Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Рамазон - Қуръон ойи: Мулк сураси фазилатлари

26.04.2021   5381   1 min.
Рамазон - Қуръон ойи: Мулк сураси фазилатлари

Таборак (Мулк) сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда имонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин Таборак сураси ўқилади.

Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

13.08.2026   16929   2 min.
“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

 Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.

“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.

 Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.

 “Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.

“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари