Самолётда парвоз қилиш олдидан жуда кўпчилик ижтимоий тармоқларда ўз суратлари билан бўлишади. Бу кўпинча парвоз завқи, саёҳат иштиёқи билан боғлиқ бўлади.
Лекин узоқ йиллар ватангадоликда юрган одамларнинг парвози самолёт у интиқ бўлган заминга қўнгунча кўзёшларга чулғаниши ҳақида эшитганмисиз?
“Президентимиз бизни жаҳаннамдан олиб чиқди. Суриядан самолётга ўтирганимдан Ватанимизга келиб қўнгунимизгача кўз ёшларим тинмади. Бизга ўзимиз ҳатто тасаввур қила олмайдиган яхшиликни раво кўрганларни тинмай дуо қиляпман”, деб таъкидлайди Нодира Оловиддинова.
У ўзи туғилиб ўсган Наманган вилояти Косонсой туманидан чиқиб кетганига 24 йил бўлган экан. Турмуш ўртоғи хорижда ишлашга жазм қилганида у ҳам бирга йўлга чиққан. Бу йўллар турли сарҳадларни босиб ўтиб, охирида уларни Сурия давлатига олиб борди.
– Аввал Қозоғистон, Эрон, Туркия давлатларида яшаб, ишлаганмиз. Кейин Сурияда яхши маош тўлаши ҳақида эшитиб, у ерга борганмиз. Бироқ боришимиз билан жаҳаннам оловига тушиб қолганимизни тушундик, лекин ортга йўл йўқ эди, – дейди Н.Оловиддинова. – Атрофимизда ўқ овозлари тинмас, бомбалар ёғилиб турган бир шароитда юрак ҳовучлаб яшардик. Кунлардан бирида қизимни олиб, иш билан уйдан чиқдим. Қайтиб келганимизда яшаётган жойимизга бомба тушиб, уй ҳам, шу вақтда ўша ерда бўлган турмуш ўртоғим, беш ўғлим кунпаякун бўлган экан...
Ҳаммасидан бир кунда айрилиб, фарёд кўтарганича қолган аёл бир қизи ва ўша вақтда уйдан чиқиб кетгани учун тирик қолган яна бир ўғли билан уч-тўрт йилдан буён оғир шароитда яшаб келган. Қўрқув тўла уйқусиз тунларида юртга қайтишга кўзи етмаса ҳам Яртгандан доим нажот сўраган.
Ҳаёт сўқмоқларида бу аёл каби адашганларни кўпчилик қоралайди, албатта. Бироқ инсон борки, хато қилади. Айниқса, эри, ака-укасининг қистови билан юртдан чиқиб кетган аёллар, уларнинг болалари аслида айбсиз айбдорлардир.
Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра ва бевосита назорати остида хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган шундай ватандошларимизга кўмак бериш, уларни мамлакатимизга қайтариш бўйича “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга ошириб келинмоқда.
Шу кунгача ўтказилган “Меҳр-1, -2, -3, -4” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан оғир аҳволга тушиб қолган 438 нафар аёл ва бола мамлакатимизга олиб келинди.
Зеро, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат ҳимоясида экани Бош қомусимизда кафолатланган.
Куни кеча Муборак Рамазон ойида АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган “Меҳр-5” операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган “қайноқ нуқталар”га бориб қолиб, “Ал-Хол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Улар мутаассиблик, террорчилик йўлига кирган турмуш ўртоқларининг ундови билан Сурияга борган ва эрларини жангларда йўқотиб, ўзлари бева, фарзандлари эса етим қолган.
Ватанга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим ҳам бор.
Ачинарлиси, тақдирнинг аччиқ қисматига дучор келган бу ватандошларимиз ҳаёт кечириш учун зарур бўладиган оддий шароитлардан маҳрум ҳолатда яшаб келган.
– Юртимизда кечиримлилик, афв этиш, адашган кишиларнинг тўғри йўлга тушиб кетишига имкон беришдек азгу амаллар мунтазамлик касб этган, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Ушбу муборак кунларда шундай яна бир бағрикенгликнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Президентимиз топшириғи билан уруш кетаётган жойдан оғир аҳволда қолган аёллар ва болалар олиб келинди. Халқимиздан, давлатимиз раҳбаридан кечирим сўраб, ёрдам сўраб ёлворган бу аёллар нотўғри даъватларга учиб, хорижга чиқиб кетган турмуш ўртоқларининг хатоси қурбони бўлган. Бу ҳолатдан бошқалар, айниқса, ёшлар сабоқ олиши керак. Чунки шу кунларда ҳам сохта даъволарга алданиб, гўёки хижрат қилиш учун Сурияга кетмоқчи бўлаётганлар топилади. Айнан шулар бундай қилмишнинг оқибати нима бўлишини мана бу тирик етимлар мисолида англаши зарур.
Суриядан олиб келинган аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаториясига жойлаштирилди. Уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.
Аввал янги тонг отишига ишонмай уйқуга ётган бу 93 нафар инсоннинг бугунги тонгги хотиржамликда, эртанги кунга ишонч билан отди.
Халқаро экспертлар фикрига кўра, Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳарбий можароли зоналардан олиб чиқиш билан фаол шуғулланаётган кам сонли давлатлардан бири саналади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, айнан “Меҳр”операцияси орқали аввал олиб келинган шахслар бундай бағрикенгликка жавобан ҳозир тинч ҳаёт кечириб, ҳалол меҳнат билан шуғулланмоқда. Болалар эса таълим олмоқда. Чин етим бўлиб қолган фарзандлар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган. Уларнинг янги ҳаёти, дунёқараши яхши томонга ўзгарган.
Турли сабаблар билан адашган, бугун тўғри йўлга тушаётган бундай шахсларга нафақат давлат, жамоатчилик ғамхўрлик кўрсатиши, балки уларнинг атрофидаги одамлар ҳам бефарқ бўлмаслиги керак. Зеро, бир заминда туғилиб, ёнма-ён яшар эканмиз, ҳар биримиз бир-биримиз учун ҳам масъулмиз. Зотан, қаерда адашганлар бўлса, бу унинг атрофидагиларнинг лоқайдлиги маҳсулидир.
Ҳеч қачон бефарқ бўлманг, яқинларингиз, атрофингиздагилар адашишига йўл қўйманг.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дўстингиз билан бирор дунёвий манфаат ёки бир мақсад учун эмас, аксинча, Аллоҳ йўлида биродар бўлишни хоҳлайсиз.
Борди-ю, хатога йўл қўйсангиз, ҳеч иккиланмай сизни тўғри йўлга бошлашини хоҳлайсиз.
Дўстингиз сирингизни бировларга тарқатмасдан, ичида сақлашини хоҳлайсиз.
Дўстингиз сизни ғийбат қилмаслигини ва яна сиз ҳақингизда ёмон гаплар гапирмаслигини хоҳлайсиз.
Барча ишларда тилию дили бир бўлишини хоҳлайсиз.
Ишингиз тушиб турганида, сизга ҳеч иккиланмай ёрдам беришини хоҳлайсиз.
Дўстингиз хулқингиздаги камчиликларни меъёр доирасида кўтариб, ташлаб кетмаслигини хоҳлайсиз.
Дўстингиз сизни пастга тортқиламасин, аксинча, ўзи кўтарилган зинапоялар томон олиб чиқсин. Ўзингиздан-да, хушхулқ, амалда маҳкам ва ўткир ақл эгаси бўлган кишини дўст сифатида танланг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бундай дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз уни кўриш сизларга Аллоҳни эслатадиган ва гапи илмингизни зиёда қиладиган ва амали сизларни охиратга ундайдиган одамдир”[1].
Қаерда бўлсангиз ҳам солиҳ кишиларни излаб топинг ва уларни дўст тутинг. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
Уларнинг сафида бўлмасам ҳам мен,
Солиҳ кишиларнинг ошуфтасиман.
Ул зотлар ортидан эргашиб зора,
Шафоат йўлига топсам гар чора.
Муккасидан кетган гуноҳлар ичра,
Бундай кишиларни суймасман сира,
Бўлса ҳам амалларим ундан-да қора.
Луқмони Ҳаким раҳимаҳуллоҳ ўғлига васият қилиб: “Эй ўғлим, бирга юрсанг сенга безак бўладиган, унинг олдида бўлмаганинг пайт сени ҳимоя қиладиган киши билан дўст тутин”, деган экан.
Доимо сизга ёрдам қўлини чўзадиган ва яхшилик томон етаклаб, ёмонликдан четлатадиган кишиларга яқин бўлинг. Яхшилар билан бирга бўлишга интилинг.
Кузатувлардан маълумки инсон дўстига жуда катта таъсир ўтказади. У дўстини яхшилик йўлига бошлаб, унинг иймонию диёнатини зиёда қилиши ҳам мумкин, ёки, аксинча, залолат ва бузғунчилик ботқоғига ботириб, уни ҳалокатга юз туттириши ҳам мумкин. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динидадир. Шундай экан, бирингиз ким билан ошно бўлаётганига қарасин”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.