Бошловчи – Саидолим Турдибоев: Ассалому алайкум. Бу йилги “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатуви ҳам аввалгилари каби давом этади, инша Аллоҳ.
Бугунги кўрсатувимиз меҳмони Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков. Ассалому алайкум, домла, кўрсатувимизга хуш келибсиз. Рамазон ойи муборак бўлсин!
Ўтган йили мана ушбу лойиҳани бошлаган эдик. Лойиҳанинг бу йилги биринчи сонида сиз билан дийдорлашиб турибмиз. Маълумки, ўтган йили коронавирус пандемияси сабаб аксарият мусулмонлар Рамазондаги ибодатлари, хусусан, таровеҳ намозларини ҳам оила аъзоларини билан уйда ўқишга мажбур бўлишганди. Бу йил эса имкониятлар бошқача, хушхабарлар бор. Шундай эмасми?
Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари:
Бисмиллоҳир Раҳмонир Роҳийм. Бу йил карантин талаблари бекор қилинмаган бўлса-да, масжидларимиз очиқ, таровеҳ намозлари ва хатми Қуръонлар бошланган. Ҳақиқатан ҳам ўтган йили масжидларимиз ёпиқ эди. Мўмин-мусулмонлар таровеҳ намозларини уйларида адо этишларига тўғри келди. Бу йил эса икки мингдан ортиқ масжидда таровеҳ намозлари ўқиляпти, 1380 дан ортиқ масжидда эса хатми Қуръон бошланди. Албатта, масжидларимизда имом-хатибларимиз мўмин-мусулмонларга карантин талабларини доимо эслатиб туришибди. Тошкент шаҳридаги Қуръон хатмлари рўзанинг йигирма еттинчи куни, яъни Қадр кечасида ўқиладиган ибодатлар билан бир вақтда тугайди. Бу борада бир хил режа белгилаб олганмиз. Яъни қориларга Қуръонни хатм қилишлик бир хил тақсимлаб берилган.
Саидолим Турдибоев: Кўпчилик мўмин-мусулмонлар ушбу ойнинг фазилатлари, барокатларидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Ибодатларга зўр беради. Мазкур ойнинг фазли ҳақида гапириб берсангиз?
Ҳомиджон Ишматбеков:Рамазони шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, уммати Муҳаммадиянинг мўмин-мусулмонларга хос, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бисёр бўладиган ой. Шу боисдан ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ой, деб марҳамат қилганлар. Яъни, барокатлик ой. Рамазонда қилинган ҳар бир эзгу амалга кўплаб савоблар берилади. Аллоҳ таоло ушбу ойда мўмин-мусулмонларга ўз карамини кенг қилган ойдир. Шу қатори гуноҳлар кечириладиган, мағфират қилинадиган муқаддас ойдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин саҳобаларига бу муборак ойнинг фазилати ҳақида баён қилиб берардилар. Токи одамлар бу ойнинг фазилатини билиб, шунга яраша тайёргарлик кўришсин, Рамазонни муҳаббат, завқу шавқ билан ўтказсин, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар” (Имом Насаий ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).
Демак, мўмин киши Қадр кечаси яхши ният қилса, эзгу амални бажарса, унга Аллоҳ таоло битта фарз амални бажарганлик баробарида савоб беради, дея ҳадисларда келтирилади. Шунингдек, кимки бу ойда битта фарзни бажарса, бошқа ойда бажарган фарзнинг етмишта савобига эга бўлади.
Рамазон — сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. Бу ойда мўмин-мусулмонлар бир-бирларига қайишади, меҳр-мурувват улашади. Кимки бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло бу банданинг гуноҳларини мағфират қилади, дўзахдан озод этади. Кимдир рўзадорга бир қултум сув берса, ё бир дона хурмо бериб ифтор қилишига ёрдам берса, мана бунга ҳам савоб берилади. Бир одамнинг қорнини тўйғизишлик эса қиёматда Пайғамбар алайҳиссаломга ато этилган ҳавзи Кавсардан қониб ичишга имтиёз берилади. Ва токи жаннатга кирмагунича ҳеч бир чанқоқни билмайди, дейилади манбаларда.
Шунингдек, Рамазон мағфират ойидир. Унинг ўртасдаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг “мағфират кунлари” ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳу қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.
Рамазон Қуръон ойидир. Муборак Рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи — Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло Ўз Каломининг “Бақара” сураси, 185-оятида шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”.
Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: “Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавҳул-Махфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссалом оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди”, дедилар.
Демак, Қуръони каримнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлиши Рамазон ойида бошлаган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча – Қадр кечаси яширинган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Рамазонда Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга ўқиб берарканлар. Вафотларидан аввалги Рамазонда Пайғамбар алайҳиссалом Қуръонни икки марта хатм қилганлар.
Шундан буён Рамазон ойида Қуръон хатм қилиш умматларга суннат бўлиб қолган.
Манбаларда айтилишича, Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини ўқиган одамга 10 тадан савоб ёзилади. Хатмларда жамоат бўлиб тинглаганга ҳам алоҳида ажр-савоб бордир.
Рамазонда дуолар ижобат бўлади. Рамазон киргандан токи чиққунича Аллоҳ таолодан бир нидо бўладики, мендан нимани сўрасанг, ижобат қиламан, гуноҳларингни кечираман, дейилади. Бу ҳам Рамазон ойининг фазилатига фазилат қўшади.
Рамазон – яхшилик қиланадиган ой. Мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркин иболат қилиши, яхши ниятларини амалга ошириши, дилларига ёмон ният келмаслигига имкон берадиган ой. Бу кечада дуо, ибодат қилиш, бедор бўлиш минг ойдан ҳам афзалдир.
Илгари одамлар юз, икки юз йиллаб яшаган экан. Шунча умри давомида яхшиликлар қилиб, Аллоҳга ибодат қилиб гуноҳларини каффорат қилганлар. Лекин уларда Рамазон, Қадр кечасидек мукофот берилмаган. Ислом умматинниг аксарияти эса олтмиш, етмиш йил умр кўради. Улар барокатли ойлардан баҳраманд бўлаганлар. Яъни мусулмонлар бир кечада минг ойдаги савобни топишлари мумкин экан. Бу эса Қадр кечасининг фазли ва барокатидир.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтаркан, бандам рўзани мен учун тутади, қолган амалларида ўзлари учун манфаат бордир. Рўзаси қабул бўлган бандаларни қиёматда Аллоҳнинг таолонинг ўзи чақираркан. Улар Райён эшиги орқали жаннатга кирарканлар.
Рўзадор киши саҳарлик таомини егандан ибодатга киришган бўлади токи кун ботгунча шу ҳолатда бўларкан. Улар кун бўйи ибодатда экан. Шундай экан мўмин киши Рамазон ойида имон ва ихлос билан рўза тутиши, эзгу амалларни кўпроқ қилиши лозим.
— Саидолим Турдибоев: Шу ўринда телетамошабинлар томонидан келаётган саволларга ҳам эътибор қаратсак. Бу йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?
— Ҳомиджон Ишматбеков: Дарҳақиқат, яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2021 йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди.
Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.
Бугунги кунда бозорларимизда 1 кг. буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг. арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг. майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг. хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.
Шунга кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори:
2 килограмм буғдой 10 000 (ўн минг) сўм;
4 килограмм арпа 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;
2 килограмм майиз 80 000 (саксон минг) сўм;
4 килограмм хурмо 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса бўлади.
Бу йилги фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.
Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320.000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги Закот нисоби 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.
— Ассалому алайкум. Қўшнимнинг дўкони бор. Муддати ўтган маҳсулотларни ҳам ўтмаган, дея сотади. Агар савдагор ишига ёлғон аралаштирса, ундан келган пул ҳалолми?
— Савдагор одам мижозини алдаши яхши иш эмас. Молининг сифати, умуман, айби бўлса, айбини айтиб сотиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги сал нам экан. Шунда У зот: “Бу қандай бўлди?”, деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим” — деб узр айтди. Он ҳазрат: “Нам теккани устида тураверса бўлмайдими? Кимки алдаса биздан эмас”, — дедилар. Шунинг учун сотувчи ҳар доим молининг ҳолини айтиб сотиши керак. Йўқса, у Ислом зид иш қилган бўлади.
— Ассалом алайкум. Кўчадан пул топиб олдим. Бунинг эгасини тополмадим. Бунга бир ойдан кўп бўлди. Пулни кимга беришни билолмаяпман?
— Кўчадан топиб олган, лекин эгаси чиқмаган бўлса, у ҳолда бу пул ўзига керакмас бўлса бирор муҳтож одамга садақа қилиши лозим. Садақа қилганда ҳам пулнинг эгасининг номидан садақа қилинади. Бордию садақа қилиб бўлганидан сўнг, пулнинг эгаси чиқиб қолса ва у пулини сўраса, пулни хоҳ ўзи ишлатган бўлсин, хоҳ бировга садақа қилган бўлсин, ўша пулни унинг ўзи беради.
— Ошпазман. Рўза тутмоқдаман. Лекин овқатнинг таъмини тотиб кўришимга тўғри келади. Таътиб кўрсам бўладими?
— Татиб кўрса бўлади. Фақат туплаб ташлаши керак.
— Айни пайтда Қирғизистондаман. Мусофир рўзасини тутсам бўладими?
— Мусофир рўзасини тутса бўлади. Агар машаққатлик вазиятда бўлса, тутмайди.
#Вакилликлар фаолиятидан
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 14 та ҳудудий вакиллиги фаолият юритади. Мазкур ҳудудларда жами 2161 та масжид бўлиб, 3000 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиби хизмат қилади. Вакилликлар фаолиятидан, деб номланган ушбу рукнимизда ҳудудий вакиллар билан туркум суҳбатларни режа қилганмиз. Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида бўлдик.
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Уламолар Кенгаши аъзоси Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни Сиз вилоят бош имом-хатиби сифатида иш бошлаган даврлардан бошласак. Дастлаб вакиллик фаолиятини таҳлил қилиб, қандай оғриқли нуқталар, тезкорлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни кўрган эдингиз ва бугунги кунда улар қанчалик ҳал этилган?..
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Бундан роса 14 йил олдин – 2012 йилнинг июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили ҳамда вилоят бош имом-хатиби сифатида фаолият бошлаганман. Ўшанда вакилликнинг фаолиятини атрофлича таҳлил қилиб, тизимли ёндашувни талаб этадиган қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.
Хусусан, масжидлар фаолиятини ягона тартиб ва талаблар асосида ташкил этиш, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ижро интизоми ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада самарали йўлга қўйиш кабиларга алоҳида эътибор қаратдик.
Бугунга келиб вакилликда 22 нафар малакали, ўз ишининг мутахассиси бўлган ходим ишламоқда. Шунингдек, масжидлар билан ишлаш, ҳаж-умра, ахборот медиа, аёл-қизлар, ҳуқуқшунослик, молия-хўжалик каби бўлимлар фаолият юритади. Вакиллигимиз замонавий моддий-техник базага эга бўлиб, рақамли технологиялар ва илғор иш услубларидан самарали фойдаланиб келмоқда.
Масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш, шунингдек, вакиллик тизимида мазкур йўналишлар бўйича ишларни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида тегишли бўлимларни ташкил этиш зарурати ҳам бор эди.
Ўтган йиллар давомида мазкур йўналишлар бўйича аниқ режалар асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада вилоят вакиллиги ҳамда масжидлар фаолияти янада такомиллаштирилди. Вакиллик тузилмасида тегишли штат бирликлари жорий этилиб, соҳанинг устувор йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ишга қабул қилинди. Бу эса фаолиятни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ҳамда жойлардаги ишларни сифатли йўлга қўйиш имконини берди.
Имом-хатиблар учун мунтазам малака ошириш ва ўқув-семинарлар йўлга қўйилди, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами сезиларли даражада кенгайди. Йилига «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини кенг тарғиб этиш, экстремизм, терроризм, миссионерлик ва ёт ғояларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш, эрта турмуш ва ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, меҳнат мигрантлари ва ҳарбий хизматчилар билан манзилли ишлаш, соғлом турмуш тарзи, оила мустаҳкамлиги, маънавий қадриятлар, ижтимоий тармоқлардаги виртуал таҳдидлардан ҳимоя, атроф-муҳитни асраш ҳамда маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган 35 мингдан ортиқ кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилади.
Ўша даврда имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурати бор эди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳамда муфтий ҳазратларининг ташаббуслари ва бевосита бошчиликлари билан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари ойлик иш ҳақи билан таъминланди. Бу эса уларнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан адо этиши учун муҳим омил бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган имкониятлар натижасида вилоятимизда ҳаж зиёрати учун ажратиладиган квоталар йилдан-йилга ошиб, фуқароларнинг муқаддас зиёрат амалини адо этиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда вилоятдан бор-йўғи 150 нафар фуқаро ҳаж зиёратини амалга оширган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич йилига 800 нафардан ошди. Бу эса соҳада амалга оширилган ташкилий ишлар ва зиёратчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати анчайин ошганини кўрсатади.
– Вилоятдаги 180 дан ортиқ жоме масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни асл қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирлаш ишларида вакиллик маҳаллий аҳоли ва ҳомийлар билан алоқаларни қандай мувофиқлаштирмоқда?
– Вилоятдаги жоме масжидлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ободлиги ва фаолияти учун муносиб шароит яратиш масаласи доимо эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. Бу борада ишлар тизимли, шаффоф ва жамоатчилик билан ҳамкорлик асосида ташкил этилган. Айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни таъмирлашда уларнинг асл қиёфаси, миллий меъморий услуби ва тарихий қимматини сақлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Бундай объектларда ҳар қандай иш тегишли мутахассислар тавсиялари ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
Масжидларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий аҳоли, саховатпеша ҳомийлар ва жамоатчиликнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Вакиллик томонидан ушбу жараёнлар мувофиқлаштирилиб, ҳомийлик ташаббусларининг мақсадли ва самарали йўналтирилиши таъминланмоқда.
Фаолиятимни бошлаган пайтимда вилоятимизда 182 та жоме масжид фаолият юритар эди. Ҳозир уларнинг сони 187 тага етди. Ўтган 14 йил давомида 58 та масжид замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди, 100 дан ортиқ масжидда эса кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мисол учун, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 та – Чироқчи туманидаги "Абу Бакр Сиддиқ" ҳамда Китоб туманидаги "Шайх Собир" масжидлари қайта қурилиб, муборак Рамазон ойида масжиднинг янги биноси намозхонларга топширилди.
Шунингдек, намозхонлар учун муносиб ва қулай шароитлар яратиш мақсадида 70 дан ортиқ таҳоратхоналар тўлиқ қайта қурилиб, замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.
– Кейинги йилларда вакиллик томонидан имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг нафақат диний, балки дунёвий, сиёсий-ижтимоий билимларини замон талабларига мослаштириш бўйича қандай тизимли дастурлар ва ўқув семинарлари ташкил этилди?
– Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг замон талабларига мос билим ва кўникмаларини шакллантириш Қашқадарё вакиллиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилаётган малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ва қайта тайёрлаш машғулотларида имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар вилоятдаги 187 нафар имом-хатиб ҳамда 91 нафар имом ноиблар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида малака ва кўникмаларини оширишди.
Айниқса, имом-хатибларнинг олий диний маълумотга эга бўлишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2012 йилда вилоятдаги имом-хатибларнинг атиги 16 нафари олий маълумотга эга бўлган бўлса, сўнгги 14 йил давомида бу кўрсаткич кескин ошиб, бугунги кунда имом-хатибларнинг олий маълумотлилари 90 нафардан ошди. Ҳозир ҳам олий маълумотга эга бўлмаган 20 нафар имом-хатиб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул тизими асосида таҳсил олиб, ўз билим ва салоҳиятини оширмоқда. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, яқин истиқболда 100 фоиз олий диний маълумотли мутахассислар сифатида шакллантириш мақсад қилинган. Зеро, бугунги кунда имом-хатиблар нафақат диний илм соҳиби, балки кенг дунёқарашга эга, жамият билан самарали мулоқот қила оладиган, замонавий жараёнларни тўғри англайдиган маънавий-маърифий етакчи бўлиши замон талабидир.
– Вилоятдаги Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
– Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти аҳоли орасида диний билимларни фақат белгиланган тартиб ва малакали мутахассислар орқали олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида норасмий диний таълим масканлари фаолиятининг олдини олиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маърифий муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят вакиллиги ҳамда Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошида фаолият юритаётган Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари орқали ҳар йили жами 1560 нафар тингловчи Қуръон тиловати ва тажвид қоидалари бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли диний саводхонлигини ошириш, ёш авлодни илмий-маърифий руҳда тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Аёл-қизлар орасида диний-маърифий ишларни юритадиган отинойилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг диний тушунчаларини ўстириш, хотин-қизлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш борасида вакиллик қандай натижаларни кўрсата олди?
– Аёл-қизлар ўртасида диний-маърифий фаолият олиб бораётган отинойиларнинг ишини ягона тизим асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Илгари бу йўналишда муайян тажриба мавжуд бўлган бўлса-да, фаолиятни мувофиқлаштириш, илмий салоҳиятни мунтазам ошириш ва назорат қилиш механизмларини янада такомиллаштириш зарурати бор эди.
Шу мақсадда ҳар бир отинойининг билим даражаси, фаолият йўналиши ва масъулият доираси қайта кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда воҳада фаолият юритаётган жами 284 нафар отинойининг малакасини ошириш мақсадида тизимли ўқув-семинарлар, суҳбатлар ва давра йиғинлари йўлга қўйилди. Таҗрибали уламолар ва мутахассислар иштирокида ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, миллий қадриятлар, оила мустаҳкамлиги ҳамда замонавий ахборот маконида учраётган мафкуравий таҳдидларга қарши маърифий машғулотлар ташкил этилди. Улар фаолияти мониторинг қилиниб, аҳоли билан ишлаш самарадорлиги доимий таҳлил қилиб борилмоқда.
Бугунги кунда бу ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Отинойилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маънавий-маърифий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, эрта никоҳ ва ажримларнинг ҳамда ёт ғоялар ва турли бузғунчи қарашлар улар муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Дарвоқе, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ёки жиноятчилик каби оғир ижтимоий муаммолар энг кўп кузатиладиган маҳаллалар билан ишлашда имомларнинг масъулияти ва ҳисобдорлиги қандай бўлмоқда?
– Вакиллик томонидан имом-хатибларнинг маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш масъулияти янада кучайтирилган. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ой туманларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, жойлардаги мавжуд ҳолатлар, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиб борилмоқда. Мазкур йиғилишларда имом-хатибларнинг масъулияти, маҳаллалар билан ҳамкорлиги ва амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинади. Хусусан, ўтган йил якуни бўйича вилоят миқёсида имом-хатиблар томонидан маҳаллаларда мингдан ортиқ оила билан манзилли ишлар олиб борилди. Улар билан ўтказилган суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида бир қатор оилавий низоларнинг олди олиниб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга эришилди.
Муҳими, имом-хатиблар иши фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки инсонлар тақдирига ижобий таъсир кўрсата олган амалий натижалари билан баҳоланмоқда. Шунинг учун имомларимиз маҳаллада халқ билан яқин мулоқот қиладиган, оила, жамият барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган маънавий-маърифий раҳнамо сифатида ўз масъулиятини чуқур англаб, фаолият олиб бормоқда.
– Ижтимоий тармоқларда даъват ишларини олиб бориш, nasafziyo.uz сайти ва ижтимоий саҳифаларни юритишда вакиллик қошида махсус медиа гуруҳ ёки замонавий кадрлар жамоаси шакллантирилганми?
– Бугунги ахборот асрида интернет маконидаги диний-маърифий фаолият муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, вакиллик томонидан замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада вакилликда замонавий талабларга жавоб берадиган медиа хонаси ташкил этилиб, зарур замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, диний-маърифий контентларни тайёрлаш, таҳрир қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўналишида фаолият олиб борувчи малакали кадрлар жалб қилинган.
Мазкур тизим орқали ўн бир йилдан буён фаолият юритиб келаётган nasafziyo.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар мунтазам юритилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда ташкил этилган Telegram канали бугунги кунда кенг аудиторияга эга бўлиб, аҳолига тезкор ва ишончли диний-маърифий ахборотларни етказишда муҳим ахборот майдонига айланган.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятимиздаги ҳар бир масжиднинг Telegram, YouTube, Facebook ва Instagram саҳифалари ҳамда гуруҳлари фаолият юритиб, уларнинг умумий аъзолари сони 310 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Жумладан, биргина nasafziyo телеграм каналининг 120 мингдан ортиқ аъзоси бор. Шунингдек, Улар орқали аҳолига долзарб маънавий-маърифий материаллар, диний-маърифий тавсиялар, масжид фаолиятига оид янгиликлар ҳамда эълонлар мунтазам етказиб борилмоқда.
Албатта, рақамли макон доимий равишда янгиланиб бораётгани сабабли бу йўналишдаги ишлар ҳам узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Асосий мақсад — замонавий медиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқимизга, айниқса, ёш авлодга сифатли, ишончли ва таъсирчан диний-маърифий ахборотларни етказиб беришда давомли изланишдамиз.
– Вакилликнинг «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан биргаликда кам таъминланган оилалар, етимлар ва ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш борасидаги фаолияти сўнгги йилларда қанчалик шаффофлашди ва хайрия тадбирлари кўлами воҳа миқёсида қанчалик кенгайди?
– «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан ҳамкорликда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва хайрли ташаббусларни амалга ошириш фаолиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ёрдамга муҳтож оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга зарур кўмаклар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Жумладан, Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағлар белгиланган тартиб асосида эҳтиёжманд оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етказиб берилди. Бу хайрли ишлар халқимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ташаббус манзиллилик, очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилиб, воҳамизда хайрия ишларининг кўлами ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яқинда кўмакка муҳтож бир оилага уй қуриб беригани ҳам сўзимизнинг бир далилидир.
– Бу заминдан етишиб чиққан улуғ зотларнинг бой илмий мероси, қадамжолари тарихини халқаро ва республика миқёсида тарғиб қилиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...
– Бу воҳадан етишиб чиққан Абу Муин ан-Насафий, Абу Бакр ал-Косоний, Абу Ҳафс Насафий, Абу Ҳафс Кеший, Абу Шакур ас-Солимий, Паздавий каби кўплаб алломаларнинг илмий мероси нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами маънавий хазинасининг ажралмас қисмидир.
Вакиллик фаолияти давомида ушбу бой илмий-маърифий меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти, улар билан боғлиқ тарихий масканлар ва қадамжоларни ўрганиш, уларнинг маънавий аҳамиятини ёритиш борасида илмий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва тарғибот ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Аллоҳ таоло дин равнақи, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча юртдошларимизни икки дунёда мукофотласин!
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.