошларимизни янада ҳушёрроқ бўлишга, турли оқимлар таъсирига тушиб қолмасликка чорлайди.
.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати